Таълим соҳасидаги ислоҳотлар юксак натижалар бермоқда

23 Февраль, 15:15 • Жиззах вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 120 марта кўрилди • Комментариев к записи Таълим соҳасидаги ислоҳотлар юксак натижалар бермоқда нет

Жорий йилнинг 25 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди.

Таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар таълим-тарбия даражасини ривожлантириш билан бирга, фарзандларимизнинг сифатли ва мазмунли билим олишларига шароит яратмоқда. Кейинги даврда қабул қилинган қатор ҳужжатларнинг ижроси боис таълим сифати ва самарадорлигига эришиш борасида ижобий натижалар қўлга киритилмоқда. Буни нафақат таълим соҳаси вакиллари, балки бошқа соҳа вакиллари ҳам ҳис этиб турибди. Шу билан бирга, ўз ечимини кутаётган, зудлик билан бартараф этилиши лозим бўлган муаммолар ҳам топилади. Бинобарин, жуда катта маблағ талаб этилса-да ривожланган мамлакатларнинг замонавий инновацион технологияларини юртимиз амалиётига жорий этишдек муҳим вазифаларни ҳал этиш даркор.

Фармонда, аввало, касб-ҳунар таълимининг туб ислоҳотларга муҳтожлиги аниқ-равшан кўрсатиб ўтилган. Хусусан, касб-ҳунар коллежлари аҳоли яшаш жойларига яқин бўлмаган масофада жойлаштирилганлиги, ҳудудларда транспорт инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаганлиги ҳамда об-ҳаво шароитлари туфайли ўқувчиларнинг вақти-вақти билан оммавий равишда дарс машғулотларини қолдиришларига сабаб бўлаётганлиги, таълим йўналишларига жавоб бермайдиган ўқув устахоналарининг ташкил этилганлиги, етарли даражада молиялаштирилмаганлиги натижасида касб-ҳунар таълими тизими учун зарур бўлган кўплаб дарсликлар ва ўқув қўлланмалари нашр этилмаганлиги, кадрлар тайёрлаш тизими ҳудудлардаги иқтисодий тармоқларнинг реал эҳтиёжларидан ортда қолганлиги, белгиланган қабул квоталарида меҳнат бозори конъюнктурасида ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш имкониятлари ҳисобга олинмаслиги битирувчиларни ишга жойлаштиришда қийинчилик туғдираётганлиги, ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этишдаги камчиликлар олинаётган билим даражаси тушиб кетишига ва тегишли равишда қатор таълим йўналишлари бўйича битирувчиларга бўлган эҳтиёжнинг пасайишига олиб келаётганлиги ва натижада ўқишни тамомлагандан кейин иш жойларида уларни қўшимча ўқитиш заруратини келтириб чиқараётганлиги, ўқув жараёнини ташкил этишга ва ўқувчиларни интеллектуал, маънавий-маърифий тарбиялашга юзаки ёндашиш, уларнинг бўш вақтларини банд этишнинг самарасиз механизми ўқувчилар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноий қилмишлар сони ортишига, уларнинг ўқишга қизиқиши ҳамда давоматнинг тушиб кетишига сабаб бўлаётганлиги айни ҳақиқатдир.

Мазкур ҳужжатда касб-ҳунар таълими тизимини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи қатор тадбирлар белгилаб берилди, жумладан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг мақсадли параметрларига ва меҳнат бозори прогнозига мувофиқ, кадрларга бўлган мавжуд реал эҳтиёжни инобатга олиб касб-ҳунар коллежларини тармоққа бўйсунуви асосида тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар тасарруфига ўтказиш, тадбиркорлик соҳаси, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун меҳнат бозорида талаб қилинаётган касблар бўйича кадрларни мақсадли тайёрлайдиган кўп тармоқли касб-ҳунар коллежларини ташкил этиш, тармоқ вазирликлари, идоралари, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар – кадрлар буюртмачилари томонидан алоҳида мутахассисликлар (касблар)га эҳтиёж ва талаб паст бўлган касб-ҳунар коллежлари умумий сонини оптималлаштирган ҳолда уларни қисман қайта ташкил этиш, оптималлаштирилиши керак бўлган касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасидан, уларда умумтаълим мактаблари, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ва мактабгача таълим муассасалари жойлаштирилишини назарда тутиб, бино ва иншоотларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармонида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши фарзандларимизнинг сифатли ва мазмунли билим олишида кескин бурилиш ясаши шубҳасиз.

Олимжон ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Зарбдор туман Кенгаши раиси

Таълим соҳасидаги ислоҳотлар юксак натижалар бермоқда was last modified: Февраль 24th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »