Сессия: муаммоларни бартараф этиш вақти келди

24 Февраль, 13:59 • Депутатлик гуруҳи, Сессия, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 118 марта кўрилди • Комментариев к записи Сессия: муаммоларни бартараф этиш вақти келди нет

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир ўтказилган ўрганиш натижалари халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Узун тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида кун тартибига қўйилди.

Бўлиб ўтган сессияда асосан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари таркибидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан Узун туманида амалга оширилган ишларнинг ҳолати, ўрганилиши ва таҳлил этилиши юзасидан масалалар кўриб чиқилди. Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Ўрганиш даврида депутатлар ва сенаторлар Узун туманидаги аҳоли, шу жумладан ёшлар, тадбиркорлар, фермерлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ҳамда фаоллари билан бевосита учрашувлар ўтказдилар. Улар томонидан жойлардаги 426 та хонадонга ташриф буюрилиб, ҳар бир хонадон вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб борилди. Ўтказилган учрашув ва мулоқотларда 1 минг 307 нафарга яқин фуқаро, шу жумладан,  52 та ижтимоий соҳа объекти кўздан кечирилди. 32 та маҳалла фуқаролар йиғинининг фаолияти ўрганилди.

Депутатларнинг фуқаролар билан бўлган мулоқоти давомида 11 та йўналишда 345 та масала кўтарилди. Мазкур масалаларнинг аксарияти яъни 45 таси жойида ҳал этилиб, айримлари юзасидан тушунтиришлар берилди.

Сессияда мактабгача таълим тизими, тумандаги умумтаълим мактаблари, туман электр тармоқларидаги муаммолар, аҳолини суюлтирилган газ баллон билан таъминлашдаги, туман аҳолисини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш, туманда жиноятчиликни олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш юзасидан муаммолар ўртага ташланди.

Кўтарилган масалаларнинг 31 таси уй жой ва коммунал соҳага, 28 таси бандлик масалаларига, 51 таси таълим, 35 таси пенсия ва нафақа таъминотига, 9 таси соғлиқни сақлаш, 6 таси банк кредити, 19 таси тадбиркорлик фаолиятига, 97 таси транспорт ва йўл қурилиши, 49 таси маданият ва спорт, 22 таси экология ва атроф муҳит масалаларига тегишлидир.

Сессияда айни пайтда, ўрганиш жараёнида туманда эришилган ютуқлар билан бир қаторда хали-ҳануз ўз ечимини кутаётган масалалар, фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлиги айтиб ўтилди.

Туманда ҳозирги кунда фаолият юритаётган 20 та МТМнинг умумий қуввати 2215 ўринли бўлиб, уларда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 2255 нафар болалар тарбияланмоқда. Туманда жами 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар 14137 нафарни ташкил этади, шундан 16 фоизигина мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган.

Сессияда тумандаги аксарият МТМларнинг бинолари ва моддий-техника базаси талабга жавоб бермаслиги таъкидланди. Тумандаги мактабгача таълим ёшидаги болаларни тўлиқ қамраб олиш учун умумий сиғими 3.400 нафар болага мўлжалланган қўшимча 39 та янги МТМга эҳтиёж мавжудлиги  айтилди.

Ўтказилган сессия давомида депутатларимиз томонидан тумандаги таълим муассасаларининг аҳволи ва туманда таълим олиш ҳуқуқининг таъминланиш даражасига доир масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Тумандаги умумтаълим мактабларида спорт анжомларига эҳтиёж мавжудлиги, халқ таълими бўлимида таълим муассасаларини спорт анжомлари билан таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган режалари мавжуд эмаслиги, шунингдек, мавжуд спорт анжомларини сақлаш масалаларига мактабларда эътибор қаратилмаганлиги ҳамда бугунги кунда тумандаги умумтаълим мактабларида жами 300 нафар турли хил фан ўқитувчисига эҳтиёж мавжудлиги сессия кун тартибига қўйилди.

Сессияда ўрганишлар жараёнида туманда бугунги кунда электр тармоқларини реконструкция қилишга, 30 дона трансформатор пунктларини янгидан қуришга, 3 та ним станцияларидаги трансформаторни хос равишда юқори кучланишли трансформаторларга алмаштиришга эҳтиёж борлиги аниқланганлиги ҳамда мазкур муаммо юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиши қайд этилди.

Шунингдек, тақдим қилинган маълумотлар таҳлил қилинганда аҳолини тизимли равишда суюлтирилган газ билан тўлиқ таъминлашга эришиш учун яна 5050 дона баллонга эҳтиёж борлиги, шунинг билан бирга газ баллонлари ва хизмат кўрсатиладиган хонадонлар ортиши ҳисобига бир дона ИСУЗУ русумидаги ва бир дона тоғлик ҳудудда юришга мўлжалланган юқори қувватли юк автомашинасига эҳтиёж мавжудлиги аниқланди ва ҳамда ўйлантираётган муаммолар хусусида фикрлар эшитилди, туман маҳаллаларидан чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича
маҳаллалар тўлиқ қамраб олинмаганлиги, барча маҳаллалар билан белгиланган тартибда шартномалар тузилмаганлиги хусусида ҳам фикрлар билдирилди.

Сессия кун тартибида туман ахолисининг 22 фоизи марказлашган ичимлик суви узатиш тармоғи орқали сув билан таъминланган ҳолда тармоқнинг 14 фоизи бугунги кунда ишламаслиги, 47 фоизи артезиан қудуқлардан тарқаган локал тармоқ орқали тарқатиладиган сув билан, 16 фоиз аҳоли қўл насосларида ер юзасига яқин чуқурликдаги сувни ва 9 фоиз аҳоли транспорт воситалари билан ташиб ва 6 фоизи ариқ ва дарёлардан ичаётганлиги юзасидан муаммолар ўртага ташланди.

Туманда ичимлик суви билан таъминлаш учун 112 км узунликда сув қувурлари ва 129 та ичимлик суви иншоотлари мавжуд. Шундан 26 таси ҳозирда носоз. Тумандаги “Арғамчи”, “Бештом”, “Томчи”, “Қуруқсой”, “Халқобод” ва “Қарғали” қишлоқлари ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун сув ташийдиган транспорт етишмайди.

Бундан ташқари маҳаллалар аҳолисини етарли даражада ичимлик суви билан таъминлаш учун 12 дона сув қудуқлари ва 30 км узунликда сув қувурлари ётқизилиши керак. Сув қувурларини таъмирлаш ва ер ковлаш ишларини бажариш учун  техника ва жиҳозлар етишмайди.

Сессияда, шунингдек, автомобил йўлларининг таъмирланиш жараёни қониқарли эмаслиги таъкидланди. Туман ҳудудидаги жами 683,4 километр узунликдаги автомобил йўлларидан 2017 йил давомида 16,5 километр таъмирланган, 2018 йилда 25,8 километр автомобил йўлларини таъмирлаш режалаштирилган. Лекин тумандаги автомобил йўлларининг аксарият қисми жорий ва мукаммал таъмирга муҳтожлиги аниқланди.

Сессияда туманда жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилгани, аммо туманда жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида бошланган ишлар ҳанузгача кутилган натижаларни бермаётганлигига тўхталиб ўтилди. Туманда фуқаролар томонидан ўз жонига қасд қилиш ҳолати кескин даражада ошиб кетаётганлиги жиддий муаммо эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, Халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятида ҳам айрим камчиликлар мавжудлиги, жумладан сиёсий партия гуруҳлари, доимий комиссиялар томонидан сессия кун тартибига киритилаётган масалалар талаб даражасида эмаслиги қайд этилди. Хусусан, сиёсий партия гуруҳлари томонидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига таклифлар киритилмаганлиги, туман Кенгаши сессияларига масалалар дастлабки тарзда тегишли доимий комиссиялар томонидан кўриб чиқиб, сессия муҳокамасига олиб кириш тартибига аксарият ҳолларда риоя этилмаганлиги айтиб ўтилди.

Парламент аъзолари иштирокида таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган сессияда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Сессия: муаммоларни бартараф этиш вақти келди was last modified: Февраль 26th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »