ЎЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИ — ИННОВАЦИОН ТАРАҚҚИЁТДА

2 Февраль, 09:39 • Депутат минбари, Муҳим хабарлар, Фракция, Янгиликлар • 46 марта кўрилди • Комментариев к записи ЎЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИ — ИННОВАЦИОН ТАРАҚҚИЁТДА нет

Ўзбекистон «Адолат» СДП “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишдаги устувор йўналишларини белгилаб олди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП соғлиқни сақлаш тизими ва аҳоли саломатлигини муҳофазалаш ишларини янада такомиллаштириш, ҳар бир ҳудудда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, фуқароларни ижтимоий аҳамиятга эга, хавфсиз дори воситалари билан мақбул нархларда таъминлашни устувор вазифа, деб ҳисоблайди.

Бизнинг фикримизча, замонавий жамият инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши, унинг ҳаётий фаолияти, саломатлиги, касалликларнинг олдини олиш, жароҳатлар ва бошқа муаммоларга нисбатан фаол муносабати билан ажралиб туради. Дунёда соғлиқ шунчаки бойлик эмас, улкан салоҳият, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг бош ҳаракатлантирувчи кучи, давлат қудратининг кўрсаткичи, деган тушунча устуворлик касб этмоқда. Аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг саломатлиги – замонавий давлатнинг табиий ресурсларидан ҳам бебаҳо ва қимматли бўлган бойлигидир. Зеро, фақат соғлом аҳолига эга мамлакатгина кучли ва қудратли бўлиши мумкин.

Мазкур йўналишда партиямиз шуни алоҳида таъкидлаб ўтадики, юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, унинг бошланғич бўғини ҳисобланган шошилинч тез тиббий ёрдам ва касалликлар профилактикасини замонавий даражага кўтариш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармонлар билан таъминлаш тизимини тубдан янгилаш бўйича чуқур ўйланган концепция ҳаётга татбиқ этилмоқда. Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жамиятда тиббий маданиятни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, мамлакатимизда замонавий жиҳозлар ва малакали кадрлар билан таъминланган юқори технологияли, самарали шошилинч тез тиббий ёрдам тизими шаклланишига, соҳада илмий, услубий ва маърифий салоҳиятни ривожлантиришга, замонавий ташҳис қўйиш усуллари ва воситаларига, тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишга доир чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур мақсадлар йўлида, хусусан, қуйидаги ишлар қилинди ва қилинмоқда:

биринчидан, тез тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона тизими яратилди, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш маркази раҳбарлигидаги мазкур тизим замонавий юқори технология ва самарадорлик талабларига мутаносиб фаолият кўрсатадиган барча шошилинч тиббий ёрдам хизматларини қамраб олган;

иккинчидан, маълумотларни сақлаш ва узатишнинг ягона базаси ташкил этилган ҳолда шошилинч тиббий ёрдамни бошқаришнинг ахборот тизими амалиётга киритилмоқда, мазкур тизим тез тиббий ёрдам чақирув гуруҳлари фаолиятини тезкор мувофиқлаштиришни таъминлайди ҳамда Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва “Ўзтрансгаз” АЖнинг тезкор хизматлари билан ҳамкорлик ўрнатади;

учинчидан, тез тиббий ёрдам хизматининг моддий-техника базасини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Фақат 2017 йилнинг ўзида қишлоқ врачлик пунктлари базасида 793 та оилавий поликлиника ва 1000 дан зиёд тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилди. Тез ёрдам хизматлари 1269 та махсус транспорт воситалари билан таъминланди. 2016 йил билан солиштирганда республика махсус тиббий марказлари мутахассисларининг ҳудудларга чиқиши 4,8 баробар кўпайди, уларнинг хизматидан фойдаланган шахслар сони 220 мингдан ошди(ўсиш 7,3 баробарга етди).

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида сил касалликлари сони кескин камайди. Эҳтиёжманд кишиларни реабилитация техник воситалари билан таъминлаш 90 фоизга ошди. 60 нафари юқори малакали мутахассислар хориждан қайтиб келиб, бугунги кунда халқимизга хизмат кўрсатмоқда. Олий маълумотли врачларни қабул қилиш квотаси 3445 тага етказилди, улардан 1180 таси мақсадли ҳудудий квоталардир. Клиник ординатурада тайёрлаш учун квоталар сезиларли даражада ошди.

Соғлиқни сақлаш хусусий секторининг барқарор ривожланишига, хусусий тиббиётга хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассисларни жалб этишни кучайтиришга, хусусий тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини шакллантиришга, тиббий туризм ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасидаги кичик корхоналар ходимлари ўртача йиллик сонининг юқори миқдори юз кишига қадар оширилди. 2022 йилга қадар хусусий тиббий ташкилотлар барча солиқларни тўлашдан ва давлат мақсадли фондларига мажбурий ажратмалардан озод қилинди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат тиббиёт муассасалари сони 450 тага кўпайди. Улар кўрсатадиган хизматлар тури 50 тадан 126 тага етказилди. “Асака” банк қошида нодавлат тиббий муассасаларни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

Партиямиз мазкур чора-тадбирлар ва Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган бошқа тадбирлар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишга, дунёнинг етакчи тиббий марказлари ва илмий муассасалари, таниқли олимлари ва мутахассислари билан ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Бир сўз билан айтганда, буларнинг ҳаммаси аҳолининг, биринчи навбатда, гўдаклар, болалар ва аёлларнинг соғлиғини ҳимоялашга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари қаторида фармацевтика саноати ҳам муҳим омил ҳисобланади. Жумладан, фармацевтика саноатини жадал ривожлантириш, аҳолини арзон, сифатли дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни яхшилаш мақсадида қуйидаги муҳим вазифалар белгиланган:

биринчидан, “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналари ташкил этилди. Доривор ўсимликлар турларининг аниқ рўйхати ва саноат плантацияларини ташкил этиш бўйича мақсадли дастурлар амалга оширилмоқда, эркин иқтисодий зоналар ҳудудларида дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда;

иккинчидан, тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ташкилотларга солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилди;

учинчидан, янги ва амалда ишлаб турган фармацевтика корхоналарини модернизация қилиш бўйича инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда;

тўртинчидан, улгуржи ва чакана савдо учун чекланган савдо устамалари белгиланди, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ўрнатилган нархларда сотиш тизими жорий этилди;

бешинчидан, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш даражасини ошириш мақсадида ижтимоий дорихона тармоқлари ташкил этилмоқда.

Жумладан, 2017 йилда дори воситалари ва тиббий буюмларни харид қилишга ажратилган маблағ миқдори 821 миллиард сўмни ташкил этди. Бу эса 2016 йилга нисбатан 3,5 баробар кўпдир. Бундан ташқари, соҳага ажратилаётган инвестиция ҳажми 93,5 миллион долларга ошди (ўсиш 2,3 баробарга етди).

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон “Адолат” СДП бу соҳада ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп, деб ҳисоблайди. Ҳаракатлар стратегияси ва Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида кўрсатиб ўтилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда биз қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратамиз:

– “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббий ахборот маркази” концепцияларини жорий этиш ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш ва масофадан туриб профилактика қилиш имкониятларини яратади;

– она ва бола соғлиғини сақлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган скрининг марказлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизмат билан таъминлаш тизимини ва давлат соғлиқни сақлаш секторини кучайтириш;

– қишлоқ врачлик пунктларида касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш бўйича замонавий ташхис лабораторияларини ташкил этиш, 2018 йилда олис туманларда 4 мингдан кўпроқ таянч мобиль алоқа станцияларини ишга тушириш;

– замонавий тиббий жиҳозлар ҳамда малакали мутахассислар билан таъминланган туманлараро перинатал марказлар ташкил этиш(2018 йилда 46 та);

– аҳоли ўртасида талаб кучли бўлган трансплантология, экстракорпорал уруғлантириш ва бошқа замонавий тиббий хизмат турларини жорий қилиш;

– соғлиқни сақлаш илмий мактаблари, махсус жарроҳлик, урология, кардиология, кўз микрожарроҳлиги, акушерлик ва генекология, педиатрия, терапия ва бошқа ихтисослаштирилган илмий марказларни ривожлантириш. Аҳолига барча даражада (республика, вилоят, туман) юқори технологияли ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш бизнинг устувор вазифамиз саналади. Биз бутун республика бўйича ва алоҳида олинганда ҳар бир туманда касалланиш кўрсаткичларини ўз вақтида аниқлаш бўйича энг сўнгги илмий тадқиқот янгиликларини амалиётга фаол татбиқ этиш тарафдоримиз;

– аҳолининг эҳтиёжига мутаносиб равишда дори воситаларини давлат дорихона муассасалари орқали узлуксиз етказиб бериш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбаки ва сифатсиз дори-дармонлардан фойдаланишнинг қатъий олдини олиш. Доимий равишда аҳолини арзон нархларда дори воситалари билан таъминлаб турадиган ижтимоий дорихоналар қурилиши устидан депутатлик назоратини кучайтириш масаласи бизнинг диққат марказимизда туради;

– жамиятда соғлом турмуш маданиятини шакллантириш, соғлиқни сақлаш соҳаси ва фармацевтика саноатига хорижий инвесторларни кенг жалб этиш.

Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, уларга малакали тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, эҳтиёж юқори бўлган касбларга ўргатиш ва кейинчалик ишга жойлаштириш учун депутатларимиз “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фаол иштирок этмоқдалар. Биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини таъминлашга, кекса ёшдаги ёлғиз фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ишларига ҳамда аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларига устувор аҳамият қаратамиз.

Олий Мажлиснинг қуйи палатасида ташкил этилган Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси мазкур масалаларни ҳал этишга кўп жиҳатдан самарали таъсир кўрсатади.

Биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги, фармацевтика корхоналари билан ҳамкорликда қуйидаги узоқ муддатли инновацион тараққиёт дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишни таклиф қиламиз:

– ҳар бир туман кесимида вакиллик органларидаги депутатларимиз жойларда соғлиқни сақлаш тизими вакиллари, маҳалла фаоллари билан аҳолининг соғлиғини яхшилаш масалалари ҳамда аҳолининг саломатлик ҳолати ва уни яхшилашга бағишланган маърузаларни тайёрлашда яқиндан ҳамкорлик қилишни таклиф этамиз;

– маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан аҳолининг эҳтиёжи ва тиббиёт муассасаларида талаб юқори бўлган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва мунтазам равишда ҳажмини ошириб бориш.

Биз юқорида кўрсатиб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқарони, қаерда яшашидан қатъи назар, сифатли тиббий хизмат билан таъминлашда, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кафолатлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз.

Жамиятда қонун устуворлиги, адолат тамойили, суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллиги, жиноятчилик ва қонунбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш.

Адолат ғояси, қонун олдида ҳамманинг тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси, “Адолат – қонун устуворлигида” тамойилнинг амалиётга татбиқ этилиши бундан кейин ҳам Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг устувор вазифалари бўлиб қолаверади.

Бу йўналишда биз мамлакатимизда суд тизимини ислоҳ қилиш, судлар мустақиллигини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни алоҳида таъкидлаб ўтамиз. Жумладан, Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7 та моддасига принципиал ўзгартиришлар киритилди:

биринчидан, судьялик лавозимларига малакали мутахассисларни очиқ ва шаффоф асосда танлаб олиш, судьялар дахлсизлиги бузилишини ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Мазкур Кенгаш конституциявий орган мақомини олгани муҳим аҳамиятга эга;

иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди;

учинчидан, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган янги маъмурий суд тизими шакллантирилди;

тўртинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари тегишли иқтисодий судлар этиб ўзгартирилди, шунингдек, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди;

бешинчидан, судьяларнинг ўз фаолиятлари юзасидан халқ депутатлари Кенгашларида ҳисобот беришлари, қонунбузарликларнинг олдини олишга йўналтирилган ҳолда корхона ва ташкилотларда, маҳаллаларда сайёр суд мажлисларини ўтказиш бўйича чора-тадбирлар амалиётга киритилди. Судьяларнинг халқ олдидаги масъулиятини ошириш учун янги тайинланаётган судьяликка номзодлар тегишли ҳудуд маҳалла фаоллари ва жамоатчилик томонидан муҳокама қилинади;

олтинчидан, судьялар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигига, суд қарорларини қабул қилишда жамоатчиликнинг фикрини инобатга олишга жиддий эътибор қаратилди.

Жумладан, 2017 йилда 173 фуқарога жазо тайинлашда жамоатчиликнинг кафолати (ишончи) эътиборга олинган, хусусан, 112 фуқарога маҳалла фуқаролар йиғини, 18 фуқарога Ёшлар иттифоқи, 3 фуқарога Хотин-қизлар қўмитаси кафолат берган. Бу фуқароларнинг 38 нафарини ёшлар, 18 нафарини вояга етмаганлар, 11 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Бундай ёндашув натижасида республика бўйича 63 нафар фуқаро суд залидан озод қилинди, 11 нафари жавобгарликдан озод қилинди, 97 нафарига енгилроқ жазо чораси қўлланилди;

еттинчидан, судьялар ваколатларини ошириш, “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, судьяларнинг малакаси ва тайёргарлигини махсус ўқув муассасалари – Одил судлов академиясини ташкил этиш орқали кучайтириш, улар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш орқали касбий маҳоратини юксалтиришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирлар кўрилди.

Якуний ва барқарор қарорлар қабул қилишга, бир-бирини такрорловчи ваколатга эга муассасаларни камайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, судлар томонидан жиноий ишларни қайта терговга юбориш тартиби бекор қилинди, жамиятга катта хавф туғдирмайдиган жиноятлар бўйича судгача ва суд муҳокамаларида соддалаштирилган тартиб жорий этилди.

Жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилди. Дастлабки терговда озодликдан маҳрум этилган ҳолда уй қамоғида сақлашнинг максимал муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди. Фуқаролик ишлари бўйича суд қарорини қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилди.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, 2017 йилнинг 10 ойи мобайнида судлар томонидан 191 шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган. Тергов сифати ва терговчиларнинг масъулияти оширилди.

Жумладан, шу давр мобайнида ҳуқуқий органларда 238 ҳолатда жиноят аломати йўқлиги аниқланган, 302 ҳолатда жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги инобатга олинган, 370 ҳолатда эса айбдорнинг ўз айбига чин дилдан иқрор бўлганлиги, 549 ҳолатда мазкур қонунбузарлик жамият учун хавфли эмаслиги исботланган, 1636 ҳолатда жиноят аломати топилмаган. Мана шундай ҳолатлар асосида 3,5 мингдан ортиқ жиноий иш ҳаракатдан тўхтатилган.

Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маъмурий, жиноий, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш, қонунбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш соҳаларида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлди. Мазкур фармонга мувофиқ, бундан кейин Ўзбекистонда қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларига мутлақо йўл қўйилмайди. Жиноий иш доирасида ноқонуний йўл билан олинган ҳар қандай маълумотлар, жумладан, аудио ва видеоёзувлар, асоссиз далилий ашёлардан фойдаланиш ман этилади. Тергов жараёнида қийноққа солиш, ҳимоячидан фойдаланиш ҳуқуқини бузиш ва бошқа ноқонуний усуллардан фойдаланиш ман этилади. Далил, исботлар сохталаштирилгани учун алоҳида жиноий жавобгарлик жорий этилди.

Энди адвокатлар муайян жиноий иш юзасидан тергов ва суд органи мажбурий равишда кўриб чиқадиган ва баҳолайдиган далилларни тўплашга ва тақдим этишга ҳақли.

Янги таҳрирда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун асосида аҳоли учун қулай мурожаат усуллари – ишонч телефони, мобиль ва видеоконференцалоқа жорий этилди. Фуқароларнинг давлат органларига ва муассасаларига мурожаат этиши бўйича конституцион ҳуқуқини таъминлаш мақсадида депутатларга аҳоли билан учрашув жараёнида уларнинг мурожаатларини қабул қилиш тартиби жорий этилди.

Янги қабул қилинган “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига тегишли ҳужжатлар билан яқиндан танишиш ҳамда исталган давлат органи, бошқа ташкилотлар ва ваколатли шахслардан ҳеч қандай чекловларсиз ҳуқуқий маълумотлар олишга кенг имконият яратади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти жорий этилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП шуни алоҳида таъкидлаб ўтадики, Ватанимиз тарихида биринчи маротаба 2017 йилнинг декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти адашиб жиноят йўлига кириб қолган ёки ўз қилмишидан чин дилдан афсусланаётган, суд ҳукмига кўра қамоқ жазосига ҳукм қилинган 2700 кишини авф этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу фармон уларга жамиятга, оиласига қайтиш имконини берди.

Энг муҳими – бу масалада тегишли махсус комиссия таркибига кирган парламент аъзолари бевосита иштирок этишди, ҳибсда ўтирган ҳар бир шахс билан индивидуал суҳбатлар ўтказилди, улар яшаб келган маҳалла аҳли ва жабрланувчи томон мулоҳазалари ўрганилди. Амалга оширилган қонунбузарликнинг оғирлик даражаси, суд томонидан белгиланган жазонинг адолатлилиги эътиборга олинди.

Ўтган давр мобайнида ички ишлар органлари тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу ислоҳотларда фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, қонунбузарликларнинг олдини олишда, жамоат хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органларининг масъулиятини оширишга, аҳоли билан манзилли алоқа қилишга, ички ишлар органлари устидан парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Прокуратура органлари фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилди, жумладан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ҳудудни комплекс ривожлантиришнинг тизимли таҳлили масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Умуман олганда, Президентимиз томонидан таклиф этилган шу каби демократик ўзгаришлар суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, аҳолининг суд тизимига ишончини мустаҳкамлаш, суд соҳасидаги халқаро стандартлар ва замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда мамлакат суд тизимини такомиллиштириш имконини беради.

Шу билан бир қаторда, бизнинг партия бу соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар бор, деб ҳисоблайди. Улар ҳақида давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида батафсил тўхталиб ўтди. Жумладан, Президент қуйидагиларни таклиф этди:

– “Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайман. Бу комиссия одамлардан келиб тушаётган мурожаатлар, халқ билан бевосита учрашув ва мулоқот жараёнида кўтарилаётган масалаларни умумлаштириши, парламент сўрови орқали ҳаққоний вазиятни таҳлил қилиши, Олий суд ва судьялар Олий кенгаши билан бирга муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриши лозим”. Мазкур йўналишда биз “кучли ва адолатли суд ҳокимияти бўлган жойда қонун ва адолат тамойиллари устувор” тамойилини амалиётга босқичма-босқич татбиқ этиб бориш тарафдоримиз;

– “Хабеас корпус” институтини жорий этиш ва тергов олиб боришда суд назоратини кучайтириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш, шундан келиб чиққан ҳолда, тинтув ўтказишга ва жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларнинг телефондаги мулоқотларини эшитиб туришга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш;

– айрим қилмишларни жиноятлар тоифасидан чиқариш ва либераллаштириш, жиноий жазоларни инсонпарварлик нуқтаи назаридан ўзгартириш мақсадида 2018 – 2021 йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни ривожлантириш концепциясини қабул қилиш ва амалга ошириш;

– жазони ижро этиш муассасалари тизимини танқидий ўрганиш ва тубдан такомиллаштириш доирасида 2018 – 2022 йилларда тегишли чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш.

Мазкур йўналишлардан келиб чиққан ҳолда партиямиз ўз фаолиятини суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштиришга, суд ҳимояси тизимини кенгайтиришга, судларнинг адолатлилигини, холислигини таъминлашга йўналтиради. Ишончимиз комилки, кучли суд ҳокимияти бўлмаган жойда қонун ва адолат тамойиллари бузилади. Шу сабабли биз судлар мустақиллигини таъминлаш ва уларнинг обрў-эътиборини кучайтириш учун ҳаракат қиламиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органларининг жамоатчилик олдидаги ҳисоботини тизимли равишда амалга ошириш, бу жараёнга оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб этиш тарафдоридир. Бу инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим шарти ва кафолати ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида коррупция ва бюрократизмнинг олдини олишнинг муҳим омилидир.

Партия коррупцияга қарши курашнинг фаол тарафдоридир. Биз коррупцияга қарши курашга йўналтирилган чора-тадбирларнинг тизимли равишда амалга оширилиши, барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ОАВ, фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши фаолиятини бирлаштириш тарафдоримиз.

Умуман олганда, Президент Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар биз, Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик корпусидан фаолиятимизга ишчанлик, натижадорлик, ўз-ўзини танқид руҳини олиб киришни талаб этмоқда. Биз ўзимизнинг буюк мақсадларимизга эришиш йўлида фидойилик кўрсатиб ишлашимиз, бутун билимимиз, тажрибамиз ва садоқатимизни Ватанимиз гуллаб-яшнаши йўлида сафарбар этишимиз лозим. Биз халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ишини тубдан қайта кўриб чиқамиз ва уларнинг самарали фаолиятини ташкил этамиз, бу жараёнда инновацион тараққиёт, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, жиноятчилик ва қонунбузарликларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз.

Ишонамизки, Ўзбекистоннинг келажаги Ҳаракатлар стратегияси ва Мурожаатномада белгилаб берилган вазифаларни муваффақиятли амалга оширишга бевосита боғлиқ. Биз бу жараёнда демократик ва эркин Ўзбекистон, адолатли давлат ҳокимиятини таъминлаш, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун муносиб ва фаровон ҳаёт, давлат ва жамиятда тартиб-интизом кафолатини кўрамиз. Ўзбекистон – бизнинг умумий уйимиз. Ҳар бир ишда адолат ҳамроҳимиз бўлсин!

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари

ЎЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИ — ИННОВАЦИОН ТАРАҚҚИЁТДА was last modified: Февраль 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »