Бугунги ислоҳотлар тараққиёт гаровидир

7 Март, 14:07 • БПТ, Муносабат, Хоразм вилояти, Янгиликлар • 302 марта кўрилди • Комментариев к записи Бугунги ислоҳотлар тараққиёт гаровидир нет

Шиддат билан ўзгариб бораётган, турли таҳдид, хавф-хатарлар пайдо бўлаётган бугунги даврда маънавият ва маърифатга, таълим ва тарбияга, ёшларнинг билим олишлари ҳамда баркамол бўлиб улғайишларига эътибор қаратиш ҳар бир миллат учун асосий вазифалардан бирига айланди.

Фан ва технологиялар тобора такомиллашаётган, глобаллашув жараёни кескин ўзгараётган бугунги даврда мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга, ватанимизнинг салоҳиятини оширишга ўз улушини қўшишга қодир малакали мутахассисларни тайёрлаш бутун жамиятнинг, хусусан, таълим соҳаси вакиллари зиммасидаги шарафли ҳамда масъулиятли вазифадир.

Мустақил тараққиётимизнинг ўтган 26 йили давомида барча соҳа қатори таълим-тарбия тизими ҳам ислоҳ қилиниб, бу борада, аввало, соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилгани ва изчил такомиллаштириб борилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, 1997 йил 29 августда қабул қилинган ва ҳаётга самарали татбиқ этилаётган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури жиддий изланиш ва тадқиқотларнинг, жаҳондаги тараққий топган мамлакатлар тажрибасини умумлаштиришнинг натижаси сифатида ўз нуқтаи назари ва қатъий позициясига эга бўлган, ҳар томонлама етук ва мустақил фикрлайдиган шахсларни вояга етказишдек эзгу мақсадларни рўёбга чиқармоқда. “Таълим тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, маориф тизими тубдан янгиланди. Энг муҳими, таълим олувчиларнинг юксак тайёргарлик даражаси, малакаси, маданий ва маънавий-ахлоқий савиясининг сифатига нисбатан қўйиладиган зарур талабларни белгилаб берувчи давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилди ва адабиётларнинг янги авлоди яратилди. Яқинда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилингани келажагимиз эгаларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди, десак, асло янглишмаймиз.

Бу борада бугунги кунда ёшларнинг ҳар соҳада дунё ареналарида юқори ўринларни эгаллашлари, шу билан бирга фан ва таълим соҳасида малакали кадр бўлиб шаклланишлари учун тинмай ўқиб, изланишлари албатта ўзининг самарали натижаларини бериб келмоқда. Бу эса таълим соҳасига берилаётган эътиборнинг натижасидир.

Маълумки, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида келажак авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта ўзлаштириши, истеъдод ва салоҳиятини тўла намоён этиши учун барча шароит яратилмоқда. Шунингдек, замонавий мактаб, коллеж ва академик лицейларнинг қурилиши, спорт мактабларининг бунёд этилиши албатта, ёшлар учун яратилаётган имкониятларнинг яна бир намунасидир.

Мамлакатимизда таълим соҳасида бўлаётган ўзгаришлар жамиятимиз равнақига ижобий таъсир қилиши шубҳасиздир. Улар мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини оширишда, давлат таълим стандарти талабларига жавоб бера оладиган, етук, рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим омил ҳисобланади. Айниқса, бу жараёнда таълим учун яратилаётган имкониятлар ва олиб борилаётган ишлар борасида 2017 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этиб ўтилди.

Мурожаатномада таъкидланганидек, жорий йилда янги таълим муассасаларини қуриш, мавжудларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилди. 12 та умумтаълим мактаби янгитдан барпо этилди, 320 таси реконструкция қилинди, 152 та мактаб капитал таъмирланди. Шунингдек, 107 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди ва қурилди, 195 та боғча капитал таъмирланди.

Фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги катта ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этдик. Биз ушбу соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашимиз, жумладан, яқин 3-4 йилда барча ҳудудларда минглаб янги боғчалар қуришимиз, таълим-тарбия сифати ва даражасини янги босқичга кўтаришимиз лозим.

Кўплаб ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар асосида юртимизда 11 йиллик таълим қайта тикланди.

Жойлардаги ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун Тошкент вилоятида Чирчиқ давлат педагогика институти ташкил этилди. Бундан ташқари, 15 та олий таълим муассасасида ташкил этилган махсус сиртқи бўлимларда ўрта махсус маълумотга эга бўлган 5 мингдан ортиқ педагоглар учун олий маълумот олиш имконияти яратилди.

Таълим тизимидаги инновация ва креатив ёндашувлар асосида Муҳаммад Хоразмий ва Мирзо Улуғбек номлари билан аталадиган, аниқ фанлар чуқур ўқитиладиган махсус мактаблар ташкил этилди.

Олий таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури қабул қилинди.

Янги ташкил этилган институт ва филиаллар ҳисобидан юртимиздаги олий таълим муассасалари сони 81 тага, ҳудудлардаги филиаллар 15 тага, хорижий университетлар филиаллари 7 тага етди. Шулар қаторида Олмалиқ шаҳрида Москва пўлат ва қотишмалар институтининг, Тошкент шаҳрида эса АҚШнинг Вебстер университетининг филиалларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилганини таъкидлаш лозим. Олий таълим муассасаларида иқтисодиётнинг реал секторидаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, сиртқи ва кечки бўлимлар очилди.

Ўзбекистон Фанлар академияси тизими такомиллаштирилди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди, унинг таркибида бир қатор илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар фаолияти тикланди. Кўп йиллик танаффусдан сўнг Фанлар академиясига сайлов ўтказилиб, ўзининг илмий ишлари билан мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ном қозонган истеъдодли олимлар академик деган юксак шарафга сазовор бўлдилар. Энди барчамиз Фанлар академиясидан янги илмий ишланмалар, истиқболли тадқиқотлар яратиш бўйича амалий натижалар кутиб қоламиз.

“Буларнинг барчасидан биз ягона бир мақсадни кўзда тутмоқдамиз. Яъни Ўзбекистон илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши шарт” – деб таъкидлади давлатимиз раҳбари ўз мурожаатномасида.

Бундан кўринадики, бугунги кунда республикамизда таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини замон талаблари билан ҳамоҳанг тарзда амалга ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, амалга оширилаётган ишлар мамлакатимизда ҳар бир йигит-қизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ташаббусларини рўёбга чиқариш, пухта билим, замонавий касб-ҳунар эгаллашларига кўмаклашиш учун яратилган шарт-шароитдан унумли фойдаланишларини таъминлаш, навқирон авлодда илм-фанга ва таълим олишга интилиш туйғусини кучайтиришдан иборат. Бунга жавобан, келажакда ёшларимизнинг мамлакат тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшишлари шубҳасиз.

Адомбой МАШАРИПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Урганч давлат университетидаги

бошланғич партия ташкилоти раиси

Бугунги ислоҳотлар тараққиёт гаровидир was last modified: Март 7th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »