Пленумда фаолиятга танқидий ёндашилди

23 Февраль, 18:50 • Пленум, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 111 марта кўрилди • Комментариев к записи Пленумда фаолиятга танқидий ёндашилди нет

Бугун Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти Кенгашининг 2017 йилги фаолияти сарҳисоб қилиниб, 2018 йилги режалар, хусусан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид  Давлат дастури ижросини таъминлашда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгашининг олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.

Унда партия Сиёсий Кенгаши, Халқ депутатлари Тошкент вилояти, шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари, маҳаллий Кенгаш раислари, ижрочи котиблар, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” вилоят Кенгашлари раислари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Умид Шоумаров йиғилганларни Пленум кун тартибидаги масалалар билан таништирди.

Биринчи масала юзасидан сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши раиси Умид Шоумаров мамлакатимизни ҳар томонлама жадал ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонини имзоланиши  ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” дея эълон қилиниши ҳам биз учун катта аҳамиятга эгадир, дея таъкидлади. Жорий йилнинг номланишини ўзи ҳам партиямизнинг давлат ҳаётидаги ролини кучайтиришга доир бир қатор вазифалар ҳам белгилаб беради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган мазкур йилда партиямиз сайловолди дастурида илгари сурилган масалаларнинг аксарияти ўз аксини топганлиги бизнинг сайловчилар олдида берган ваъдаларимизни рўёбга чиқаришга имконият яратмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида ҳам партиямиз томонидан билдирилган таклифларнинг аксарияти ўрин олганлиги бизни қувонтириши билан бирга улкан масъулиятлар юклайди.

Йиғилишда партиянинг барча даражадаги тузилмалари ва депутатлик корпусининг 2017 йилда амалга оширган ишлари, эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган камчиликлар танқидий-таҳлилий нуқтаи-назардан кўриб чиқилди. Партиянинг 2017 йилдаги фаолияти 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган партиявий лойиҳалар доирасида амалга оширилди. 2017 йилда партия томонидан ўтказилган тадбирлар 700 тадан ортиқни ташкил қилгани ҳолда, уларда 30 мингга яқин фуқароларимиз иштироки қайд этилган. Шунга қарамай жойларда ўтказилган тадбирларнинг барчаси ҳам юксак савияда ташкиллаштирилмаган. Хусусан, Бўка, Пискент, Чиноз ва Юқоричирчиқ, Янгийўл, Бекобод туманлари Кенгашларининг бу борадаги фаолияти қониқарли эмас, дея баҳоланди.

Абдукамол Рахмонов, партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Бугунги Пленум танқидий-таҳлилий руҳда ўтганлиги билан аҳамиятли деб, ўйлайман. Кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Албатта, вилоят Кенгашида жорий йилдаги фаолиятида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этган ҳолда, иш жараёни ташкил этилса, бундан-да яхши натижаларга эришиши шубҳасиздир. Айниқса, лойиҳалар доирасидаги амалий ишларда депутатлик сўровини чиқаришга, сессияга масалалар киритишга фаоллик билан ёндашишга катта эътибор қаратиш лозим.

Таъкидланишича, 2017 йилда партия фаолиятини ташкилий жиҳатдан такомиллаштириш, маҳаллий ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, партия аъзолари сонини кўпайтириш, кадрлар малакаси ва салоҳиятини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бунинг натижасида, 2018 йил 1 январь ҳолатига партия аъзолари сони 21676  нафарга, БПТлар сони 531 тага етди. Бу кўрсаткич 2017 йил 1 январ ҳолатига солиштирилганда аъзолар сони 5912 нафарга, БПТлар сони 49 тага ўсганини кўрсатади. Хусусан, йил давомида аъзолар сони бўйича энг кам кўрсаткич Оққўрғон ва Бекобод туманларида  кузатилган, яъни атиги 71%га бажарилган. Аъзолар сонини ошириб, партия равнақига ўз ҳиссасини қўшаётган энг яхши кўрсаткичларга эга туманларимиз Зангиота, Паркент ва Ўртачирчиқ туманлари ҳисобланди. Яъни, Ўртачирчиқ тумани 666 нафарга, Паркент тумани 500 нафарга, Зангиота тумани 540 нафарга оширганлиги таъкидланди.

Акром Сайдалиев, Бўстонлиқ тумани Кенгаши раиси:

— Ўтган йил давомида партиявий ишларни амалга оширишда энг аввало, туманда аъзолар сафини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдим. Бунда фуқаролар билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, партиянинг мақсад-вазифаларини аҳоли орасида кенг тарғиб қилишга ҳаракат қилдим. Албатта, кейинги фаолият даврида ҳам сидқидилдан ишлаб, туманда партиямиз нуфузини янада ошириш бош мақсадимиздир.

2017 йил мобайнида халқ депутатлари Тошкент вилояти ва туман, шаҳар Кенгаши сессияларида кўриб чиқиш учун Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан жами 3 та масала киритилиб, сессияларда мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди. Халқ депутатлари вилоят ва туман, шаҳар Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан 2 маротаба доимий комиссия йиғилишларига таклифлар киритилди, турли масалалар юзасидан эса 243 та депутатлик сўровлари юборилди ва уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Зарифа Эралиева, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати:

— Халқ депутатлари Тошкент вилояти ва маҳаллий Кенгаши депутатлари томонидан ўтган йил давомида самарали ишлар қилишга эришилди. Албатта, бу жараёнда депутатларимиз фидокорона ёндашиб, ҳаракат қилиши талаб этилади. Жорий йилда ҳам вилоят депутатлик корпусининг олдида улкан мақсад ва вазифалар турипти. Бу йўлда масъулият билан юқори кўрсаткичларга чиқишга куч ва ғайратимиз етади, деб ўйлайман.

Албатта, бу кўрсаткичлар партия дастурий мақсад-вазифаларини тўла рўёбга чиқариш учун етарли эмаслиги, бунинг учун депутатлар ўз ваколатидан самарали фойдаланишлари, ташаббускорликни янада оширишлари талаб этилиши таъкидланди. Шунингдек, Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят Кенгашининг жорий “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга ошириши лозим бўлган устувор вазифалари ҳамда партия фаолиятига доир бошқа масалалар кўриб чиқилди. Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан партия вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Пленум якунида 2017 йил давомида партия вилоят Кенгаши томонидан юқори натижаларга эришган маҳаллий Кенгаш раислари, депутатлик гуруҳлари ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Пленумда фаолиятга танқидий ёндашилди was last modified: Февраль 23rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »