Ватанга хизмат энг олий саодат

6 Февраль, 18:41 • Самарқанд вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 37 марта кўрилди • Комментариев к записи Ватанга хизмат энг олий саодат нет

Ҳар бир инсон туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган жойни ўз ватани деб билади. Шу замин, шу юртнинг равнақи, тараққиётини кўриш кишига чексиз ғурур ва бахт ато этади. Шу заминда яшайдиган ватанпарвар инсон қалбида юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси қалбларда жўш ўриб, куч қувват бағишлайди.

Дарҳақиқат, ватан – муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, равнақи ва фаровонлиги, тинчлиги ва осудалиги йўлида хизмат қилиш шу юрт фарзандиман деган ҳар бир фуқаронинг халқи олдидаги муқаддас бурчи. Жорий йилнинг 6 февраль куни Самарқанд  вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ана шундай улуғвор мақсад йўлида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда “Адолат” СДП Самарқанд шаҳар Кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳар Кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, бўлажак аскарларнинг ота-оналари, ёшлар иштирок этди.

Кузатув маросимида мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг эзгу орзусига, фахр-ифтихорига айлангани таъкидланди. Бу туйғулар Ватанимиз мустақиллиги йилларида замонавий ҳарбий техника, қурол-яроғ ва юксак малакали кадрлар билан таъминланган, юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимиз осойишталигини ҳимоя қилишга қодир миллий армиямиз шакллантирилгани туфайлидир. Йигитларнинг муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида саралаб олинаётгани армиямизни жисмоний ва маънавий, билимли кадрлар билан таъминлашнинг кафолати бўлиб хизмат қилаётир.

Муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган йигитлар сафида Самарқанд шаҳридаги банк коллежини битирган Исломбек Хайдаров ҳам бор. Уни юрт олдидаги шарафли бурчи, ҳарбий хизматга оила аъзолари, яқинлари кузатиб қўйди.

– Ўғлим коллежда барча фанлардан аъло ўқиб, спорт билан мунтазам шуғуллангани туфайли барча синовлардан мувафаққиятли ўтди, – дейди унинг онаси Саида Хайдарова. – Мен ўғлимнинг Ватан ҳимоячилари сафидан ўрин олаётганидан жуда бахтиёрман.

Тадбир сўнгида “Адолат” СДП Самарқанд шаҳар Кенгаши томонидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларга партиянинг бадиий китоблар жамланмаси  ва эсдалик совғалари топширилди.

Ватан, тинчлик, жасорат ва мардлик ҳақидаги қўшиқлар тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.

Элёр УЛУҒМУРОДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд шаҳар Кенгаши раиси

Ватанга хизмат энг олий саодат was last modified: Февраль 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »