Жойларда ислоҳотларни амалга ошириш самаралари ўрганилмоқда

20 Февраль, 11:03 • Депутатлик гуруҳи, Сирдарё вилояти, Янгиликлар • 115 марта кўрилди • Комментариев к записи Жойларда ислоҳотларни амалга ошириш самаралари ўрганилмоқда нет

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенат аъзолари ҳудудларни ижтимоий — иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳадаги мавжуд аҳволни ўрганиш мақсадида Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрига ташриф буюрдилар. Улар мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, муассасаларда, аҳоли истиқомат қиладиган жойларда бўлиб, фуқаролар билан учрашмоқдалар. Бевосита мулоқотлар жараёнида жойларда ислоҳотларни амалга ошириш самаралари ўрганилмоқда. Ўрганишлар давомида ҳудуддаги турли соҳаларда вужудга келган айрим муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари Арипжон Қудратов, Икром Каратаев, Мирзааҳмад Шоимовлар Ўзбекистон “Адолат” социал — демократик партиясининг вилоят ва шаҳар Кенгаши вакиллари, Сирдарё вилоят Асака банк филиали вакиллари ҳамроҳлигида Янгиер шаҳар прокуратурасида шаҳар прокурори раҳбарлигидаги 2 — сектор ишчи гуруҳи аъзолари билан учрашишди. Ушбу Секторга 16 нафар аъзо бириктирилган. Белгиланган вазифаларни амалга ошириш йўл харитаси белгиланган. Дастлаб сенаторлар 2 — сектор ҳудудига қарашли “Обод юрт” маҳалла фуқаролар йиғинини ўрганишди. МФЙда 5600 нафар аҳоли истиқомат қилади, ҳудудда 2 та мактаб, 3 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та поликлиника, 1 та ижтимоий фанларга йўналтирилган мактаб интернати фаолият кўрсатади. Сенат аъзолари Янгиер шаҳрининг “Обод юрт” маҳалла фуқаролар йиғини фуқаролари билан олиб борган самимий мулоқоти жараёнида уларнинг ютуқлари, баъзи мавжуд муаммолари билан ўртоқлашди. Сенаторлар аҳолининг яшаш шароити билан танишиш чоғида фуқароларнинг яратилган шароитлардан миннатдор эканлигига гувоҳ бўлишди. Бироқ, аҳолини қийнаётган айрим муаммолар ҳам борлигига кўз юмиб бўлмаслигини таъкидлаш даркор. Хусусан, Меҳнат кўчаси фуқароси Моҳидил Ибрагимова тез – тез шамол бўлиши оқибатида атрофдан ҳар хил чиқиндилар учиб келишини таъкидлаган. Бу масала юзасидан Янгиер шаҳар Ободонлаштириш бўлимига шу жойнинг ўзида топшириқлар берилди ва ҳудуддан тез – тез хабар олиниб, тўпланиб қоладиган ҳар хил чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилиши юзасидан топшириқлар берилди.

Меҳнат кўчаси, 3 – уйда яшовчи фуқаро Суннатилло Бобоев канализация тизимидаги ва ичимлик сувидаги муаммолар ҳал этилмаётганини таъкидлади. Бу масала юзасидан ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Янгиер шаҳар сув – оқава корхонаси вакилларига керакли топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари шаҳардаги 5-мактабгача таълим муассасасида бўлиб, болалар учун яратилган шароитлар билан танишди. Ушбу муассасада тарбиячилар фаолияти, омборхона, шунингдек, ошпазлар фаолиятлари ҳам кўздан кечирилди. Сенаторлар муассаса билан танишиш жараёнида шаҳардаги бир нечта МТМлар вакиллари билан Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорларни ўрганишга боғлиқ семинарга гувоҳ бўлишди. Семинар иштирокчиларини ҳам қийнаётган муаммолар тўғрисида сўралганда Янгиер шаҳар 6 – сонли болалар боғчаси тарбиячиси Нафиса Холназарова ўзи фаолият юритадиган болалар боғчаси чор атрофини девор билан ўраб беришда амалий ёрдам сўради. Масала юзасидан шаҳар мактабгача таълим муассасаси бошқармаси бошлиғи Дилшод Ибрагимовга муаммони ижобий ҳал этишда топшириқлар берилди.

Шунингдек, сенаторлар шаҳардаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг ижтимоий аҳволи билан танишишди. Ҳар бир хона ҳамда ўқитувчи фаолияти билан танишиб борар экан сенаторлар, таълим самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини айтиб ўтди. Бугунги кунда ёшлар учун яратилаётган ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланиш энг муҳим вазифалардан эканлиги хусусида тўхталди.

Арипжон Қудратов — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Биз ўтган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да ҳам фуқаролар кўтариб чиққан муаммоларнинг аксарият қисмини жойида ҳал этишга муваффақ бўлгандик. Вилоят ва мамлакат миқёсидаги масалалар эса тегишли мутасаддиларга ҳавола этилди ва уларнинг ҳал этилиши устидан парламент назорати ўрнатилди. Янгиер шаҳрида ҳам ўтган йил тўпланган тажрибалар асосида иш юритмоқдамиз. Биринчи навбатда фуқаролар билан жонли мулоқот қилиб, уларни ўйлантираётган ва ташвишлантираётган муаммоларни аниқлашга эътибор қаратмоқдамиз. Шу билан бирга жойларда ташкил этилган секторлардаги ҳолатни ўрганиш ва долзарб вазифаларини ҳал этишда амалий ёрдам бериш ҳам диққат марказимизда турганлигини таъкидлаб ўтишим даркор.

Эътиборли тарафларидан бири, бевосита суҳбатлар жараёнида фуқаролар юртимиз айни пайтда олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатни қизғин қўллаб — қувватлаётганликларини изҳор этдилар. Айниқса, давлат органларининг халқ эҳтиёжларини қондириш, уларни қийнаётган муаммоларга барҳам беришга қаратилган чора — тадбирларидан ҳамма ҳурсанд.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоларининг Янгиер шаҳридаги мавжуд ижтимоий — иқтисодий аҳволни ўрганиш юзасидан фаолияти яна бир неча кун давом этади.

Шуҳратжон ҲАСАНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

Жойларда ислоҳотларни амалга ошириш самаралари ўрганилмоқда was last modified: Февраль 20th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »