Тозаликка риоя этиш барчамизни фаровон яшашимизни таъминлайди

2 Февраль, 13:59 • Бухоро вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 158 марта кўрилди • Комментариев к записи Тозаликка риоя этиш барчамизни фаровон яшашимизни таъминлайди нет

Атроф-муҳитни асраш, унинг қонун-қоидаларига риоя этиш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир. Дарҳақиқат, атрофга назар ташласак, баъзан ўз фуқаролик масъулиятини унутган ва бурчини адо этишда ўзида куч топа олмаётган фуқароларимиз ҳам йўқ эмас. Айнан табиат инъом этган ҳар бир бойликни исроф этган ҳолда табиатга зарар келтираётганларнинг кўпини кўрамиз. Аммо баъзан бу беодобликларга беписандликларча муносабатда бўламиз. Аслида барчамиз она табиатни асрашимиз, атроф-муҳитни тоза тутишимиз ҳамда турли чиқинди воситалар билан ифлослантирмаслигимиз даркор. Тозаликка риоя этиш барчамизни фаровон яшашимизни таъминлайди. Айни мана шу мақсадни илгари сурган ҳолда Ўзбекистон “Адолат” СДП “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасини амалга оширишга катта эътибор қаратган. Хусусан, жойларда тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда, аҳоли фаол иштирок этган ҳолда атроф-муҳит тозалигига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида партиянинг барча ходимлари қатори Бухоро вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши ходим ҳамда фаоллари ташаббускорликни оширган ҳолда иштирок этиб келишмоқда. Партиянинг Бухоро вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши ташкилотларига ҳам Сиёсий Кенгашидан етказилган “Тозалик йўлида бирлашайлик” шиори қайд этилган плакат, буклет ва флаерларни маҳалла фуқаролар йиғинлари, касб-ҳунар коллежлари, мактабгача таълим муассасалари, туман тиббиёт бирлашмалари, санитария ва эпидемиология назорат марказларида, шунингдек, ҳудудлардаги барча маиший ва савдо дўконларига тарқатилиб, аҳолини тозаликка риоя этишга чорламоқда.

Айтиш жоизки, Бухоро туман Кенгаши ходимлари тумандаги 36 та маҳалла фуқаролар йиғини, 26 та мактабгача таълим муассасаси, 54 та умумтаълим мактаблари ҳамда Бухоро туман Санитария эпидемиология назорат маркази бинолари пештоқига илиб қўйишар экан, бу ташаббус барча фуқароларни ўзига жалб этди. Шунингдек, Галаосиё қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежининг биринчи босқич талабалари учун тарғибот тадбири ташкил этилди. Ушбу тадбирда иштирок этган ўқувчиларга флаерлар тарқатилар экан, атрофи-муҳитни асраш, турли чиқиндиларни кўча-кўйларда ташламаслик энг асосий вазифамиз эканлиги таъкидланди.

Амон Аҳмедов, Галаосиё қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи директори:

— Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан олиб борилаётган бундай ташаббус барчани тартибга чақиради, албатта. Коллежимиз ўқувчиларининг ҳар бири баъзан атроф-муҳит тозалигига риоя этишмайди. Партиянинг ёшлар учун ташкил этган ушбу тарғибот тадбири уларнинг фуқаролик масъулиятли бурчини англашга хизмат қилади. Берилган ҳар бир тарқатма материаллари тартиб ва интизомга, она табиатимизга нисбатан эътиборли бўлишига хизмат қилади.

Партиянинг Ромитан туман Кенгашида ҳам ташкил этилаётган тадбирлар барча фуқароларни фаолликка жалб этмоқда. Хонадонлар, маҳаллалар, таълим даргоҳларининг барчаси тозалик йўлида бирлашиб келмоқда. Ромитан туманидаги 45 та маҳалла фуқаролар йиғини, 44 та умумтаълим мактабларида ҳам олиб борилган шундай тарғибот ишлари ҳар бир туман фуқаросини ўз ҳудуди ва маҳалласини озода тутишга жалб этмоқда.

Юртимиз ўз гўзаллиги билан аҳамиятлидир. Уни тоза тутиш эса фақат бизнинг вазифамиз ҳисобланади. Тозаликка риоя этиш, ҳар бир гўшамизни асраб-авайлаш бизнинг конституцион бурчимиздир. Биз ана шу бурчимизни вақтида англаган ҳолда тозалик йўлида бирлашмоғимиз лозим. Зеро, тозалик – юксак маданият ифодасидир.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби       

Тозаликка риоя этиш барчамизни фаровон яшашимизни таъминлайди was last modified: Февраль 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »