Янгича ёндашув ва жиддий талабчанлик руҳида ишлашимиз зарур

9 Февраль, 14:37 • Адолат газетаси, Муносабат, Пленум, Янгиликлар • 144 марта кўрилди • Комментариев к записи Янгича ёндашув ва жиддий талабчанлик руҳида ишлашимиз зарур нет

Аввал хабар қилганимиздек куни кеча Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг IX пленуми бўлиб ўтган эди. Пленумда партиянинг 2017 йилдаги фаолияти танқидий таҳлилий кўриб чиқилиб, келгусидаги режалар ҳам муҳокама этилди. Келгусида партия фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан пленум иштирокчилари фикр ва таклифларини билдиришди.

Ерназар Кунназаров, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси:

— Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 июлда ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси барчамизга, шу жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон ҳудудий кенгаши олдига ҳам юксак масъулиятли вазифаларни белгилаб берди.

Тан олиб айтиш керак, ҳисобот йилида партиявий лойиҳаларимиз доирасида ўрганиш ишлари анча самарали ташкил этилган бўлса-да, уларни маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари ва сессиялари кун тартибига киритишда етарлича фаоллик кўрсата олмадик.

Биргина мисол. Қорақалпоғистонда ўтган йил давомида партиямиз шаҳар ва туман кенгашлари томонидан “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида жами 65 та мактабгача таълим муассасалари ҳамда 130 та умумтаълим мактабларида тиббий хизмат ҳолати ўрганилган бўлса-да, уларда аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этишда доимий комиссия йиғилишларига 8 та, маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига атиги 3 та масала киритишга эришилди, холос.

Партия лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишларимизни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишда ҳам эътиборсизликка йўл қўйилди.

Эндиликда бу каби салбий ҳолатлардан тўғри хулоса чиқариб, фаолиятимизни тубдан ўзгартиришимиз, янгича ёндашувлар ва жиддий талабчанлик руҳида ишлашимиз зарур.

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— 2017 йилда парламент аъзолари томонидан ҳудудларни комплекс ўрганиш ҳамда халқ билан мулоқот қилиш бўйича жорий қилинган янги тизим жойлардаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш, мавжуд муаммоларни жойида бартараф этишда яхши самара берди. Ушбу жараёнда фракциямиз аъзолари асосан ижтимоий соҳага, яъни соғлиқни сақлаш, таълим тизимидаги масалаларга асосий эътибор қаратишди ва қатор камчиликлар аниқланди.

Жумладан, аҳоли билан ўтказилган бевосита мулоқотлар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳолати масалаларини ўрганиш давомида ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмларнинг белгиланган нархларига айрим ҳолатларда риоя этилмасдан ўз нархидан юқорироқ нархларда сотиш ҳолатлари мавжудлиги кузатилмоқда. Бундай ҳолатни республикамизнинг деярли барча вилоятларида фаолият кўрсатаётган дорихоналар мисолида кузатиш мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда, фракциямизнинг 2018 йилга мўлжалланган иш режасида соғлиқни сақлаш вазирининг ушбу масала юзасидан эшитувини ташкил этишни режалаштирганмиз. Шу мақсадда энг аввало, ҳудудий партия ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида барча вилоятларда соҳадаги муаммо ва камчиликларни ўрганиб, мутасаддилар олдига аниқ масалалар қўйиш орқали ушбу йўналишдаги муаммолар самарали ҳал этилишига эришамиз.

Шунингдек, жорий йилда жойлардаги бирламчи тиббий-санитария ҳолатини, чекка-чекка ҳудудларда патронаж хизмати сифатини, бирламчи тиббий муассасаларнинг кадрлар билан таъминланиши ва уларга ажратилган штат бирликларининг меъёрларга қанчалик мослиги каби масалалар ҳам диққат марказимизда бўлади.

Албатта, маҳаллий Кенгаш депутати ва Қонунчилик палатаси депутатининг ўзаро ҳамжиҳатликда олиб бораётган фаолиятини эътироф этган ҳолда, ҳамма ҳудудий кенгашларимизда ҳам бу тизим самарали йўлга қўйилган, дея олмаймиз. Бу узвийликни таъминлашда ҳудудий ва туман, шаҳар партия кенгаши раисларининг фаоллигини янада оширсаккина аниқланган муаммоларни жойида ҳал этишга, ислоҳотларнинг кузатувчиси эмас, ижросига айланишимиз ва бу орқали халқимиз, сайловчиларимиз ишончига сазовор бўлишимиз мумкин.

Умиджон Шоумаров, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи:

— Айтиш жоиз, партиявий иш жараёнида бир қатор муҳим жиҳатлар эътиборимиздан четда қол-ганини бугун вақтнинг ўзи кўрсатиб турибди. Пленумда фаолиятимиздаги айрим камчиликларни ўз ўрнида тезкорлик билан бартараф этиш бўйича тегишли хулосалар чиқариб олдик.

Дарҳақиқат, ўтган сайловларда партиямиз томонидан сайловчиларга берган ваъдаларимиз сайловолди дастуримизда аниқ вазифалар сифатида белгилаб қўйилган. Ушбу вазифаларни амалга оширишда партиядан сайланган депутатларнинг, айниқса, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимизнинг самарали фаолияти, ташаббуси муҳим аҳамиятга эга. Лекин, афсуски, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимизнинг фаолиятида самарали саъй-ҳаракатлар сезилмаяпти.

Бу каби масъулиятсизлик, беписандлик билан ёндашган халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатларидан 1 нафарини, шаҳар, туман Кенгашларидан 3 нафар депутатни муддатидан олдин чақириб олдик.

Ўтган йил мобайнида вилоятда бўшаб қолган депутатлик ўринларига ўтказилган сайловда 1 та депутатлик ўрнини эгалладик.

Бироқ 9 та туман, шаҳар маҳаллий Кенгашларида депутатлик гуруҳларини ташкил эта олмаганимиз, айниқса, Бўка туманида умуман депутатлик ўринга эга эмаслигимиз, ўтган сайловларда фаол иштирок эта олмаганимиздан далолат беради.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида келгуси сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда бўшаб қолган депутатлик ўринларига ўтказилаётган сайловларда фаоллик кўрсатиш мақсадида алоҳида чора-тадбирларни белгилаб олганмиз.

Ўтган йил давомида вилоятда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига масалалар киритишда партия депутатларининг ташаббускорлиги етишмаганлиги, афсуски, вилоятимиз кўрсаткичларига ўз салбий таъсирини кўрсатди, дейиш мумкин. Негаки, вилоят маҳаллий Кенгашларидаги 83 нафар депутатимизнинг ҳар бири фаоллик кўрсатганида ҳудудда бир қатор муаммолар ечим топган бўларди.

Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши сессияси муҳокамасига депутатлик гуруҳимиз томонидан 2017 йилда атиги 1 та масала киритилди. Бундай салбий ҳолатларда қуйи партия ташкилотларининг ҳам айби бор, албатта. Улар томонидан партия депутатларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, улар билан яқин алоқада фаолият олиб боришда сусткашликларга йўл қўйилди. Партиянинг маҳаллий кенгашларида ижрочи котиблар фаолият бошлаганлиги бу каби камчиликлар бартараф этилишига имкон яратади.

Муҳиба БОБОБЕКОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Cамарқанд вилоят кенгаши раиси:

— 2017 йилнинг августида бўлиб ўтган Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сиёсий форумидаги топшириқлардан келиб чиқиб, ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари фаолиятини қайтадан таҳлилий-танқидий кўриб чиқдик. Бунда ҳақиқатдан ҳам сиёсий партияларга, депутатларимизга ўз фаолиятини самарали олиб бориш учун кўплаб ваколатлар берилган бўлишига қарамай, ундан самарали фойдалана олмаганимиз, фаолиятимиз давомида кўплаб соҳаларда эътиборсизлик, сусткашликка йўл қўйганимизга амин бўлдик.

Шу муносабат билан партиянинг вилоятдаги ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг иш услубини тубдан ўзгартиришни, жумладан, аҳоли билан доимий мулоқотлар олиб бориш, аҳолини ўйлантираётган ҳаётий долзарб муаммоларни бартараф қилишда фаол иштирок этиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор масалаларни ҳал қилиш борасидаги ташаббускорликни оширишни кун тартибимиздаги энг устувор вазифа этиб белгилаб олдик.

Хусусан, фақатгина партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари қошида ташкил этилган “Адолат қабулхоналари” Каттақўрғон шаҳар кенгаши ташаббуси билан маҳаллалар қошида ҳам ташкил этилиб, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Маҳаллаларда ўтказилган сайёр қабуллар, аҳоли билан олиб борилган юзма-юз мулоқотлар чоғида 526 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 11567 та хонадонларга ишчи гуруҳларимиз томонидан ташриф буюрилди. Ушбу жараёнда сайловчилар ва аҳоли томонидан бўлган мурожаатларнинг 312 тасига амалий ёрдам кўрсатилди. 150 таси юзасидан депутатлик сўровлари юбориш орқали ижобий ечим топди.

Шунингдек, 2017 йилда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳларимиз ташаббуси билан 19 та масала халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сессияларида, 19 та масала доимий комиссияларда муҳокама этилиб, уларда 25 нафар мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Аммо ушбу ишларда барча маҳаллий партия кенгашларимиз ҳамда депутатлар бирдай жонбозлик кўрсата олишмади. Самарқанд, Пахтачи, Нарпай туман партия кенгашлари томонидан депутатлар фаолиятига етарли даражада аҳамият берилмади, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар, депутатлик гуруҳларининг фаолияти талаб даражасида ташкил этилмади. Ваҳоланки, ушбу туманларда бир қатор долзарб масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар мавжуд, депутатлик гуруҳларимиз томонидан сессияларда ушбу соҳаларга доир масалаларни кўтариб чиқиш, муаммоларни ҳал этиш юзасидан бирор-бир ижобий таклифлар киритилмаганлиги жиддий камчилик саналади. Ўз-ўзини танқид руҳида иш олиб борсак, бундай камчиликлар барҳам топишига эришамиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Янгича ёндашув ва жиддий талабчанлик руҳида ишлашимиз зарур was last modified: Февраль 10th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »