Алининг қарзини Вали тўлайдими?

5 Март, 13:57 • Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 123 марта кўрилди • Комментариев к записи Алининг қарзини Вали тўлайдими? нет

Йўл-йўлакай дўконга бирров кирдингиз. Пулингиз камроқ, лекин рўзғорга қуруқ чой керак. Шунда сотувчига 2000 сўмлик чой харид қилмоқчи эканингизни айтдингиз. У эса бунча пулга чой бермаслигини маълум қилади, яна беписандлик билан. Афсуски, баъзан шундай сотувчилар ҳам учраб туради. Бу вазиятда дилингиз хуфтон бўлиши аниқ. Шунда нима қиласиз? Хижолат бўлиб, кайфиятингиз тушиб, йўлингизда давом этасизми?

Самарқандлик Вера Бакаева эса бунинг қонуний чорасини топди. Сиёб деҳқон бозорида юз берган шу ҳолат бўйича Республика бош прокуратурасининг “Ишонч” телефонига мурожаат қилди. Мурожаат  тегишлилиги бўйича Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмасига юборилди. Мазкур мурожаат истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Самарқанд ҳудудий бирлашмаси мутахассислари ва халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди. Натижада сотувчи ўз хатосини тан олди ва истеъмолчининг ҳуқуқи тикланди. Шунингдек, бирлашма мутахассислари томонидан савдо мажмуаси ходимларига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан тушунчалар берилди.

М.Ҳалилов оиласи билан Самарқанд шаҳридаги “Барбикю бургер” умумий овқатланиш шохобчасида таомлардан тановул қилишди, дам олишди. Аммо кетар маҳали ошхона хизматчисидан чек сўрагани учун боши балога қолаёзди. Истеъмолчи қонунга тўғри келмайдиган бу ҳолат ҳақида Республика бош прокуратурасининг “Ишонч” телефонига мурожаат қилади. Мурожаат Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Самарқанд ҳудудий бирлашмаси ходимлари ҳамда халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан ўрганиб чиқилди. Дарҳақиқат, мурожаатдада келтирилган важлар асосли эди. Ошхона ходими А.Абдужабборова илгари ҳам ҳайфсан олганлиги боис, иккинчи интизомий жазо чораси сифатида у жаримага тортилди. Бу ҳол яна такрорлангудек бўлса, қонун доирасида янада қатъий чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Самарқандлик Д.Шерматова давлат ташкилотларидан бирида ишлайди. Ҳалол, виждонли фуқаро сифатида коммунал тўловларни, жумладан, электр энергияси ҳаққини ойлик маоши ҳисобидан ҳар ойда, мунтазам тўлаб борарди. Бир куни у ишлайдиган ташкилотга интернет тармоғи орқали электр энергиясидан 2 миллион сўм қарзи борлиги ҳақидаги хабар келди. Хонадонига ўрнатилган электр ҳисоблагич билан солиштирганда, у қарздор эмасди. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмасига йўллаган мурожаатида Д.Шерматова шулар хусусида баён қилган. Ариза бўйича бирлашма мутахассислари, халқ депуталари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамда электр тармоқлари корхонаси мутахассислари томонидан қайта хатловдан ўтказилди ва фуқаронинг қарзи йўқлиги аниқланиб, нореал қарздорлик бекор қилинди. “Электр энергиясидан кимдир ноқонуний тарзда фойдаланиб, тўлов мажбуриятидан қочиб юрган бўлса, халқона айтганда, Алининг қарзини Валидан ундириш инсофданми ахир?”, дейишади баъзан истеъмолчилар.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ўз ҳуқуқларини (мажбуриятларини ҳам!) яхши билган ва ундан ўз вақтида фойдалана олган киши ҳамиша ютади. Аммо ҳақиқат қарор топгунча қанча асаббузарликдан безовта бўлади, олтинга тенг вақт сарфланади, истеъмолчилару мутасадди ташкилотлар ходимлари овора бўлишади. Булар ҳақида ҳам ўйлаб кўриш айни муддаодир.


Инобат ҲАСАНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Алининг қарзини Вали тўлайдими? was last modified: Март 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »