Сирдарёда “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик – танловининг вилоят ғолиби аниқланди

16 Февраль, 19:13 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Сирдарё вилояти, Янгиликлар • 111 марта кўрилди • Комментариев к записи Сирдарёда “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик – танловининг вилоят ғолиби аниқланди нет

Ўзбекистон “Адолат” социал – демократик партиясининг сайловолди дастурида мамлакатимизда хотин — қизларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш масаласи давлат сиёсати даражасигача кўтарилганлиги алоҳида қайд этилган. Бугунги кунда уларнинг ижтимоий — сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган кўплаб норматив — ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши баробарида уларнинг турмуш тарзи, шароитини яхшилаш, оилавий бизнесни шакллантиришга хотин — қизларни жалб қилиниши фикримизнинг исботидир.

Маълумки, партия мазкур имконият ва ислоҳотларни чекка — чекка қишлоқ аёлларига тарғиб қилишга, шу билан бирга уларнинг ижтимоий — сиёсий маданиятини оширишга ҳисса қўшиши билан бир пайтда партиянинг “Аёллар қаноти” Кенгаши фаоллари ташаббуси билан ўз сафидаги заковатли хотин — қизларнинг очилмаган қирраларини кашф этиш, уларнинг билими ва салоҳиятини кенг жамоатчиликка намоён қилиш, турмуш тарзи ва фаолиятини, илгари сураётган эзгу ғояларини бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш мақсадида партияга аъзо хотин-қизлар ўртасида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” номли кўрик — танлови ўтказилиши анъана тусига кириб улгурди. Бу эса нафақат хотин — қизлар, балки барча партия аъзоларини янада жипслаштиришга, фаоллаштиришга, партия тизимида ташаббускор ва фаол аёллар сонини кўпайтиришга, жойлардаги партия ташкилотлари таркибида бўлган “Аёллар қаноти” Кенгашлари салоҳиятини оширишга, “Аёллар қаноти” аъзоларининг партия ҳаётидаги иштирокини кучайтиришга, уларнинг ташаббускорлигини оширишга, партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга уларни кенг жалб этишга ёрдам бермоқда.

Гулистон шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказининг мажлислар залида мазкур кўрик — танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Вилоятнинг барча туман ҳамда шаҳарлари босқичларида ғолибликни қўлга киритган партиядош хотин — қизлар беллашган ҳудудий босқични Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева кириш сўзи билан очиб, барча туман ва шаҳар ғолибларини кўрик — танловнинг вилоят босқичига етиб келганлиги билан самимий табриклаб, кўрик — танловнинг вилоят босқичини ўтказилиши мақсад ва вазифалари ҳақида алоҳида тўхталиб, тадбирни бошлашга старт берди.

Иштирокчилар кўрик – танловнинг биринчи шарти таништирув қисмида ўзларини белгиланган вақт ичида батафсил таништирдилар. Талабгорларнинг сиёсат, ва ҳуқуқга доир  билимлари синаладиган тадбирнинг “Савол — жавоблар” қисмида иштирокчилар ўзларининг ташаббускорлиги, ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан дунёқараши, сиёсий саводхонлиги, умумбашарий ва ижтимоий қадриятларни яхши ўзлаштирганликларини намойиш этдилар. Сўнгги шарт бўйича номзодларнинг эркин мавзуда бадиий чиқишлари томошабинларга кўтаринки руҳ бағишлади.

Самимий, кўтаринки ва муросасиз ўтган беллашувнинг ҳар бир шарти якуни бўйича ҳакамлар томонидан одилона баҳоланиб борилди. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра Тошкент шаҳрида бўлиб ўтажак Республика босқичига йўлланмани партиянинг Мирзаобод туман Кенгаши аъзоси, Мирзаобод хизмат кўрсатиш касб – ҳунар коллежи ўқитувчиси Наргиза Шерқулова қўлга киритди ва фахрли 1 – даражали диплом билан тақдирланди. Шунингдек, иккинчи ўринга Гулистон шаҳри вакиласи, Гулистон шаҳар ахборот технологиялари касб – ҳунар коллежи ўқитувчиси Азиза Дониёрова, учинчи ўринга Ширин шаҳар партия ташкилоти аъзоси, Сирдарё иссиқлик энергия станцияси муҳандиси Зулфия Тошматова муносиб кўрилди. Шунингдек, Ховос тумани иштирокчиси Хурсаной Муқумова “Йилнинг энг фаол адолатчи ташаббускор аёли”, Сирдарё тумани иштирокчиси Раъно Артикова “Йилнинг энг адолатчи тарғиботчи аёли”, Сайҳунобод тумани иштирокчиси “Йилнинг энг фаол адолатчи иқтидорли аёли”, Гулистон тумани иштирокчиси Дилрабо Имомова “Йилнинг энг фаол адолатчи сиёсатчи аёли” номинацияларига муносиб деб топилди. Кўрик – танловнинг барча иштирокчиларига партиянинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Наргиза Шерқулова — вилоят босқичи ғолибаси:

— Кўрик – танловда мен бутун Мирзаобод тумани шаънини ҳимоя қилаётганлигимни тўла англаган ҳолда астойдил тайёргарлик кўргандим. Тайёргарликларим ўз самарасини берди ва ғолибликни қўлга киритдим ва бундан беҳад ҳурсандман. Бошқа иштирокчилар чиқишини ҳам кузатиб, ҳадиксираб ўтирганимни ҳам яширмайман. Чунки, ҳақиқатдан ҳам ўз ҳудудининг энг иқтидорлилари ташриф буюрган экан. Ҳакамлар ҳайъати ғолибларни эълон қилганидагина бироз енгил тин олдим. Республика босқичида Сирдарё вилояти номидан иштирок этарканман, масъулиятни тўла ҳис этган ҳолда, кучли тайёргарлик кўриб, ғолибликни қўлга киритишга ҳаракат қиламан.  Энг муҳими менда ишонч ва иштиёқ етарли даражада.

Азиза Дониёрова — Гулистон шаҳар Кенгаши иштирокчиси, 2 – ўрин соҳибаси:

— Бу йил илк бор мазкур кўрик – танловда иштирок этдим. Ушбу мусобақа ўйлаганимдан ҳам қизиқарли ўтди. Иқтидорли ва ташаббускор аёлларни ўзида мужассам этган ушбу тадбир менга завқ — шавқ, кўтаринки кайфият бағишлаш билан бир қаторда, сиёсий билимларимни ҳам савол ва жавоблар орқали имтиҳондан ўтказиб олишга имкон туғдирди. Тадбирни  юқори савияда ташкиллаштирган жонкуяр партиядошларимизга ташаккур айтмоқчиман. Бугунги кўрик – танловга ғолиблик учун келгандим, бироқ тўплаган баллим кўрик – танлов ғолибасиникидан бироз камроқ бўлди. Нима бўлгандаям ғолиб иштирокчи мирзаободлик Наргиза Шерқуловани ғалаба билан табриклайман ва Республика босқичида ҳам бугунгидек кучли тайёргарлик билан иштирок этиб, вилоятимиз нуфузини оширишини тилайман.

Ўзига хос байрамга айланиб улгурган ушбу кўрик-танлов бугуннинг аёли нафақат оила ва фарзанд тарбияси билан шуғулланадиган инсон сифатида, балки уларни ижтимоий — сиёсий фаол, оқила ва ташаббускор аёл бўлишга чорловчи тадбирлардан бири бўлди, десак асло адашмаймиз.

Азиза НАЗИРҚУЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилояти “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси

Сирдарёда “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик – танловининг вилоят ғолиби аниқланди was last modified: Февраль 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »