Сарҳисоб, хулоса ва режалар: натижа фаолликка боғлиқ

8 Февраль, 16:30 • Муҳим хабарлар, Пленум, Янгиликлар • 142 марта кўрилди • Комментариев к записи Сарҳисоб, хулоса ва режалар: натижа фаолликка боғлиқ нет

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ҳудудий партия кенгашлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, партия экспертлари, фаоллар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда партиянинг барча даражадаги тузилмалари ва депутатлик корпусининг 2017 йилда амалга оширган ишлари, эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган камчиликлар танқидий-таҳлилий нуқтаи-назардан кўриб чиқилиб, 2018 йилдаги фаолиятнинг асосий йўналишлари ҳамда партия фаолиятига доир бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Пленумда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг 2017 йилдаги фаолияти ва 2018 йилдаги устувор вазифалари юзасидан партия Сиёсий Кенгаши раиси ва фракция раҳбари Наримон Умаров ахборот берди.

Эътироф этилганидек, 2017 йилда партия Сайловолди дастури ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифлардан келиб чиқиб, электорат ва аҳолининг кенг қатлами билан мулоқот қилишнинг самарали механизмлари амалиётга жорий қилинди.

Айниқса, Президент Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги парламент ва сиёсий партиялар билан учрашувидаги маърузасида белгилаб берилган устувор йўналишлар партия фаолиятига замонавий ёндашув ва янги мазмун олиб кирди. Яъни, партия ўз фаолияти ва дастурий вазифаларини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиб, ижрога йўналтирди.

Ҳисобот даврида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларига эътибор қаратиш ҳамда ёш олимлар билан учрашиш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва ечиш бўйича партия томонидан амалий чоралар кўрилди. Жумладан, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликлари, Фанлар Академияси, Фан ва технологиялар агентлиги билан ўзаро ҳамкорлик Меморандумлар қабул қилиниб, улар доирасида амалий ишлар олиб борилди.

2017 йилда партиянинг амалий ҳаракатлар Дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган партиявий лойиҳалар доирасидаги амалий ишларга асосий эътибор қаратилди. Бунинг натижасида партиянинг аҳоли орасига кириб бориши, халқ билан бевосита мулоқот ўрнатиши таъминланди ва тарғибот-ташвиқот тадбирларида қарийб уч миллион иштирокчи қамраб олинди. Бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 6,5 мартага ошди.

Хусусан, халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш мақсадида “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида партиянинг барча туман, шаҳар Кенгашларида партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари мунтазам равишда маҳаллаларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўрнатилди.

Республика бўйича 5 минг 972 та маҳалладаги 116 минг 898 та хонадон ва 5 минг 673 та хўжалик юритувчи субъектга ташриф буюрилди. Учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан билдирилган 15 минг 737 та мурожаат асосида мутасадди ташкилотларга 3 минг 676 та депутатлик сўровлари юборилиб, 2140 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 12 минг 916 та мурожаатлар жойида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ҳал этилди.

“Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, тиббий хизматнинг аҳволи, дори-дармонлар билан таъминланганлиги, манту синамасининг ўтказилиши ва тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари республика бўйича мавжуд боғчалардан 851 тасида ҳамда умумтаълим мактабларидан 1647 тасида танлов асосида жамоатчилик назорати тартибида ўрганилди. Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2 та вилоят, 40 та туман ва шаҳар Кенгашлари сессиялари муҳокамасига масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

“Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари юзасидан республикадаги давлат, нодавлат ва идоравий архивларда жамоатчилик назорати тартибида ўрганилди. Лойиҳа доирасида республика миқёсида жами 528 та депутатлик сўрови чиқарилди, 5 та вилоят Кенгаши сессиясига, 37 та туман (шаҳар) Кенгаши сессияларига ва 38 та доимий комиссиялар муҳокамасига масалалар киритилди.

Партиянинг дастурий вазифаларини амалга ошириш мақсадида 2017 йил мобайнида партия ташаббуси билан 2017 йилда ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилган ишлар 2016 йилга нисбатан 2 баробар ошди.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирилиги билан ҳамкорликда марказда ва ҳудудларда соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги ва “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисидаги”қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган тадбирлар ташкил этилди.

Шунингдек, Фан ва технологиялар агентлиги билан ҳамкорликда марказдаги ва ҳудудлардаги 20 га яқин олий ўқув юртларида “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатлари бўлиб ўтди. Уларда партия экспертлари томонидан берилган таклифлар асосида илмий ва инновацион фаолиятни алоҳида қонунлар билан тартибга солиш илгари сурилиб, натижада “Инновацион фаолият тўғрисида” ва “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди 2018 йил Давлат дастурига киритилишига эришилди.

Қолаверса, Фанлар академияси ва республикамиздаги 20 дан ортиқ олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёш олимлари билан учрашувлар ташкил қилинди. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ёш олимларга амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг инновацион ғояларини амалиётга жорий этишда учраётган муаммо ва тўсиқларни аниқлаш, соҳага доир қонунчиликдаги бўшлиқларни ўрганиш бўйича 100 дан ортиқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Ҳисобот даврида партия тизимидаги “Адолат” қабулхоналарига фуқаролар ва юридик шахслардан жами 1 минг 719 та мурожаат келган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 1 минг 189 таси партия депутатлик гуруҳлари ва партия фаоллари томонидан тегишли ижро органларига сўровлар чиқариш орқали ҳал этилган бўлса, 314 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Мурожаатларнинг 216 таси ҳозирда ижро жараёнида бўлиб, улар устидан депутатлик назорати ўрнатилган.

Шунингдек, 2017 йилда партиянинг ёшлар билан ишлашга доир фаолияти алоҳида йўналиш сифатида танқидий таҳлил қилиниб, белгиланган вазифалар доирасида ёшлар билан ишлаш тубдан ўзгартирилди.

Шу асосда ҳудудлардаги ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари, ички ишлар органлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳудудий Кенгашлари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлари тузилиб, улар иштирокида ёшлар билан иш олиб борилди. Хусусан, партиянинг Жиззах, Самарқанд, Навоий вилоят Кенгашлари томонидан маҳаллалар кесимида ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган, турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетган ёшларнинг базаси шакллантирилди. Бундай ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан доимий учрашувлар ўтказилди.

Натижада Жиззах вилоятида 1396 нафар уюшмаган ёшлар иш билан таъминланди, 1537 нафар чет элдаги ёшлар Ўзбекистонга қайтарилди, 8205 нафар ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Самарқанд вилоятида 2159 нафар уюшмаган ёшлар иш билан таъминланди, 346 нафар чет элдаги ёшлар ўз ўйларига қайтарилди, 73 нафар ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Навоий вилоятида 21 нафар уюшмаган ёшлар иш билан таъминланди, 12 нафар чет элдаги ёшлар ўз ўйларига қайтарилди, 156 нафар ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Навоий вилояти Кенгаши томонидан уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқ депутатлари Навоий шаҳар ва Кармана туман Кенгашлари сессияларига масалалар киритилди ва зарур қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Партия сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва сайловчиларга берилган ваъдаларни бажаришда шубҳасиз, вакиллик органларидаги депутатлик корпуси партиянинг асосий кучи саналади.

Йил давомида депутатлик гуруҳлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларига 15 та, туман, шаҳар Кенгашлари сессияларига эса 107 та масала киритишга эришилди.

Партиянинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари томонидан йил мобайнида аҳолидан, сайловчилардан келиб тушган мурожаатлар асосида 3500 дан ортиқ депутатлик сўровлари чиқарилди. Бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 1,5 баробар ортганини кўрсатади.

Шунга қарамай, 2017 йил давомида партиянинг баъзи вилоят ва туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари сессиялар ва доимий комиссияларга бирорта масала ёки таклиф кирита олмаганлиги Пленумда кескин танқид қилинди. Шу билан бирга, аксарият ҳудудий кенгашларнинг тегишли масалалар юзасидан мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитиш ёки депутатлик сўровлари чиқаришдаги фаолияти ҳам етарли даражада эмаслиги қайд этилди.

Алоҳида таъкидланганидек, 2017 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари 15 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлдилар. Шунингдек, 2 та алоҳида қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди ва қабул қилинди.

Парламентдаги мухолиф сифатидаги фракция ташабусси билан Ҳукумат томонидан тақдим этилган қонун лойиҳасининг муқобил таҳрири сифатида ишлаб чиқилиб, палата муҳокамасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 338-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси қабул қилинишига эришилди.

Назорат-таҳлил фаолияти доирасида партия фракцияси ташаббуси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда Халқ таълими вазирининг “Мамлакатимизни барқарор ривожлантириш ва модернизация қилиш шароитларида кадрлар тайёрлашнинг жорий ҳолатини таҳлил этиш, шу жумладан, 11 йиллик таълимни жорий этиш, касб-ҳунар коллежларида таълимни ислоҳ қилиш, борасидаги долзарб муаммолар тўғрисида”ги қўмита эшитуви ташкил этилди.

Шу билан бирга, ўтган йилда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда соҳанинг қуйи қисми бўлган ҚВПлар, оилавий поликлиникалардаги ўзгариш ва янгиликлар партия депутатлик корпуси томонидан назоратга олинди. Хусусан, жойлардаги тиббиёт муассасаларининг фаолиятини самарали ташкил этишда тўсиқ бўлаётган муаммолар, шу жумладан, тор соҳа шифокорларнинг ва дори дармонларни етишмаслиги, моддий-техника базасининг талаб даражасида эмаслиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни ички имкониятлардан келиб чиқиб ҳал этишда ҳамда тиббиёт муассасаларининг биноларини таъмирлаш ишларини ташкил этишда амалий кўмак берилди.

Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури асосида фракция томонидан 2018 йилга мўлжалланган алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва устувор вазифалар белгилаб олинди.

Бунда аввало соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, хусусан, партия ташаббуси билан кўп йиллик тажриба ва изланишлар асосида ишлаб чиқилган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Фан тўғрисида”га қонун лойиҳаларини янги ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда тезроқ такомилига етказиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш белгиланган.

Бундан ташқари, жорий йилда партия фракцияси ташаббуси билан адвокатларнинг консалтинг хизмати кўрсатиш борасидаги фаолиятини кенгайтиришга қаратилган “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Пленумда партиянинг барча даражадаги бўғинлари ва депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда 2018 йилда партиянинг бир қатор лойиҳалари доирасида болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳолатини, умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълимнинг ташкил этилиши ҳолати ва ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиши ва дарсликларнинг сифати, педагог кадрлар билан таъминланиш даражасини, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизимидаги муаммолар ҳамда дорихоналар фаолиятини ҳамда олий таълим муассасаларида илмий изланишлар олиб бораётган ёш олимлар фаолиятидаги муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш каби масалалар партия эътибори марказида бўлиши қайд этилди.

Пленумда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижросида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг иштироки масаласи ҳам атрофлича муҳокама этилиб, ушбу мақсадда партиянинг барча тузилмалари, депутатлик гуруҳлари ва фаолларининг куч ва имкониятларини сафарбар қилишга доир таклифлар илгари сурилди.

Пленум якунида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг 2018 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди. Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан партия Сиёсий Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Сарҳисоб, хулоса ва режалар: натижа фаолликка боғлиқ was last modified: Февраль 8th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »