Танқидий таҳлил – самарали фаолият асосидир

27 Февраль, 16:03 • Пленум, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 200 марта кўрилди • Комментариев к записи Танқидий таҳлил – самарали фаолият асосидир нет

Юртимизда сиёсий партиялар тизимини ривожлантириш ислоҳотлари амалга оширилаётган муҳим жараёнларда ҳар бир партия ўз бўғинлари фаолиятини қуйидан  бошлаб тубдан ўзгартириш, ўтган ва жорий йилдаги меҳнат кўламини қиёсий таҳлил этиш ва янгича ташкил этиш  ишларини олиб бормоқда.

Жумладан, куни кеча бўлиб ўтган Фарғона вилоят партия Кенгашининг навбатдаги Пленумида ҳам асосан, партиянинг вилоят, маҳаллий Кенгашлари ва депутатлик гуруҳларининг 2017 йилда амалга оширган ишлари танқидий жиҳатдан таҳлил этилди.

Қайд этиш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг партия вакиллари билан бўлган учрашуви ўтган йили халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари учун янгича иш тизимини жорий этилишига замин бўлди.

Партиямиз Дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни ижросига назар ташлар эканмиз,  ўтган даврда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларига эътибор қаратиш ҳамда ёш олимлар билан учрашиш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва ечиш бўйича вилоят партия Кенгаши томонидан кўплаб амалий ишлар олиб борилди.

Маъруфжон Холдаров, Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси:

“Ҳисобот даврида халқ депутатлари вилоят ва маҳаллий  Кенгашлардаги партия гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси муҳокамасидаги “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”, “Давлат-хусусий шериклик тўғриси-да”, Инновация ва инновацион фаолият тўғрисида”ги Қонун лойиҳаларига партиявий позицияларни ифода этувчи таклиф ва тавсиялар бериш, мансабдор шахслар эшитувларини ташкил қилиш, умумий ўрта таълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий хизмат ҳолатини тубдан ўрганиш, депутатлик сўровларининг ижобий натижасини ошириш каби йўналишларда самарали иш олиб бордилар. Мисол сифатида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳининг сайловчилар мурожаатлари, депутатлик қабулхоналари орқали келиб тушган масалалар асосида давлат ташкилотлари ва мансабдор шахслар номига 87 та депутатлик сўровлари йўлланган бўлса, уларнинг 47 таси ижобий ҳал этилди.”

Вилоят партия Кенгаши раиси томонидан эътироф этилганидек, мурожаатлар орасида иш билан банд бўлмаган фуқароларни иш билан таъминлаш, умумтаълим мактабларини қайта таъмирланиши, кам таъминланган оила аъзоларига моддий ва тиббий ёрдам кўрсатиш, маҳаллий йўлларни асфалтьлаштириш, пластик карточка тизимида тўловларни амалга оширишни тартибга солиш каби мавжуд муаммолар депутатлар назорати остида ижобий бартараф этилди.

Шунингдек, доимий комиссиялар таркибида депутатлар билан бир неча йўналишларда ўрганишлар олиб бордилар. Жумладан, март-апрель ойларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 январдаги “Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сотишни тартибга солиш тўғрисида”ги ва 2000 йил 5 августдаги “Ички бозорни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларининг Фарғона, Марғилон, Қувасой шаҳарларидаги ижроси, маҳаллалардаги ижтимоий вазият, маънавий соғлом муҳит, ҳудуддаги мавжуд муаммолар сабаблари, тиббиёт муассасаларнинг моддий-техник таъминоти, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг тиббий хизмати сифати каби масалалар чуқур ўрганилди.

Манзура Салимова, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Айтиш лозимки, ютуқларимиз билан бир қаторда ўтган йилда йўл қўйган камчиликлар ҳам талайгина. Гуруҳ аъзоларининг тарқоқлиги, партия Кенгаши билан ҳисобдорлик ва алоқани тўғри йўлга қўйилмаганлиги,  сессияларга масала киритишда жонбозлик кўрсатилмаганлиги, ҳал этиб келинаётган сайловчилар мурожаатлари расмий қайд этилмаганлиги жиддий хато бўлди.

Дарҳақиқат, вилоят ҳокимлигининг тегишли ишчи гуруҳлари ва доимий комиссиялар таркибида тинимсиз олиб борилган ўрганиш ишлари натижаларидан унумли фойдалана олмаган, ваколат даври поёнига етай деб қолган бўлса-да, ўз қонуний вазифаларини чуқур тушунмаган аксарият депутатлар йил давомида фуқароларнинг оғзаки, ёзма ёки телефон орқали билдирган кўплаб мурожаатларини ижобий ҳал қилиб, бажарилган амалий ишлар ҳисоботини юритишда эътиборсизликка йўл қўйгани — яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Республика Сиёсий Кенгаши Пленум йиғилиши якуний ҳулосаларида ҳам акс этди.

Пленумда сўз олган партиянинг халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Манзура Салимова юқорида қайд этилган хато ва камчиликларни бартараф этишда партиянинг ташкилий ва депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими билан узвий ҳамкорлик олиб бориш, депутатлар фаолиятини самардорлигини ошириш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш мақсадида ажратилган, ижро ҳокимияти билан бевосита иш олиб борувчи — ижрочи котиб мутахассислар билан ҳамнафас бўлиш, ишлаш зарурлигини таъкидлади.

Партияга янги аъзолар жалб қилиш борасида ҳамон яхши натижага эриша олмаётган, тарғибот ишларини олиб боришда лоқайдликка йўл қўйган Марғилон шаҳри, Ўзбекистон, Олтиариқ, Қўштепа, Ёзёвон туманлари партия Кенгашлари раислари фаолияти Олий Мажлис Қонунчилик палатаси дептутати Умид Сулаймонов томонидан асосли ва ўринли танқид этилди.

Йиғилишда Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрь кунги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган вилоят партия Кенгашининг 2018 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури лойиҳаси пленум аъзолари томонидан муҳокама этилди ва амалга тадбиқ этилди.

Шунингдек, Пленум аъзолари муҳокамасидан ўрин олган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижросида Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгашининг иштироки бўйича билдирилган таклифлар ҳам ўрганилиб, атрофлича кўриб чиқилди.

Пленум давомида музокарачиларнинг  ҳам фикр-мулоҳазалари тингланиб, умумий хулоса асосида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Фарғона вилоят Кенгашининг 2018 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари аниқ режалаштирилди.

Йиғилиш сўнгида кун тартибидаги асосий ва ташкилий масалалар юзасидан тегишли қарорлар тасдиқланди.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Танқидий таҳлил – самарали фаолият асосидир was last modified: Февраль 27th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »