Аниқ мақсад, амалий натижа

1 Март, 19:19 • Аёллар қаноти, Марказий аппарат, Семинар, Янгиликлар • 141 марта кўрилди • Комментариев к записи Аниқ мақсад, амалий натижа нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП “Аёллар қаноти” Кенгаши ташаббуси билан “Ўзбекистон “Адолат” СДП, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳамкорлик истиқболлари: аниқ мақсад ва амалий натижа йўлида” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ходимлари ва ҳудудий ташкилотларининг “Аёллар қаноти” Кенгаши раислари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрнини янада ошириш, аёлларни ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам бу борада олиб борилаётган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўз Сайловолди дастурида мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, уларнинг давлат органлари барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлаш масаласини устувор вазифалар сирасига киритганлиги аҳамиятлидир.

Аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда етакчилик сифатларини ривожлантириш, ташаббусларини рағбатлантириш “Адолат” СДП “Аёллар қаноти” Кенгаши фаолиятининг бош мезонига айланиб улгурган. Шу мақсадда ҳудудий партия Кенгашлари “Аёллар қаноти” фаоллари жойларда хотин-қизлар ва ёшларнинг ечимини топмаган муаммоларини аниқлаш, партия сафига ташаббускор, ижтимоий-сиёсий фаол, етук билим ва малакага эга хотин-қизларни жалб этиш ҳамда аёлларнинг тиббий, сиёсий, иқтисодий, экологик маданиятини юксалтириш борасида қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.

Семинарда бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, соҳага оид қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, амалдаги қонун ҳужжатларига оила институтини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, ушбу масалага кенг жамоатчилик эътиборини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

— Шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги замон барча масалага ҳамкорликда ечим топиш, амалий саъй-ҳаракатлар орқали аниқ натижага эришишни талаб этмоқда, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бўлим мудири Райхона Урманова. —  Шу боис аёллар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда жамоат ташкилотларининг фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳамкорлигини кучайтириш, бу борада юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш чораларини муҳокама этиш, улар ечимини топиш бугунги семинарнинг асосий мавзуси бўлади. Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари, никоҳ ёшининг оила мустаҳкамлигини таъминлашдаги аҳамияти, оилавий ажримларнинг олдини олишда оилавий қадриятларнинг ўрни ҳақида ҳаётий мисоллар  амалий семинар иштирокчилари эътиборидаги асосий масала бўлади.

Дарҳақиқат, мазкур масалани давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида “Хотин-қизлар ўртасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, жумладан, энг оғир масала бўлган ўз жонига қасд қилиш, жиноятчилик ва оилавий ажримларнинг олдини олишда Олий Мажлис палаталарининг роли сезилмаяпти. Бу борада на самарали ишлайдиган қонунлар қабул қилинмоқда, на жойларда амалий фаолият олиб борилмоқда. Ҳолбуки, халқимиз, сайловчиларимиз биздан бу борада амалий ҳаракатларни кутмоқда” деган фикрлари билан сиёсий партиялар ва депутатлар олдига вазифа қилиб қўйди.

Қайд этилганидек, бугун мамлакатимизда оила интитутини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб негизида юқорида келтириб ўтилган муаммоларни бартараф этиш мақсади мужассам. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим дастуриламал ҳужжатдир.

Фармонда мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги айрим масалаларнинг комплекс ечими кўрсатилган.

Ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланди.

Оилавий қадриятлар ва анъаналар йўналишида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб бориш мақсадида Республика “Оила” илмий-амалий маркази негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилаш, оила-никоҳ муносабатлари соҳасида амалиётни ўрганиш ва тажриба алмашиш борасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш каби вазифалар қаторида “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғояси ҳамда “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш “Оила” марказининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

— Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби оила институти соҳасида ҳам самарали ислоҳотлар амалга оширилди, — деди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси масъул ходими Дилором Қўзиева. — Ўзбекистон Республикаси Конституциясига алоҳида “Оила” боби киритилди. Бугун Конституциямизга таянган ҳолда қабул қилинган қонунлар, Президент Фармонлари, қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий хужжатлар турмушимиз ободлиги ва оилаларимиз мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилиб келмоқда. Президентимиз томонидан изоланган янги фармонда бу борадаги ислоҳотларнинг янги оқими ўз ифодасини топган. Бугун оила институтини мустаҳкамлаш борасида эришилган ютуқлар билан бир қаторда, соҳага оид норматив-ҳуқуқий хужжатларни янада такомиллаштириш, аёллар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарликлари, шаръий ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, эрта турмушга қарши курашиш каби долзарб масалалар ҳам мавжуд. Ҳамкорликда ташкил этилган амалий семинар мана шу масалаларга ҳамкорликда ечим топиш имконини бериши шубҳасиз.

Семинарда Президент фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ҳамкорликни кучайтириш, мавжуд муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, ушбу ҳолатлар бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланди. Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлари ҳам фаол бўлиши, ташаббускорлик кўрсатиши лозимлиги таъкидланди.

Шоҳида ДАМАНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

 Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Аниқ мақсад, амалий натижа was last modified: Март 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »