Яхши ҳаёт кечириш, аввало, яшаш жойида муносиб шароитлар бўлишига боғлиқ

23 Февраль, 10:46 • Депутатлик гуруҳи, Жиззах вилояти, Янгиликлар • 137 марта кўрилди • Комментариев к записи Яхши ҳаёт кечириш, аввало, яшаш жойида муносиб шароитлар бўлишига боғлиқ нет

Дўстлик туманида республикамиз парламенти аъзоларининг назорат-таҳлил тартибидаги ўрганишлари ҳудудда муаммо ва камчиликлар анча тўпланиб қолганини кўрсатмоқда.

Аниқланишича, аҳолининг асосий хўжалик фаолияти деҳқончилик бўлган мазкур туманда кўча ва йўллар, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси таъминоти, маданий, маший хизмат кўрсатиш фаолиятининг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги аҳолига қийинчилик туғдирмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан қишлоқ болаларининг таълим-тарбия олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, аҳолини тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан хабар олиш, уларни энг зарур саккиз турдаги маҳсулотлар ва дори-дармонлар билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган фуқароларга аравачалар, эшитиш мосламалари етказиб бериш, хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, аёллар учун пазандалик, тикувчилик, қандолатчилик ўқув курслари ташкил этиш, уй-жойларни, қишлоқ йўлларини таъмирлаш, ободонлаштириш, оилавий тадбиркорлик учун банк кредити ажратиш каби масалалар бўйича мутасадди ташкилотлар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Тўлқин Абдусатторов ишчи гуруҳ таркибида тумандаги “Қаҳрамон” ҚФЙ, “Чинобод” ва “Мевазор” МФЙларда фуқаролар билан мулоқот қилди. Жумладан “Қаҳрамон” ҚФЙдаги 11-умумтаълим мактаби биноси 250 ўринга мўлжалланган. Мазкур мактабда 400 га яқин ўқувчи таҳсил олмоқда, битта партада уч-тўрттадан ўқувчи ўтиришига тўғри келаётганлиги афсусланарли ҳол, албатта. Қолаверса, мактаб биносида иссиқлик таъминоти ҳам қониқарли даражада эмас. Шуларни назарда тутиб, таълим даргоҳини иситиш мақсадида кўмир билан таъминлаш, мактаб учун қўшимча бино қурилиши бўйича мутасадди ташкилот раҳбарлари аниқ чора-тадбирлар кўриши таъкидланди.

“Қаҳрамон” ҚФЙда ички йўллар таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Ачинарлиси, бу ҳудудда қишлоқ врачлик пункти йўқлиги боис фуқаролар зарурат туғилганда туман марказидаги тиббиёт муассасаларига қатнашга мажбур бўлишмоқда.

“Чинобод” МФЙ, “Мевазор” ҚФЙларда жойлашган 2, 13, 20-умумтаълим мактаблари ҳамда “Лола” номли 4-сонли мактабгача таълим муассасасида ҳам аҳвол кўнгилдагидек эмаслиги маълум бўлди. Таълим масканларида синф хоналарини иситиш борасида қиш мавсумига ўз вақтида яхши тайёргарлик кўрилмаганлиги аён бўлди. 4-сонли МТМда хоналар кўмир билан иситилиб, боғча айвонидаги санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган қўлбола ўчоқда ўтин ёқиб, овқат тайёрланар экан.

— Инсоннинг яхши ҳаёт кечириши, аввало, яшаш жойида муносиб шароитлар бўлишига боғлиқ, – дейди депутат Т.Абдусатторов. — Шу маънода туманнинг айрим чекка қишлоқлари бугунги тараққиёт мезонларидан анча ортда қолаётгани бу ҳудудда аниқ амалий ишларни тезроқ амалга оширишни талаб этади. Ўрганишлар асосидаги таҳлил ва хулосалар пировардида аниқ самара бериб, мазкур қишлоқларда одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб умргузаронлик қилиши учун шарт-шароитлар яратилиши лозим.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши 

матбуот хизмати

 

Яхши ҳаёт кечириш, аввало, яшаш жойида муносиб шароитлар бўлишига боғлиқ was last modified: Февраль 23rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »