Бойсунда муаммолар ўрганилмоқда

29 Март, 15:04 • Депутатлик гуруҳи, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 208 марта кўрилди • Комментариев к записи Бойсунда муаммолар ўрганилмоқда нет

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда бўлиб, ҳақиқий ҳолатни ўрганмоқдалар. Унда депутатлар фуқароларни ўйлантираётган масалаларни аниқлаб, уларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар кўрмоқдалар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Даврон Тангиров ва Ёрмамат Холиёровлар Бойсун туманида бўлиб аҳоли, корхона ва ташкилотлар ишчи хизматчилари билан мулоқотлар олиб боришмоқда.

 Аҳоли билан мулоқотлар жараёнида тумандаги “Дарбанд” “Қўрғонча”, “Дуоба” ҳамда “Ҳунармандлар” маҳалла фуқаролари қишлоқларда трансформаторларнинг яхши ишламаслиги юзасидан шикоят қилишди. Бу ҳолат аҳолига қатор муаммоларни юзага келтирмоқда.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, юқори кучланишли электр тармоқларидаги 4984 та устунлардан 231 донаси жисмонан эскирганлиги ҳамда изоляторлари ва ток ўтказгич симларнинг ишлаш муддатини ўтаб бўлганлиги сабабли электр энергияси технологик сарфи меъёрдан ортиб кетган.

Паст кучланишли электр тармоқларидаги 12395 та устунлардан 473 таси жисмонан эскирганлиги ҳамда изоляторлари ва ток ўтказгич симларнинг ишлаш муддатини ўтаб бўлганлиги, трансформаторларнинг эскирганлиги ҳамда уларни совитиш учун ишлатиладиган мойларнинг сифати талабга жавоб бермаслиги ва етишмаслиги, шунингдек аҳолиниг ўзбошимчалик билан электр тармоғига қўлбола устунлар ўрнатиб уланиш ҳолатлари мавжудлиги сабабли электр энергияси технологик сарфи меъёрдан ортиқлиги аниқланди. Қиш мавсумида зўриқишда ишлаб турган трансформаторлар сони – 12 донани ташкил қилади.

Паст кучланишли тармоқдаги электр энергияси сарфини камайтириш ва аҳолини сифатли электр энергия билан таъминлаш мақсадида мазкур трансформаторларни юклама остида ишлаётганлиги сабаб юқори қувватли трансформаторларга алмаштириш зарур.

Депутатларимиз билан мулоқот чоғида ишдан чикган трансформаторларни Термиз шаҳрига таъмирлашга олиб бориш ва олиб келиш ҳамда таъмирлашга ўртача 3 ойдан ортиқ вақт кетаётганлиги, трансформатор мойларининг сифатсизлиги ва тизимли таъминоти йўқлигидан юқорида келтирилган маҳаллалардаги аҳолидан эътирозлар бўлди. Мазкур масаланинг ечими сифатида туман марказида трасформаторларни таъмирлаш учун махсус устахона ташкил этиш имконияти мавжудлиги ва бунинг учун тизимли равишда эмал симлар ва мой билан таъминот йўлга қўйилса энергия таъминотидаги йўқотишларни минималлаштириш имконияти вужудга келиши билан таъмирлаш ҳаражатларини камайтиришга эришилиши мумкинлиги таҳлил этилди.

Электр энергия сарфини камайтириш ва ундан самарали фойдаланиш учун тўланаётган тўловларни қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳамда тўловни ўз вақтида оширмаганларни тармоқдан узиш ўрнига (электр энергияси бир вақтнинг ўзида ҳосил қилиниб бир вақтнинг ўзида истеъмол қилиниши, яъни уни сақлаш имконияти мавжуд эмаслиги сабаб) ҳар ўтган куни учун ишлатилган электр энергияси учун тўлов суммасини бир неча карра ошириш механизмини жорий этиш мақсадга мувофиқлиги депутатларимиз аҳоли билан учрашувларда таклиф этилди.

Шунинг билан бирга соҳа ходимлари касбининг хурматини эл олдида орттириш мақсадида йилнинг энг қисқа куни бўладиган 22 декабрни “Энергетик ходимлар куни” деб белгилаш бўйича таклифлар берилди. Фракция раҳбари Н.Умаров тумандаги “Шарғункўмир” АЖга қарашли “Бойсункўмир” масъулияти чекланган жамиятда ҳам бўлиб, корхонадаги аҳвол билан танишди.

Айтиш керакки, Бойсун кўмир конлари заҳиралари ғарб томонга қараб салкам 125 километрга чўзилган. Кўҳитанг тоғ этакларига борганда кўмир қатламининг қалинлиги 25-30 сантиметр бўлса, шарқ томондаги кўмир қатлами 2 метрдан 18 метргача етади. Демак, Бойсун кўмир конида ишлар тўлиқ қувват билан амалга оширилса, она замин бағридаги бойликдан халқимиз узоқ йиллар мобайнида фойдаланиш имконига эга бўлади.

Мутахассисларнинг фикрича, қазиб олинаётган кўмир 8-200 килокаллориягача иссиқлик беради. Шунинг ўзи ҳам Бойсун кўмирининг сифати жуда юқори эканлигидан дарак беради. Маълум бўлишича, Бойсун кўмирининг таркибида жуда муҳим бўлган кўмир кокси, кўмир электроди, карбит-калций моддалари мавжуд.

Навоийдаги электрокимё заводи лабораториясида ўтказилган тажрибаларда тумандаги “Тўда” кўмир конидан энг сифатли активлашган кўмир олиш мумкинлиги аниқланган. Яъни 10 тонна маҳсулотдан 3 тоннагача активлашган кўмир олиш мумкинлиги илмий ва амалий жиҳатдан исботланди. — Ҳозирда ана шундай активлашган кўмирга Ўзбекистоннинг эҳтиёжи 1,5-2 минг тонна атрофида бўлиб, асосан хориждан келтирилмоқда, — дейди мазкур МЧЖ раҳбари Сайфулло Кўчаров. — Активлашган кўмирнинг 1 тоннаси жаҳон бозорида 1500 дан 4000 долларгача баҳоланар экан. Ҳолбуки, юқори сифатли активлашган кўмирни Бойсунда ҳам тайёрлаш имконияти мавжуд.

Дарвоқе, бу ноёб маҳсулот озиқ-овқат, тиббиёт, енгил саноат, ҳарбий техника, радиотехника учун ҳам жуда керак.

Тўда кўмир кони билан хорижий ишбилармонлар ҳамиша қизиқишган. Масалан, бундан 10-15 йил муқаддам кўпгина хорижлик ишбилармонлар йилига 500 минг тонна кўмир ишлаб чиқарадиган корхона қуришни таклиф қилган эдилар. Бироқ коннинг темир йўлдан узоқ масофада жойлашгани ушбу лойиҳани амалга оширишга имкон бермасди. “Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон” янги темир йўлининг барпо этилиши эса бу каби ишларга кенг йўл очди. Агар мазкур темир йўл линияси Тўда кўмир конига туташтирилса, ҳақиқий Бойсун мўъжизаси рўй бериши, шубҳасиз.

Натижада, халқимиз ва хорижий истеъмолчиларга йилига минг-минг тонналаб сифатли тошкўмир ва брикет маҳсулотлари етказиб берилади. Шу билан бирга мамлакатимиз эҳтиёжи учун хориждан келтирилаётган активлашган кўмир ҳам айнан Бойсунда ишлаб чиқарилади.

Яна шуни айтиш  қувончлики, ҳозирда ушбу кўмир конидан атиги тўрт километр узоқликда кореялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда цемент заводи қуриш учун амалий ишлар бошланиши кўзда тутилмоқда. Тўда кўмир конида эса айни чоғда йилиига 1000-1200 тонна кўмир ҳозир қазиб олинаётган бўлса, 2021 йилгача замонавий технологиялар жорий қилинса, ҳар йили 20000-50000 тонна маҳсулот қазиб олиш мумкин бўлар экан. 2021 йилдан (I-этапдан) кейин замонавий технологияларнинг II-этапи ишга туширилса яна шунча тонна кўмир ишлаб чиқариш имконига эга бўлади. Мутахассисларнинг аниқлашича, ушбу кон заҳираси 100 йилга етади. Шунга яраша аҳолининг иш билан бандлиги ошади. Бугун корхонада 25 та ишчи-ходим ишлаётган бўлса, келгусида, яъни замонавий технологияларни ишга туширилгандан сўнг бу рақам 200 га етади.

Ҳа, истиқлол туфайли мўъжизаларга бой юртимизнинг бойликларини қазиб олиш, ундан самарали фойдаланиш имконияти яратилмоқда.

Фракция раҳбари Н.Умаров мазкур масканда ишчи хизматчилар билан суҳбатлашиб, корхона иш фаолиятини самарали йўлга қўйишда янги хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича ўз фикрларини билдирди. Бундан ташқари, табиий ресурслардан самарали фойдаланишда иқтисодий муаммоларни ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва ундан келадиган зарарни олдини олиш муаммоларни ҳал этиш чораларини ишлаб чиқиш хусусида таклифлар билдирди.

Депутатларимизнинг тумандаги ўрганишлари давом этмоқда.

Тоҳир ИМОМҚУЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бойсун туман Кенгаши раиси

 

Бойсунда муаммолар ўрганилмоқда was last modified: Март 30th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »