Ёшларнинг инновацион ғоя ва технологиялари

19 Февраль, 12:04 • Андижон вилояти, Ёш адолатчилар, Янгиликлар • 177 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёшларнинг инновацион ғоя ва технологиялари нет

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилни Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, дея номлар экан “Инновация – бу келажак дегани. Биз буюк келажагимизни барпо этишни бугундан бошлайдиган бўлсак, уни айнан инновацион ғоялар, инновацион ёндашув асосида бошлашимиз керак”, дея алоҳида таъкидлаган эди. Шу маънода бугун бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, барча соҳаларда янги лойиҳаларни амалиётга тадбиқ этиш долзарб вазифага айланди. Бу партиямизнинг сайловолди дастурида белгиланган энг долзарб вазифалардан бири эканлиги билан ҳам эътиборли.

Яна бир қувонарли ҳолат ташаббускор ва изланувчан ёшларнинг сафи кенгайиб бормоқда. “Инновацион технологиялар, таълим босқичлари интеграцияси” мавзусида Андижон машинасозлик институтида ўтказилган кўргазмали семинарда ҳам юқоридагилар ўз ифодасини топди. Таклиф этилган 300 дан ортиқ ишланмаларнинг ҳар бири ўзига хос. Саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, фан-таълим ва тиббиёт ривожига қаратилган лойиҳалар тараққиётга қаратилган. Биргина Машинасозлик институтининг изланувчан талабалари 70 дан ортиқ ишланмалари билан қатнашганини эътироф этиш лозим.

— Тадбиркорликни ривожлантириш ва инновацияни қўллаб-қувватлаш эртанги кунимиз тараққиёти йўлида қўйилган дадил қадам демакдир,-дейди Машинасозлик институтининг проректори Акмалжон Эрматов,- Бу йил биринчи маротаба кўргазмада коллеж, академик лицей мактаб ўқувчилари ҳам иштирок этмоқда. Бундан кўзланган мақсад ёшларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш. Кўргазмалар натижасида олийгоҳимизда ташкил этилган инновацион марказ аъзоларининг сафи кенгайиб бормоқда. Ҳар ойда махсус ишчи гуруҳи тақдим этилган лойиҳаларни кўриб чиқади ва энг муносиб топилганларини амалиётда қўллаш учун вилоят ҳокимлигига тавсия этилади.

Раҳбарой Янгибоева мазкур институтнинг 1-босқич талабаси. Кўргазмада у кичик фермер хўжаликларида фойдаланишга мўлжалланган олма қуритиш аппарати билан қатнашмоқда. Янги машинанинг афзаллиги шундаки уни электр энергияси бўлмаган жойларда табиий ҳолда қуёш иссиғлиги билан ҳам ишлатиш мумкин.

— Боғдорчилик фермер хўжаликларида мева пишган вақтда ҳар куни ҳам мевани қайта ишлаш корхоналарига етказиб бериш имкони бўлмайди,-дейди изланувчан талаба Р.Янгибоева. — Агар ушбу машинадан фойдаланилса оз миқдордаги мевани ҳам тўрт соатда қуритиш мумкин. Муҳими, бу иш тез ва арзон баҳода бажарилади.

Яна бир ёш изланувчи Хуршидбек Раҳимбердиев ўз лойиҳасини “Ақилли теплица” деб номлабди. Унинг мақсади иссиқхоналарда намликни белгиланган меъёрда ушлаб туриш. Бунга буғланиш ҳисобига  эришилади.

Андижон давлат тиббиёт институти талабалари халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси Хуснигул Мухторжонованинг бу борадаги фаолиятига эътибор қаратайлик. Аёлларда учрайдиган ёмон сифатли ўсмаларни ўз вақтида аниқланмаслиги унинг эътиборини тортди. Устозлари ёрдамида айни шу  касалликни эрта аниқлаш устида изланди. Мутахассислар томонидан бу таклиф ижобий баҳоланди.

Хўжаобод қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Салохиддин Олимовнинг электр омочи техника кириши қийин бўлган жойларда ер ағдаришга мўлжаллангани билан кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Уларни амалиётга йўналтирилиши  ўз ўзидан ривожланишга хизмат қилади.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби

Ёшларнинг инновацион ғоя ва технологиялари was last modified: Февраль 19th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »