Тозалик йўлида бирлашиш барчамиз учун муҳимдир

19 Февраль, 12:31 • Партия лойиҳаси, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 182 марта кўрилди • Комментариев к записи Тозалик йўлида бирлашиш барчамиз учун муҳимдир нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан атроф-муҳитда озодаликни сақлаш, экологияни софлигини асраб-авайлаш мақсадида “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси жорий қилинди.

Мазкур лойиҳа доирасида ҳам Тошкент вилоятининг барча шаҳар, туман Кенгашларида жадаллик билан ишлар олиб борилди. Бу борада маҳаллий Кенгашлар раислари, депутатлар, партия фаоллари иштирокида ҳудудларнинг аҳоли гавжум жойларида тозалик, озодаликни тарғиб қилувчи буклетлар, флаерлар тарқатилди. Мактабларда, ижтимоий объектларда, жамоат транспортларида, хиёбонларда, турли хилдаги чиқиндиларни атрофга ташлаш зарарли эканлигига қаратилган тарғибот плакатлари жойлаштирилди. Шунингдек, ушбу тарғибот буклетларини фуқароларга улашиш жараёнида депутатлар томонидан теварагимизни ҳар хил чиқиндилардан тоза сақлаш, нафақат соғлигимизни мустаҳкамлашга балки, яшаб турган маҳалламизнинг ҳам гуллаб-яшнашига катта ҳисса қўшган бўламиз, дея тушинчалар беришди.

Жумладан, партиянинг Қибрай тумани Кенгаши томонидан 16-умумтаълим мактабида ўқувчи ёшлар ҳамда педагоглар ўртасида лойиҳа доирасида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда туман Кенгаши раиси, депутатлар атроф-муҳитни ифлослантиришнинг зарарли оқибатлари ҳақида кенг мулоҳазалар билдиришди. Ўз навбатида суҳбат давомида келтирилган маълумотлар, фикрлардан тўғри хулоса чиқаришган ўқувчилар чаққонлик билан тозалик бурчагини ташкил этишди.

Шунингдек, Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент туманлари, Чирчиқ, Олмалиқ шаҳар Кенгашлари ҳам маҳаллаларда, жойлардаги жамоат ташкилотларида аҳолини тозалик йўлида бирлаштириш мақсадида тарғибот суҳбатларини уюштиришди. Тарқатмалар фуқаролар қўлларига етказилиб, табиатни асраш, унинг гўзаллигини сақлаб қолиш борасидаги фикр-мулоҳазалари, таклифлари  тингланди.

Шухрат Насимов, “Марказий қўрғон” МФЙ фуқароси:

— Озодалик ўзбек халқининг азалий қадриятларидандир. Тозалик бор жойда барака бўлиши барчамизга маълум. “Адолат” партиясининг эзгу мақсад йўлида маҳаллаларни, қатор ташкилотларни қўйингки, ҳудудни жамики қатламини бирлаштириши таҳсинга лойиқдир. Албатта, яшаб турган жойимиз тоза бўлсагина, юртимиз обод бўлади.

Тарғибот тадбирида ўсиб келаётган ёш авлодни  меҳнатга жалб қилиш, тозалаш, ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этиш, саранжомликка ўргатишда ота-оналарнинг, ёши улуғларнинг ёрдами катта эканлиги таъкидлаб ўтилди. Соғлом экологик муҳитни яратиш бош мақсадимиз экан, бу йўлда барчамизда она табиатни асрашга бўлган дахлдорлик ҳисси уйғонмоғи шарт. Зеро, ҳаётнинг давомийлиги мусаффо осмонни, кулиб турган қуёшни, тирик табиатни асраб-авайлашимиз билан боғлиқдир.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Тозалик йўлида бирлашиш барчамиз учун муҳимдир was last modified: Февраль 19th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »