Адолатчиларнинг иши хорижликлар эътиборида

7 Март, 10:03 • Андижон вилояти, Янгиликлар • 180 марта кўрилди • Комментариев к записи Адолатчиларнинг иши хорижликлар эътиборида нет

Андижоннинг Шахрихон туманидаги қайси бир маҳаллада бўлманг ҳунармандчиликнинг бир тури ривожлангани, устазодалар томонидан ўзига хос тажриба мактаби яратилганига гувоҳ бўласиз. Шу маънода Андижонлик маҳалласида яшовчилар хақида гап борганда моҳир дўппидўзлар, дея таъриф берадилар. Бу бежиз эмас, албатта. Шахрихонлик аёллар тиккан дўппилар ички бозорда харидоргир, энг азиз меҳмонлар учун муносиб совға.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Шахрихон туман кенгаши раиси Азамжон Холиқов шахрихонлик сафдошларимиз орасида ҳунармандлар ҳам кўпчиликни ташкил этишини айтиб қолди. Партия фаоли Ёрқиной Тўйчиева улардан бири. Опанинг хонадонида янграётган алёрни эшитиб кириб борар эканмиз, ўндан ортиқ хотин-қизлар дўппи тайёрлаётганига гувоҳ бўлдик. Бир қарашда оддийдек кўринган бу ҳунар кишидан қунт, зеҳн ва ижодкорлик талаб қилади. Яна  қалб қўри ва меҳр берилмоғи лозим. Шунда тикилган дўппи сифатли ва чиройли бўлади.

— Бу ҳунар момоларимиздан мерос, -дейди Ёрқиной опа набира шогирди Ситорабонунинг ишини кузатганча. — Онам Рохатой дўппидўзлар сулоласининг бешинчи авлоди бўлган. Менга ҳам болаликдан қўлимга игна ушлашни  ўргатарди. Доим китоб ўқишга ундар, гўзалликни севишни, сабрли бўлишни таъкидларди.

Хонадондаги покизалик, саранжонлик ва анвойи гуллар ҳавасингизни келтиради. Оиланинг кичик кутубхонасидан 200 дан ортиқ китоблар ўрин олган. Улар орасида миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатига оид адабиётлар ҳам бор. Дўппидўзлар бўш вақтини китоб мутолааси билан ўтказади.

Самарқандлик мижозлар буюртмаси асосида тайёрланаётган “Ловия гул” номли дўппилар ўзига хос кўринишга эга. Гулларида ҳаётнинг давомийлиги ифодаланган. Икки йилдирки бу турдаги ишларга талаб ортиб бормоқда.

“Андижон”, “Балдоқ нусха” ва “Ниҳол” номли дўппиларнинг ҳам бозори чаққон. Эътиборлиси, ички туризмни ривожлантиришга қаҳрамонларимиз ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Уларнинг маҳсулотлари вилоятимиздаги бозорлардан ташқари Бухоро, Самарқанд ва Қўқон шаҳарларидаги савдо уйлари орқали юртимизга ташриф буюрган хорижлик меҳмонларга етказилмоқда. Ёрқиной опанинг номига битилган миннатдорчилик хатлари орасидаги  чет эллик сайёҳларнинг дил сўзлари фикримиз тасдиғидир.

Дўппидўзлар шу куни баҳорнинг тансиқ таоми сумалак ҳам пишираётган экан. Билдикки улар ўз ҳаётларидан мамнун. Шукроналикларининг рамзи сифатида маҳалладошларини сумалак сайлига таклиф этганлари ҳам бир байрам.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Адолатчиларнинг иши хорижликлар эътиборида was last modified: Март 7th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »