Диний экстремизм, терроризм – жамият тараққиётининг кушандаси

7 Март, 10:36 • Бухоро вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 350 марта кўрилди • Комментариев к записи Диний экстремизм, терроризм – жамият тараққиётининг кушандаси нет

Диний экстремизм ва терроризм бутун инсониятнинг бугуни ва келажагига таҳдид солувчи ҳамда жамият тараққиётига салбий таъсир ўтказувчи хавф-хатардир. Бу муаммо дунёнинг тинчлиги, барқарорлигини издан чиқарувчи, таҳликани уйғотувчи ёвуз кучдир. Бугунги кунда айни мана шу кучга қарши курашиш энг муҳим ва олдимизда турган фуқаролик бурчимиздир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро туман Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти ташаббуси билан партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини уюшмаган ёшлари учун “Диний экстремизм, халқаро терроризм – жамият тараққиётининг кушандаси” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Туман қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган ушбу тадбирда уюшмаган ёшлар билан бирга коллеж ўқувчи ҳамда ўқитувчилари, маҳалла маслаҳатчиси Ҳакима Ҳакимова, Бухоро туман ИИБ профилактика нозири майёр Шукур Ҳусенов ҳамда партиянинг туман Кенгаши ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни партия Бухоро туман Кенгаши раиси Абдурашид Қўчқоров кириш сўзи билан очиб берган бўлса, коллеж директори эса ушбу иллатга қарши курашиш мақсадида коллежда олиб борилаётган тарғибот тадбирлари тўғрисида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев “Бутун дунёда мураккаб вазият юзага келаётган, терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бораётган бугунги шароитда доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларимизнинг салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамлаш – хавфсизлик ва барқарорликни ҳамда халқимизнинг осойишта муҳитини таъминлашнинг энг муҳим шарти ва кафолатидир”, — дея таъкидлаганидек, ҳар бир ёш авлод ўз олдига мақсад қилиб қўйган ҳолда ватанга нисбатан садоқат ва бурчини англаб яшамоғи даркор.

“Наврўз” МФЙ маслаҳатчиси Ҳакима Ҳакимова сўзга чиқар экан, маҳаллада жами 2132 нафар аҳоли борлиги ҳамда улардан 18 ёшгача бўлгани 987 нафарни, 30 ёшгача бўлган ёшлар эса 637 нафарни ташкил этиши тўғрисида таъкидлади. Улардан  29 нафарини уюшмаган ёшлар ташкил этса, айни мана шу уюшмаган ёшлар билан бўлиб ўтган тадбирда терроризм ҳамда диний экстремизмнинг жамият тараққиётига таъсир этувчи энг салбий куч эканлиги борасида фикрлар билдирилди. Шунингдек, маҳаллада бу борада тарғибот ишларининг олиб борилаётганлиги, ёшларга касб-ҳунар эгаллашлари учун йўлланмалар берилаётганлиги, “Ораста қизлар”, “Маҳалламиз ўғлонлари”, “Китоб – менинг дўстим” каби танловларининг ўтказилиши уларни янада фаол, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишларига хизмат қилиб келаётганлиги маҳалла маслаҳатчиси томонидан таъкидланди.

Профилактика нозири Шукур Ҳусенов эса диний экстремизм ва терроризм нопок, ғаразли мақсадларни кўзда тутиб жамият барқарорлигига таҳдид солаётган пайтда унга қарши курашда қандай вазифалар ва усуллардан фойдаланиш лозимлиги борасида тўхталиб ўтди. Соғлом қадриятлар ва адолат бўлмаган жойда ғоявий бўшлиқ содир бўлиши, биз эса бунга қарши курашишимиз лозимлиги ҳақида фикр юритди.

“Бизнинг бугунги кундаги вазифамиз ўзбек халқининг тарихий ва миллий қадриятлари асосида шаклланган миллий истиқлол ғояси, мафкурасини ёшларимиз онги, қалбига таълим-тарбия усуллари билан сингдириб боришимиз мамлакатимиздаги узоқни кўзлаган муҳим стратегик вазифадир”, — дейди коллеж директори Амон Аҳмедов.

Давра суҳбати сўнгида мавзу доирасида видеофильм қўйиб берилди ҳамда бу борада ёшларнинг фикр ва мулоҳазалари эшитилди.

Бугунги даврда ким бўлишимиз ва қандай мавқеъга эга бўлишимиздан қатъий назар, ҳар биримизнинг вазифамиз экстремизм, терроризмнинг қабиҳ, ғаразли жинояткорона мақсад, моҳиятини ёшларимиз ҳамда бутун халқимиз орасида тинимсиз фош қилиш асосида огоҳликка чақиришдан иборатдир. Партия ходимлари лойиҳа доирасида ташкил этган тадбирдан асосий мақсад ҳам шунда эди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Диний экстремизм, терроризм – жамият тараққиётининг кушандаси was last modified: Март 7th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »