ПРЕСС РЕЛИЗ

27 Февраль, 11:32 • Пресс-релизлар • 121 марта кўрилди • Комментариев к записи ПРЕСС РЕЛИЗ нет

Жорий йилнинг 26 февраль куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан “Ҳаракатлар стратегияси – ёшлар нигоҳида” мавзусида онлайн сиёсий ўқув-семинари ўтказилди. Халқ таълими вазирлиги қошидаги Мулътимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида бўлиб ўтган семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ички ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимларининг маърузаларини жойлардаги видеоконференция залларидан “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари, талабалар, уюшмаган ёшлар вакиллари кузатиб боришди.

Семинарда асосий эътибор 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш, глобал ҳамда миллий ахборот ресурслари орқали экстремизм, терроризм ва бошқа бузғунчи ғояларнинг мамлакатимиз ҳудудида тарғиб қилинишининг олдини олишга доир вазифалар ижросига қаратилди.

Қайд этилганидек, ҳозирги кунда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ҳамжиҳатликни сақлаш, баркамол ёшларни тарбиялаш муҳим вазифа ҳисобланади. Шу боис ёшларни турли хил ёт оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш, улар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасидаги ишларни жадаллаштиришга муҳим эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, 2018 йилга мўлжалланган Давлат дастурининг алоҳида бўлимида экстремизм таҳдидларининг олдини олиш, унга қарши курашиш ва бартараф этишга қаратилган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган бўлиб, ушбу ҳужжатда экстремизм тушунчаси, экстремизмнинг олдини олиш унга қарши курашиш механизмлари, тамойиллари, усуллари, масъул органларнинг ваколатлари ва халқаро ҳамкорликни амалга ошириш механизмлари мустаҳкамлаб қўйилади.

Сўнгги йилларда ақидапараст, экстремистик оқимлар ўз ғояларини ёшлар орасида кенгроқ тарқатиш мақсадида меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, вайронкор мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғиб қилиш каби усулларни қўлламоқда.

Айни шунга қарши курашиш мақсадида Давлат дастурида ахборот ресурслари ва Интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган экстремизм ва терроризм ғояларининг мамлакатимиз ҳудудида тарғиб қилинишининг олдини олиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар кўзда тутилган. Унга мувофиқ ишлаб чиқиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасида глобал ва миллий ахборот ресурслари орқали экстремизм, терроризм ва бошқа бузғунчи ғояларнинг мамлакатимиз ҳудудида тарғиб қилинишининг барвақт олдини олиш мақсадида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда алоҳида бўлинмалар ташкил этиш, ушбу бўлинмаларнинг ОАВ, Интернет ва ижтимоий тармоқларда экстремизм ва терроризм ғоялари тарғиб қилиниши ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги асосий вазифалари ва функциялари белгилаб берилади.

Бундан ташқари, жорий йилда терроризм ва диний экстремизмга алоқадор фуқароларни, айниқса, ёшларни соғлом ҳаётга қайтариш, аҳоли ўртасида зарарли диний ғоялар таъсирига тушиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича ишларни жадаллаштириш, мазкур ишларда маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа идоралар томонидан кафилликка олиш институтининг ташкилий-ҳуқуқий асослари ва амалиётда қўллаш механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу тоифадаги шахсларнинг бандлиги, таълим олиши, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш назарда тутилган.

Тадбирда маърузачилар томонидан айтиб ўтилганидек, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш учун барча фуқароларда, айниқса, ёшларда ғоявий, мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш даркор. Бундай ёд оқимларнинг таъсирига тушиб қолмаслик учун, аввало, миллий тафаккур ва соғлом дунёқарашни шакллантириш лозим.

Онлайн ўқув-семинарида иштирокчилар томонидан аҳолининг барча қатлами, айниқса ёшлар ён атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўз мустақил муносабатини билдира олиши, уларни теран нигоҳ билан кузатиши, ҳамиша огоҳ бўлиши ва энг асосийси хавфсизлигимизга раҳна соладиган зарарли иллатларга қарши муросасиз курашиши зарурлиги, бу борада “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросида нафақат тегишли давлат органлари балки, ҳар бир фуқаро масъул эканлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Видеоконференцалоқа тарзидаги жонли мулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга депутатлар ва мутахассислардан батафсил жавоб олдилар.

ПРЕСС РЕЛИЗ was last modified: Февраль 27th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »