Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!

13 Март, 15:17 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 198 марта кўрилди • Комментариев к записи Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин! нет

Яна саноқли кунлардан сўнг мамлакатимизда энг севимли байрамлардан бири – Наврўз катта тантана билан нишонланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидай, “Она табиатни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ғояларни ўзида мужассам этган Наврўз халқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрамидир. Асрлар давомида эл-юртимизнинг олижаноб орзу-интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди.”

Университетимиз жамоаси ҳам айни кунларда қадимий ва навқирон Кўклам байрамига тайёргарликни қизғин олиб бормоқда. Аввало шуни айтишимиз керакки, давлатимиз раҳбарининг қарори билан танишар эканмиз, унинг бағрикенглик, меҳр-оқибат, саховат, мурувват каби халқимизга хос хислатларни янада ёрқинроқ тарғиб этишга қаратилганини чин дилдан ҳис этдик.  Мазкур  ҳужжатда Наврўз байрамини пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказиш лозимлиги белгиланган.

Олий ўқув юртимизда ташкил этиладиган  тадбирларда ҳам “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” деган ғоя бош мавзу бўлиши режалаштирилган. Шу дамларда университетнинг барча факультетларида байрамни ҳар йилгидан ҳам юқори савияда ўтказиш учун пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Унда истисносиз, барча устозлар ва талабалар, қолаверса, нафақадаги фахрий педагогларимиз ҳам иштирок этадилар. Чунки бу чинакам умумхалқ байрамидир. Қолаверса, мазкур шодиёна азалдан одамлар орасида ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, бир-бирини йўқлаб, кўмаклашишдек эзгу ғоя улуғланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, маънавий қадриятларимизга эътибор, келажак ворислари учун яратилаётган шарт-шароит ва ғамхўрлик албатта, ҳаммамизни ўтмишимизга эътибор билан қарашга, қадимий анъаналарни янада улуғлашга даъват этади. Бу билан биз келажак авлод вакиллари, яъни ёшларга намуна кўрсатган бўламиз. Бугунги талабаларимиз яна бир неча йилдан кейин навқирон авлод вакилларига таълим-тарбия берадиган устозлар сафига қўшиладилар. Ўйлаймизки, улар катта авлод олиб бораётган ишларни муносиб давом эттирадилар ва мамлакатимизни янада тараққий эттиришга муносиб ҳисса қўшадиган кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшадилар.

Жамоамиз аъзолари Наманган шаҳрида ўтказиладиган Наврўз тантаналарида ҳам фаол қатнашадилар. Шу ўринда Бобур номли маданият ва истироҳат боғида ташкил этиладиган тантаналар ҳар йилгидан ҳам кенг миқёсда ўтиши кутилаётганлигини қайд этиш лозим. Айниқса, дошқозонда Наврўзнинг бош таоми – сумалакни тайёрлаш режаси барчани ҳайратга солмоқда. Чунки 21 мартда бу ерда илк бор олти тонналик сумалак тайёрлаш кўзда тутилмоқда. Бу тадбир байрам кунлари ўтадиган туризм ва миллий қадриятлар фестивалининг ҳам асосий воқеаларидан бири бўлиб қолади.

Маълумотларга қараганда, бунинг учун айни пайтда 2 тонна буғдой ивитилиб, ундиришга қўйилди. Буғдойдан ташқари, сумалакни тайёрлаш учун 2 тонна ун, 1 тонна ёғ, 450 килограмм зоғора уни, 50 килограмм новвот ишлатилади. Ўтган йили Тошкент шаҳрида 7 тонна палов дамланган машҳур ўчоқ-қозондан фойдаланилади.

Наманган шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан тайёрланадиган сумалак нафақат байрам қатнашчиларига, балки “Саховат”, “Мурувват” ва “Меҳрибонлик”  уйларига, маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларга ҳам тарқатилади. Байрам доирасида кам таъминланган оилалар фарзандларининг никоҳ ва суннат тўйлари ўтказилади.

Ана шундай эзгу мақсадларни кўзда тутаётган Наврўз байрами  жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган савоб ишлар, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарларни амалга ошириш юртимиз равнақига хизмат қилиши, шубҳасиз. Ҳар бир кунимиз мана шу Наврўздай нурафшон бўлса, қандай яхши!

Шокиржон БАННОЕВ,

Наманган давлат университети катта ўқитувчиси,

“Адолат” СДП фаоли

 

Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин! was last modified: Март 13th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »