Бизнинг ватанга ободлик ярашади

6 Март, 14:49 • Бухоро вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 97 марта кўрилди • Комментариев к записи Бизнинг ватанга ободлик ярашади нет

Дарҳақиқат, бугунги кунда юртимизда жуда кўп ўзгаришлар бўлиб ўтмоқда. Замонавий биноларнинг қурилиши, йўлларнинг обод этилиши мамлакатимиз чиройига чирой қўшмоқда. Ҳар бир фуқаро хоҳ у ўзбекистонлик, хоҳ у сайёҳ бўлсин доим юртимиздаги гўзалликни асрай олиши, атроф-муҳит тозалигига эътибор қаратиши зарур. Табиатни асраш фуқаролик бурчимиз экан, барчамиз ўз бурчимизни англаган ҳолда экологик муаммоларнинг олдини олинишида ҳисса қўшмоғимиз керак. Ўзбекистон “Адолат” СДП ходимларининг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида олиб бораётган тарғибот-ташвиқот тадбирларидан мақсад ҳам шунда — аҳолининг табиатга бўлган эътиборини янада кучайтириш, маданиятини шакллантириш, белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташлашнинг олдини олишга ҳисса қўшишдир. Бу борада партиянинг Вобкент туман Кенгаши ходимлари ҳам фаолликни қўлдан бой бермай, ўз ташаббусларини кўрсатиб келмоқда. Жумладан, сафдошларимиз туманда экологик муаммоларнинг олдини олиш, тозалик йўлида бирлашиш, атроф-муҳит ободлигига эътибор қаратиш мақсадида “Анжирбоғ” МФЙда истиқомат қилувчи 20 нафар уюшмаган ёшлардан таркиб топган валантёрлар гуруҳини тузиб, ушбу лойиҳа мақсади ва моҳиятини тарғиб этишда жойларда бўлиб, тарғибот ишларини олиб боришга ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.

Туман ҳокими Аскар Жаводов, ҳоким ўринбосари Лайло Шариповалар тарғиботчиларнинг фаолияти билан танишар экан, маҳалла, кўчалар ободлигига бўлган эътиборни янада кучайтириш борасида ўзаро фикр алмашдилар.

Аскар Жаводов, Вобкент туман ҳокими:

— Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг мазкур лойиҳаси кўчаларимиз, хонадонларимиз, юртимизнинг янада гўзал бўлишида, фуқароларимизнинг табиатга бўлган эътиборини янада кучайтиришга хизмат қилади. Лойиҳа моҳияти қайд этилган флаерлар, буклетларнинг барчаси билан танишар эканман, унда аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминловчи, фуқароларнинг ўз атрофига нисбатан эътибор билан қарашга чақирувчи ғоялар, фотолавҳалар эътиборимни тортди. Туман Кенгаши раиси Маҳбуба Рўзиева ва депутат Мақсуд Ҳамидов ташаббуси билан тузилган валантёрларнинг фаолияти эса туманимизни янада обод ва фаровон этилишида хизмат қилади.

Ёшлар гуруҳидан иборат валантёрлар Етти пирнинг бири саналмиш Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳида бўлиб, зиёратчиларга тозаликка чорловчи буклетлар, флаерлар тарқатишди ҳамда тарғибот плакатларини илишди. Шунингдек, туман ҳокимлиги, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ҳамкорлигида 200 га яқин “Анжирбоғ” МФЙга қарашли “Анжирбоғ” кўчасида истиқомат қилувчи фуқароларни жалб этган ҳолда ҳудудда тозалик ишлари олиб борилди. Ариқлар ва уларнинг атрофи турли чиқинди воситаларидан тозаланди. Маҳалла атрофи обод этилди.

Партиянинг Вобкент туман Кенгаши ходимлари ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида қилинган ташаббус атроф-муҳит тозалигига, экологик муаммоларнинг олдини олинишида хизмат қилди, шунингдек, барчани тозалик йўлида бирлаштирди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Бизнинг ватанга ободлик ярашади was last modified: Март 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »