“Бахтим шул — ўзбекнинг Зулфиясиман”

13 Март, 18:42 • Муносабат, Хоразм вилояти, Янгиликлар • 161 марта кўрилди • Комментариев к записи “Бахтим шул — ўзбекнинг Зулфиясиман” нет

Юртимиз узра кўклам нафаси кезиб юрган шукуҳли кунларда мамлакатимиз хотин-қизларининг юзу кўзида бахт нашидаси. Ўзи билан кўплаб байрамларни олиб келувчи баҳор юртдошларимиз қалбига ҳам байрамона руҳ, кайфият улашишда давом этмоқда. Айниқса, мунис ва мукаррам аёллар байрами — 8 март арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев юртимиз хотин-қизларига табрик йўллаб, ўзининг дил изҳори, меҳр-муҳаббатини намоён этгани айёмга ўзгача тароват бахш этди.

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтган тантанали тадбирда иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг қалб-қўридан яралган илиқ сўзларни тинглаб, мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эъиборни ҳис қилиб, яна бир бор шундай юртда туғилиб, вояга етаётганимга шукрона қилдим. Айниқса, 28 нафар иқтидорли, ноёб истеъдод эгаси бўлган дугоналарим қатори давлатимизнинг юксак мукофоти — Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланиб, бу юксак нишонни Юртбошимизнинг ўзидан қабул қилиб олганимни сўз билан ифодалаш қийин.

Ҳа, бугун мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган юксак эътибор туфайли улар жамиятнинг барча соҳасида фаоллик ва ташаббускорлик билан меҳнат қилаётир. Иқтидорли ва зукко қизлар ўқиш ва жамоат ишларида фаол иштирок этиб, ўз истеъдодини намоён этишга бор куч ва имкониятини сафарбар этмоқда. Президентимиз Фармони билан жорий йилдан бошлаб Зулфия номидаги Давлат мукофотини ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга бериш бўйича янги тартиб жорий этилгани ва энди ҳар йили мамлакатимизнинг барча ҳудудидан 2 нафар қиз бу мукофотга сазовор бўлиши биз учун яна бир имокният эшигини очди. Бу имокният болаликдаги кичик ва соф орзуларимизнинг катта мақсадларга айланишига қанот бағишлади.

Айни пайтда Хоразм вилояти Янги бозор туманидаги Педогогика ва спорт коллежида таҳсил оламан. Болаликдан бадиий ижод билан шуғулланиб, кўплаб кўрик-танловлар, фестиваль ва семинарларда фаол иштирок этиб келмоқдаман. “Дўрмон” ёзувчилар ижодий уйида ўтказилган семинар, “Янги авлод” болалар ижодий фестивали, “Ватан, дўстлик ва халқпарварлик учун” форуми, “Истеъдод мактаби-3” Республика семинарларидаги иштироким шеърият гулшанига дадил қадам босишга, устоз шоир ва ёзувчилардан оқ фотиҳа олиб, уларнинг қимматли маслаҳатларидан баҳраманд бўлишга йўл очди. 2013 йил Республика “Unisef” болалар ташкилоти томонидан ўтказилган “Маҳаллий масалаларни хал қилишда ёшлар иштироки” лойиҳаси доирасида Республика семинарида қатнашиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мажлисида ҳудудимиздаги муаммоларга депутатлар билан бирлаикда ечим излаганимиз ҳаётимдаги тарихий воқеалардан бири бўлди. Ҳудуд муаммолари ечимига бола кўзи билан қараб, уларга ўз нуқтаи назаримизни билдиришга имкон яратган юрт фарзанди эканим келажак сари олға илтилишга куч берди.

Ҳуқуқий билимларимни мустаҳкамлаш, сиёсий фаоллигимни ошириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш мақсадида 2017 йилда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясига аъзо бўлдим. Ушбу партия ўз олдимга аниқ мақсад қўйиб, унинг ижобати сари дадил қадам ташлашни, Ватанни севишни, юртим ривожига муносиб ҳисса қўшишга интилишни ўргатди. Партия томонидан ташкил этилган “Адолат билимдони” кўрик-танловининг туман ва вилоят босқичларида ғолиб бўлиб, Республика босқичида фаол иштирок этдим. Шу йили партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши томонидан таъсис этилган “Адолат” дўпписи ва сертификатига эга бўлдим. Айни пайтда партиянинг фаол ёш адолатчиси сифатида туман ва вилоят Кенгашлари томонидан ўтказилаётган тадбирлар, давра суҳбати ва ўқув-семинарларда фаол иштирок этиб, сиёсий-ҳуқуқий қарашларим, фуқаролик позициямни намоён қилишга интилмоқдаман.

2018 йил ҳаётимдаги энг бахтли ва қувончли йил бўлди. Ўтаётган йиллар барча тенгдошларим,дугоналарим ҳаётида ҳам унутилмас из қолдираётганига ишончим комил. Бугун баралла “Бахтим шул — ўзбекнинг Зулфиясиман”, дегим келди.

Шоҳида ЮСУПОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

“Ёш адолатчилар қаноти” аъзоси,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори

“Бахтим шул — ўзбекнинг Зулфиясиман” was last modified: Март 13th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »