Таълим тизими юксак мезонлар асосида ривожланади

2 Февраль, 10:13 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 87 марта кўрилди • Комментариев к записи Таълим тизими юксак мезонлар асосида ривожланади нет

Юртимизда таълим тизимини такомиллаштириш, кадрлар малакасини ошириш, сифатли ва замон талабига жавоб берадиган таълим хизматларини яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Айтиш жоизки, мустақиллик йилларида таълимни янада тараққий эттириш мақсадида қатор амалий ҳаракатлар олиб борилди. Шунингдек, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш, таълим жараёнини янгилаш мақсадида унинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди, иқтидорли ёшларнинг салоҳиятини янада юксалтириш учун шароитлар яратилди, имкониятлар эшиги очилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 25 январь санасида “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонда таълим сифатини янада ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Тўғри, ушбу соҳада минглаб ютуқлар қўлга киритилган. Иқтидорли ёшлар имкониятдан фойдаланган ҳолда турли кўрик-танловларда иштирок этган ҳолда ўз юксак фаолиятини кўрсатишга эришмоқда. Аммо камчиликлар ҳам йўқ эмас. Ушбу соҳада мамлакат раҳбари томонидан қабул қилинган фармонда келтирилганидек, баъзи талабга жавоб бермайдиган, туб ислоҳотларга муҳтожликни кўрсатиб турувчи қирралари ҳам мавжуд. Хусусан, касб-ҳунар коллежлари аҳоли яшаш жойларига яқин бўлмаган масофада жойлаштирилганлиги, айниқса, ҳудудларда транспорт инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаганлиги ҳамда об-ҳаво шароитлари туфайли ўқувчиларнинг вақти-вақти билан оммавий равишда дарс машғулотларини қолдиришларига сабаб бўлаётганлигига, касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасини шакллантиришнинг мавжуд амалиёти касб-ҳунар коллежлари таълим йўналишларига жавоб бермайдиган ўқув устахоналари ташкил этилишига, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар билан етарли даражада таъминланмаслигига олиб келди.

Касб-ҳунар коллежлари моддий-техник жиҳозланишининг ўртача даражаси бугунги кунда фармонда айтилганидек, атиги 56 фоизни ташкил этади, бу эса сифатли таълим тизимини ривожлантиришга тўсқинлик қилади.

Таъкидлаш ўринлики, ёшларнинг билим даражасини янада мустаҳкамлаш учун ишлаб чиқариш амалиётига эътибор қаратиш талаб этилади. Аммо касб-ҳунар коллежларида  ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этишдаги камчиликлар олинаётган билим даражасини пасайтирмоқда, битирувчиларга нисбатан эҳтиёж туғилмоқда, бу эса натижада битирувчида қўшимча билим олиш заруратини келтириб чиқармоқда. Фармонда айни мана шу сингари камчиликларни бартараф этиш ҳамда илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш учун шарт-шароитлар яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш мақсадида вазифалар белгилаб берилди. Бу белгиланган вазифалар ёшларнинг янада кенгроқ билим олиши, имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда ўз иқтидорини намоён этиши, кадрлар салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилиши табиийдир.

Фармон моҳиятининг аҳамиятли жиҳати шуки, унда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус таълим умумтаълим мактабларида, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактабларда, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатларида, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида ҳамда академик лицейларда узлуксиз ва 11 йиллик муддатда амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Бу эса ўқувчиларнинг янада кенгроқ билим олишига хизмат қилади, ҳар ким ўз ихтиёри билан таълим тизимидан фойдалана олади.

Мамлакатимизда кадрлар салоҳиятига жуда катта эътибор қаратилган. Хусусан, бугунги кунда уларнинг билими, замонавий таълим тизимидан қай даражада фойдалана олиши жуда муҳимдир. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу фармонда касб-ҳунар таълими соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимига эътибор қаратилган бўлиб, унинг муҳим вазифалари белгилаб қўйилган. Жумладан, мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, ёшларни ҳар томонлама баркамол ва соғлом авлод қилиб тарбиялаш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий ва ахлоқий жиҳатдан юксалтиришга йўналтирилган педагогик жараённи янги педагогик шакллар ва усуллар асосида ташкил этишга алоҳида тўхталиб ўтилган.

Ҳар бир таълим сифатини яхшилашда тўгараклар ташкил этиш, ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси ва инновацияга асосланган тизимни жорий этиш сифатли таълимни янада ривожлантиришга асос бўлиб келади. Фармонда ушбу масалага берилган эътибор ҳар бир фуқаронинг таълим тизимига бўлган талабчанлигини оширади. Шу билан бирга ушбу ҳуқуқий ҳужжатда касб-ҳунар таълими тизимини янада такомиллаштиришни мувофиқлаштириш Республика комиссияси, касб-ҳунар коллежлари фаолиятининг тизимли мониторингини олиб бориш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларининг намунавий таркибининг ташкил этилишига ва уларнинг вазифалари,  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда амалга ошириши керак бўлган амалий ишларга алоҳида тўхталиб ўтилган.

Юрт келажагини фақат билимли ва баркамол авлодгина қура олади. Мамлакатимизда фарзандларнинг етук мутахассис бўлиб етишишида шарт-шароит берилган экан, ҳар бир келажак эгаси ўз имкониятидан вақтида фойдалана олиш кучига эга бўлиши даркор. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу фармон ҳам ёшларнинг сифатли билим олишини таъминлайди.

Фарҳод БОЛТАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Халқ депутатлари Пешкў туман Кенгаши депутати

Таълим тизими юксак мезонлар асосида ривожланади was last modified: Февраль 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »