Вазифалар белгилаб олинди ва ўрганишлар бошланди

16 Февраль, 19:24 • Депутатлик гуруҳи, Қашқадарё вилояти, Янгиликлар • 303 марта кўрилди • Комментариев к записи Вазифалар белгилаб олинди ва ўрганишлар бошланди нет

Бугун Нишон тумани ҳокимлиги мажлислар залида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар, маҳаллий ҳокимлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзоларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров бошқариб борди.

— Одамларнинг ўй — ташвишлари, дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқот орқали муаммоларини ҳал қилишданда юксак иш йўқ аслида, — деди Наримон Умаров. – Албатта бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган кенг қамровли ишлар ҳаммамиз учун ибратли бўлмоғи зарур. Қадрли ишчи гуруҳ аъзолари. Одамлар билан мулоқот қилиш орқали биз жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганамиз. Шу ўн кунлик мулоқотимиз давомида фуқаролар биздан миннатдор бўлишлари лозим.

Йиғилишда Наримон Умаров юзма — юз мулоқотлар ўзаро ҳурмат, самимий руҳда кечиши, халқни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишда камарбаста бўлиш ҳар бир ишчи гуруҳ аъзосининг бурчи эканлигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишдан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг ҳудуддаги ҳақиқий аҳволни ўрганишлари бошланди. Ишчи гуруҳ аъзолари фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан аҳоли билан юзма — юз мулоқотга киришдилар.

Шу куни партиядошларимиз Наримон Умаров ва Абдуғани Умировлар туман ҳокими Асрор Жўраев ҳамкорлигида туман тиббиёт бирлашмасига қарашли жарроҳлик бўлимида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишдилар.

— Аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча чора тадбирларни кўраяпиз, — деди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ёқуб Шоназаров. – Янгидан реконструкция қилинаётган жарроҳлик бўлимини замонавий асбоб- ускуналар билан жиҳозлашда муаммолар йўқ. Бу борада вилоят соғлиқни сақлаш бош бошқармаси  ва Соғлиқни сақлаш Вазирлиги томонидан керакли кўмак кўрсатилмоқда. Аммо деярли барча тиббиёт муассасаларимизда хусусан, 29-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида иситиш тизими яхши ишламаётгани фаолиятимизда бир қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Бунинг устига жарроҳлик ва бошқа бўлимларимизда ҳам канализация тизими талабга жавоб бермайди.

Шунингдек, депутатлар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли поликлиникада ҳам бўлишди. Бу ердаги шарт — шароитлар, фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизматдан аҳоли мамнун. Поликлиника бош шифокори Искандар Умирқулов бу ерда беморларга кунлик тиббий хизмат кўрсатиш, касалликни вақтида аниқлаш учун зарур қулайликлар мавжудлигини билдирди. Шундан сўнг депутатлар кўп тармоқли поликлиника хоналарини кўздан кечирдилар. Ўрганишлар жараёнида, ҳақиқатдан ҳам муассасада фуқароларга шу кун талаблари асосида хизмат кўрсатилаётганлиги аниқланди. Аввало, шифокор кўригига келаётган бемор учун поликлиника залларига етарли ўриндиқлар ўрнатилган. Шифокор қабули ва беморга аниқ ташхис қўйиш учун лаборатория жиҳозлари етарли. Ҳатто олис қишлоқлардан шифо истаб келаётганлар учун ҳам кунлик муолажалар кўнгилдагидек  амалга оширилмоқда.

Шу куни ўрганишлар жараёнида парламентимиз аъзоларига тиббиёт ходимлари даволаш муассасаларида таъмирлаш ишларини олиб боришда ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилишди. Депутатлар аралашуви туфайли туман тиббиёт бирлашмасига қарашли даволаш муассасаларида таъмирлаш ишларини ўз вақтида кечиктирмасдан бажариш учун мутасадди давлат идоралари томонидан зарур чора – тадбирлар белгиланиши ҳақида депутатларимиз саломатлик посбонларига етарли  тушунтиришлар бердилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Наримон Умаров ва Абдуғани Умировнинг туман тиббиёт бирлашмаси саломатлик посбонлари билан юзма – юз мулоқотлари ўзаро ҳурмат ва самимий руҳда ўтди.

Ўрганишлар давомида тиббиёт ходимларини  қийнаб келаётган бошқа масалаларда ҳам депутатларимиз амалий ёрдам кўрсатилишини маълум қилдилар.

Шу куни фракция раҳбари ва депутатлар туманнинг Пахтаобод маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган тадбиркор Қодир Авазов етакчилик қилаётган цех фаолияти билан ҳам танишдилар. Тадбиркор билан юзма-юз мулоқотда Қодир Авазов ўз иш фаолияти ҳақида тўлқинланиб гапирди.

— Мустақил мамлакатимизда тадбиркорлар учун кенг имкониятлар эшиги очилганидан фойдаланиб, ҳунармандчилик буюмлари ясашни бошлаган эдик, — деди тадбиркор Қодир Авазов. — Саъи ҳаракатларимиз зое кетмади. Бугунга келиб ҳар куни 100 тагача асалари уялари учун яшиклар ясаб, туманимизда етти хазинанинг бири асаларичиликни ривожлантиришга ҳисса қўшаяпмиз. Сиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг бизнинг цехимизга ташриф буюриб, камчиликларни бартараф этишда ёрдам бераётганларингиздан миннатдормиз. Бундан кейин ҳам ишларимизни кучайтириб, халқимиз дастурхонини асалари маҳсулотига тўкин қилишда ўз ҳиссамизни қўшаверамиз. Келгусида асалари етиштиришни ҳам кўпайтирамиз.

Умарбек ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгашининг

депутатлик гуруҳлари билан

ишлаш бўйича етакчи мутахассиси

Вазифалар белгилаб олинди ва ўрганишлар бошланди was last modified: Февраль 17th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »