Янгиерда фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш жараёни давом этмоқда

26 Февраль, 19:16 • Депутатлик гуруҳи, Сирдарё вилояти, Янгиликлар • 248 марта кўрилди • Комментариев к записи Янгиерда фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш жараёни давом этмоқда нет

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенат аъзолари ҳудудларни ижтимоий — иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳадаги мавжуд  аҳволни ўрганиш мақсадида Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрига ташрифи давом этмоқда. Улар жойларда бўлиб, фуқаролар билан учрашмоқдалар. Бевосита мулоқотлар жараёнида жойларда ислоҳотларни амалга ошириш самаралари ўрганилмоқда. Ўрганишлар давомида ҳудуддаги турли соҳаларда вужудга келган айрим муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари Орифжон Қудратов, Икром Каратаев, Мирзааҳмад Шоимовлар Ўзбекистон “Адолат” социал — демократик партиясининг вилоят ва шаҳар Кенгаши вакиллари ҳамроҳлигида 2 — сектор ҳудудига қарашли “Обод юрт” маҳалла фуқаролар йиғини фуқаролари билан олиб борган самимий мулоқоти жараёнида уларнинг ютуқлари, баъзи мавжуд муаммолари билан ўртоқлашмоқда. Янгиер шаҳридаги Мусиқа ва санъат мактабининг мажлислар залида ташкил этилган фуқаролар билан учрашувда дастлаб 2 — сектор раҳбари шаҳар прокурори Улуғбек Джураев 2017 — йил давомида сектор ҳудудида амалга оширилган ижобий ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди. Сўнгра фуқаролар томонидан ютуқлар билан бир қаторда муаммолар ҳам кўтарилди.

Жумладан, Тинчлик кўчаси, 15/12 – уйда яшовчи фуқаро Корун Регина ҳамда Фарғона кўчасида яшовчи фуқаролар Зарифахон Солиева, Шароф Рашидов кўчаси, 2/7 – уйда истиқомат қилувчи Малоҳат Жуманиёзовалар томонидан канализация тизимидаги муаммолар кўтарилди. Сенат аъзолари томонидан шаҳар “Сувоқава” давлат унитар корхонаси раҳбари Алишер Мадаминовга муаммоларни бартараф этиш юзасидан топшириқлар берилди.

Маҳалланинг Самарқанд кўчаси, 13 – уйида истиқомат қилувчи Турсуной Бойбўтаева томонидан ичимлик сувида муаммолар мавжудлиги, ўзи истиқомат қиладиган ҳудудда тоза ичимлик суви таъминотида узилишлар юзага келаётганлигини таъкидлаб, муаммони ҳал этиш юзасидан амалий ёрдам сўради. Масала юзасидан Сенат аъзолари томонидан шаҳар “Сувоқава” ДУК раҳбари Алишер Мадаминовга ушбу муаммони бартараф этиш юзасидан керакли топшириқлар берилди.

Чаманзор кўчаси, 49 – уйда истиқомат қилувчи фуқаро Норбиби Пирбўлдиева Янгиер шаҳар марказий деҳқон бозори ҳудудида турмуш ўртоғига тегишли бўлган дўконнинг шаҳар бош режаси асосида бузилганлиги, ҳозирда дўкон учун компенсация пуллари берилмаганлигидан шикоят қилди. Сенат аъзолари ушбу масалани ҳал қилиш учун шаҳар ҳокими ўринбосари Д.Азимовга тегишли топшириқлар беришди ва масала тез орада ҳал этиладиган бўлди.

Маҳалланинг Жомий кўчаси, 19/1 – уйда яшовчи Зенура Маматқулова турмуш ўртоғи Усмонали Маматқуловнинг олаётган нафақа пули кам ҳисобланганлигини билдириб, пенсия пулини оширишда амалий ёрдам сўради. Сенат аъзолари Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси раҳбари Жаҳонгир Норчаевга топшириқлар бериб, масалани атрофлича ўрганиб ижобий ҳал этишда топшириқлар беришди.

Ишчи гуруҳ билан биргаликда Янгиер шаҳридаги ногирон аёллар учун “Мурувват” интернат уйига ташриф буюрилиб, у ердаги мавжуд шарт – шароитлар билан яқиндан танишилди. Ушбу маскан иккита бинодан ташкил топган бўлиб, 2013 – йилдан бошлаб “Мурувват уйи” номини олган. 2016 – йилда маскан янги бинога кўчиб ўтган. Бу ерда 141 та васийликка олинган ногирон аёллар истиқомат қилади. Ногирон беморлар учун барча шарт – шароитлар яратилган. Хусусан, спорт билан шуғулланиш учун спорт заллари, кутубхоналар, физиотерапия хоналари, кенг, шинам, ёруғ ошхоналар ҳамда беморлар тўқиш, тикиш учун ажратилган хоналар билан таъминланган. Муассасага хомийлар томонидан доимий хабар олиниб, ёрдам берилиб келинаётганлиги таъкидланди. Ушбу муассаса фаолиятида муаммолар кузатилмади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоларининг Янгиер шаҳридаги мавжуд ижтимоий — иқтисодий аҳволни ўрганиш юзасидан фаолияти давом этмоқда.

Шуҳратжон ҲАСАНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

Янгиерда фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш жараёни давом этмоқда was last modified: Февраль 26th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »