Ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш – замон талаби

5 Март, 09:55 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 130 марта кўрилди • Комментариев к записи Ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш – замон талаби нет

Бугунги кунни ахборот коммуникация технологияларисиз тасаввур этиш жуда қийин. Шиддат билан ривожланиб бораётган айни замонда ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш давр талабига айланмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида ҳам партия мамлакатимиз ахборот-коммуникация технологиялари юқори даражада жорий этилган илғор мамлакатлар қаторига кириши лозим, деб ҳисоблайди. Шу муносабат билан дастурда АКТни жорий этиш ва ривожлантириш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тарафдори эканлиги таъкидлаб ўтилган.

Мамлакатимиз раҳбари жорий йилнинг февраль ойида “Ахборот технологиялари ва коммуникация соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу фармонда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини бошқариш ва жорий этиш соҳасидаги бир қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этиш тўғрисида тўхталиб ўтилган, мақсадли вазифалар белгилаб берилган. Айтиш жоизки, соҳада бир қатор муаммолар мавжуд бўлиб, жумладан, мобиль алоқа ва Интернет тармоғининг етарли даражада ишламаслиги унинг сифат даражасини пасайтирмоқда. Давлат ахборот тизимлари ва ресурсларида ахборот хавфсизлигини ва ахборотни муҳофаза қилишни таъминлаш ишларининг заиф ташкил этилганлиги ахборотдан рухсатсиз фойдалана олиш, маълумотлар базаларининг бутунлиги ва махфийлигини бузиш имкониятини оширмоқда, замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига етарлича эътибор берилмаяпти, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг амалдаги тизими IT-технологиялар ривожланишининг тезкор суръатларини ҳисобга олмаётганлиги, шунингдек, таълим беришнинг илғор услубларини жорий этиш учун хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари билан самарали мулоқотни ташкил қилиш имконини бермаётганлиги соҳанинг жадал суръатлар билан ривожланишида тўсиқ бўлмоқда. Президентимиз томонидан қабул қилинган ушбу фармонда Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, электрон давлат хизматлари ва телекоммуникация хизматлари спектрини кенгайтириш, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилган ҳамда бу  борада аниқ вазифалар белгилаб қўйилган.

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Вазирлик ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекция этиб қайта ташкил этилганлиги ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш йўлларини янада яқинроқ кўрсатишга имкон беради.

Ҳужжатнинг имзоланганлиги тадбиркорлик фаолиятини ҳам ривожлантиришга ва шакллантиришга асос бўлди. Жумладан, 2018 йилнинг 1 июнь санасидан бошлаб  тадбиркорлик субъектлари товарлар, ишлар экспорт қилинганлиги учун экспорт шартномаси тузмасдан ва банк комиссияси ундирилмасдан, Интернет тармоғидаги электрон савдо майдончалари орқали, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича айрим товарлардан ташқари, товарлар, ишлар экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга эканликлари қайд этиб қўйилган.

Телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳолининг сифатли мобиль алоқа, Интернет тармоғидан кенг доирада фойдаланишини таъминлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир. Мамлакат раҳбари фармонда айни мана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратган. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим, коммунал хизмат кўрсатиш, туризм соҳасида замонавий ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базаларини жорий қилиш, “ақлли” ва “хавфсиз” шаҳарлар ҳамда ҳудудларни ташкил қилиш борасида белгилаб қўйилган топшириқлар соҳанинг янада тараққий этиб борилишида хизмат қилади.

Ҳар бир соҳанинг ўзига хос янги қирраларини кашф этилишида албатта, ахборот технология ва коммуникациянинг ўрни беқиёс. Мамлакатимизда деярли барча соҳаларда янгиланишлар кузатилар экан, биз албатта, унда замонавийликни акс этттиришда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Қабул қилинган ушбу фармондан асосий мақсад ҳам шунда, яъни ахборот технология ва коммуникациялардан унумли фойдаланиш ҳамда бу борада берилган вазифаларни вақти билан амалга оширишга ҳаракат қилишдир. Шундагина кўзлаган мақсадимизга эришамиз ва замон билан ҳамнафас яшаган ҳолда соҳалар ривожига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Умида ЯДГАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жондор туман Кенгаши раиси

Ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш – замон талаби was last modified: Март 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »