Юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида

2 Февраль, 18:14 • Муносабат, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 162 марта кўрилди • Комментариев к записи Юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида нет

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 22 январь куни қабул қилинган Фармони билан «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури тасдиқланиб, унинг асосий йўналишлари ва уни амалга оширишнинг биринчи навбатдаги чора-тадбирлари белгиланди. Фармон билан тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш бўйича икки йил муддатга мораторий эълон қилинди. Эндиликда, Фармон эълон қилинган кундан бошлаб тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг текширувларига вақт ва ресурс сарфламасдан ўз фаолиятини хотиржам амалга оширишлари мумкин. Энг қувонарлиси, вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёҳуд турар жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга олишга оид тақиқ бекор қилиниши бўлди. Ушбу норма фуқароларга мамлакатимизнинг исталган ҳудудида, айниқса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишга жойлашишда ҳеч қандай чекловларсиз ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини беради. Истиқболли кадрлар қаерда доимий ёки вақтинча прописка қилингани, турар жойи бўйича ҳисобда турганидан қатъи назар, пойтахт минтақасида меҳнат қила оладилар. Бу билан фуқароларимизнинг неча йиллик муаммолари ўзининг ижобий ечимига эга бўлди. Давлат дастури 5 бўлимнинг барчасида белгиланган мақсад ва вазифалар мамлакатни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш ҳамда халқнинг турмуш тарзини янада яхшилашга қаратилгани билан ўринлидир.

Давлат дастури доирасида 37 та қонун Сайлов кодекси, «Давлат хизмати тўғрисида», «Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисида», «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида», «Фан тўғрисида», «Инновацион фаолият тўғрисида»ги ва бошқаларни ишлаб чиқиш, 142 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ҳамда турли соҳаларни қамраб оладиган 52 та амалий чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Давлат дастурининг биринчи бўлими давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга бағишланганлиги билан муҳим  аҳамият касб этади. Шубҳасиз, «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши бу борадаги муҳим қадам бўлади. Ушбу ҳужжат, аввало, давлат идораларида хизматни ҳақиқатдан нуфузли фаолиятга айлантиради, давлат хизматчиларининг меҳнат ҳақи ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб тизимни шакллантиради, юклатилган вазифаларнинг сифатли ижроси учун давлат хизматчиларининг жавобгарлигини оширади. Эндиликда ҳар бир давлат хизматчиси эгаллаб турган лавозимига муносиб эканини ҳар куни исботлаши шарт. Бу эса жамиятимизнинг барча жабҳаларида ижтимоий ривожлантиришни юзага келтиради.

Тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш ва тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ишлар изчил давом эттирилиши ҳам ўз навбатида мақсадлидир. Соғлиқни сақлаш соҳасига инновацион технологияларни жорий қилиш кўзда тутилмоқда. Аҳолини арзон нархлардаги сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона ташкил этиш режалаштирилиши ҳам фуқароларга катта қулайлик яратади. Бу эса, уларнинг эътирозларини олдини олишга замин яратади.

Албатта, Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини амалда юксалтириш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.Бу йўлда биз депутатлар ҳам жам бўлиб, юрт равнақи ва халқнинг осойишталиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотларга масъулият билан ёндашмоғимиз лозим.

Шокир ЎРИШОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Халқ депутатлари Ангрен шаҳар

Кенгаши депутати

Юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида was last modified: Февраль 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »