Депутатлик сийлов эмас

6 Март, 18:48 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 151 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутатлик сийлов эмас нет

Кейинги пайтда “Адолат” СДП Наманган туман кенгаши  вилоят партия ташкилоти тизимида  олдинги ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Бунда сафдошларимиз орасидан сайланган депутатлар олиб бораётган фаолият ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Ҳалқ депутатлари Наманган туман кенгашининг депутати Боймирза Обиддинов ана шуларнинг бири. У 2014 йил декабрида бўлиб ўтган сайловларда депутат этиб сайланганди. Шундан бери халқ ишончини оқлаш учун бутун куч-ғайрати, билим ва шижоатини сафарбар этиб келмоқда.

– Биз депутатлар учун, ўтган йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев қилган маъруза  фаолиятимизни янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлди, — дейди Б. Обиддинов. – Биринчи навбатда аҳоли билан ишлашга кўпроқ эътибор бера бошладик. Лекин энди одамлар бизни қачон қидириб топади, деб кутиб ўтириш анъанасидан воз кечдик. Асосан аҳоли истиқомат жойларида, яъни маҳалла фуқаролар йиғинларида, хонадонларда бўлишга, фуқаролар билан бевосита мулоқот қилишга киришдик.

Ҳозир депутат фаолиятидан электорат вакиллари ҳам аксарият ҳолларда қониқиш ҳосил қилаётганликларини қайд этиш лозим. Масалан, ўтган йил кузида Хонобод қишлоғида яшовчилардан бир гуруҳи номидан хусусий тадбиркор Раҳматулла Худоёров мурожаат қилди. Маълум бўлишича, айрим кўчаларда табиий газ таъминотида узилиш борлиги учун нафақат хонадонларни иситиш, балки овқат тайёрлаш ёки чой қайнатишда ҳам қийинчиликлар юзага келаётган экан. Депутат дарҳол туман партия кенгаши раиси Ёрқиной Ҳожиматовага учрашди. Бир гуруҳ фаоллар билан биргаликда муаммо жойига бориб ўрганилди. Ҳақиқатан ҳам газ таъминотидаги узилишлардан аҳолига ноқулайлик туғилаётгани аён бўлди.

Шундан сўнг Боймирза Обиддинов “Водийгазтаъминот” унитар корхонасининг туман бўлими раҳбари номига депутатлик сўрови тайёрлади. Унда вужудга келган вазият батафсил баён этилиб, чора-тадбир кўриш талаб этилди. Депутат ушбу корхона раҳбари билан шахсан  учрашишига ҳам тўғри келди. Чунки қиш-қировли кунлар яқинлашаётганлиги сабабли масалага ечим топишни тезлаштириш керак эди. Мутахассислар ўрганиб, хулоса берганларидан сўнг хонободликларга табиий газни баллонларда етказиб беришга қарор қилинди.

Аммо бунинг учун фуқароларнинг ўзларида баллонлар бўлиши керак эди. Бунга эса барча хонадонларда  ҳам имконият йўқ экан. Шу туфайли депутат бу муаммони баллонларни корхона ижара ҳисобидан тақдим этиши ҳисобидан ечилишига  эришди. Натижада аҳолига яратилган қулайлик қиш мавсумини кўнгилдагидай ўтказиш учун шароит яратди.

– Аҳоли депутатимиз фаолиятидан ниҳоятда мамнун, — дейди “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдували Ўринов. – Айниқса, унинг масала тўла ҳал бўлмагунча назоратни бўшаштирмагани кўпчиликка маъқул тушди. Қолаверса, у кейин ҳам газ баллонлари таъминоти қандай йўлга қўйилганлигини мониторинг қилиб бормоқда.

Дарвоқе, Боймирза Обиддинов томонидан худди шундай масала қўшни Миришкор қишлоғида ҳам ҳал этилди. Талаблари қондирилган сайловчилар туман партия кенгаши раиси номига ёзилган миннатдорлик хатида ҳам ташаккурларини  изҳор қилдилар. Ёки хонободликларнинг ҳудуддаги дорихона фаолиятини тартибга солиш юзасидан қилган мурожаатлари тақдирини олайлик. Депутат жамоатчилик вакиллари билан бу ердаги аҳволни бир неча марта ўрганди. Нарх-наводан тортиб, дори-дармонларнинг сақлаш шароитлари ҳам ўрганиб борилди ва тегишли тавсиялар берилди. Эндиликда Абдувоҳид Тошпўлатов етакчилигидаги дорихона жамоаси фаолиятидан ҳамқишлоқлар хурсанд.

Боймирза Обиддинов фаолиятидаги устувор йўналишлардан яна бири – оилалардаги ҳамжиҳатлик ва иноқликни таъминлашдир. Чунки у айнан шу омил жамиятдаги ижтимоий вазиятнинг барқарорлигига ҳам таъсир этишини яхши билади. Сўнгги ойлар ичида у етти оилани ажрашиб кетишдан сақлаб қолишга ҳисса қўшди. Бунда депутатнинг инсон психологиясини яхши билиши, ҳар бир ҳолатни чуқур ва холис таҳлил этиши ҳамда бой ҳаётий тажрибага эканлиги қўл келди.  Ғайратжон Валиев ва Малоҳат Ўринова (“Маллаҳовуз” маҳалласи), Неъматжон ва Зулхумор Тўйчиевлар (“Хонобод” маҳалласи), Акрам ва Ойшахон Аҳмадалиева (”Янгийўл” маҳалласи)  депутатнинг саъй-ҳаракатлари билан бугунги кунда аҳилликда турмуш кечираётган оилалардан саналади.

Боймирза Обиддиновнинг касби ўқитувчилик. У мана ўттиз йилдан ошдики, Хонободдаги 27-умумтаълим мактабида жисмоний тарбиядан сабоқ беради. Жамоатчилик ишларида ҳам фаол. Депутатимиз фаолиятидан сайловчилар ниҳоятда хурсанд.

– Мен депутатлик қандайдир имтиёз ёкки амал эмаслигини яхши ҳис қиламан, — дейди Б. Обиддинов. – Аксинча, у ҳар бир киши зиммасига катта масъулият юклайди. Сабаби. Сайловда овоз берган фуқаро ўзининг ҳокимият тизимидаги вакилидан ҳамиша у ёки бу масалада ёрдам кутишга ҳақли. Биз эса бундай ишончни оқлашга доим тайёр туришимиз лозим.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

Депутатлик сийлов эмас was last modified: Март 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »