Экспорт салоҳияти — фаровонлик калити

28 Март, 16:17 • Муносабат, Хоразм вилояти, Янгиликлар • 207 марта кўрилди • Комментариев к записи Экспорт салоҳияти — фаровонлик калити нет

Ташаббускор тадбиркорлар қатори Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида корхонамиз жамоаси ҳам янги мақсадларни кўзлаб янада куч-ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилмоқда. “Baxt-harakat mevasi” МЧЖда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга асосий эътибор қаратилмоқда.

Жаннатмонанд юртимизда инсон саломатлиги учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган неъматлар, сертаъм мевалар, полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштирилиши она диёримиз тупроғи унумдор, ҳар зарраси бебаҳо эканидан далолат беради. Корхонамиз ана шу маҳсулотларни эл дастурхони учун йил давомида арзон ва сифатли ҳолда етказиб беришга ихтисослашган. Айниқса, қиш ва баҳор мавсумида худди ҳозиргина дарахтдан узиб олингандек сархил мевалардан одамларни баҳраманд этиш бизга қувонч бахш этади.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 июндаги «Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори республикамизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, ташқи бозорларга маҳаллий маҳсулотларни олиб чиқишда замонавий маркетинг усулларидан фаол фойдаланиш, шунингдек, маҳсулотлар экспорти билан шуғулланувчи корхоналар сонини кўпайтириш, молиявий барқарорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур қарорда барча мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг ўз маҳсулотларини ташқи бозорларга мустақил етказиб беришини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан юз фоиз амалга ошириш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга рухсат этилди.

Бу эса корхонамиз жамоаси учун ҳам янги имкониятлар эшигини очди.

2012 йилда Хоразм вилояти Боғот туманида ташкил қилинган “Baxt-harakat mevasi” МЧЖ ишчи-ходимлари ички истеъмол бозорини йил давомида сабзавот ва полиз, шунингдек, картошка, мева ва узум маҳсулотлари билан барқарор тўлдириш, ташқи бозорларда харидоргир ва рақобатбардош бўлган ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш борасида анча тажриба орттиришди. Корхонамизда саккиз нафар ходим доимий иш билан таъминланган. Мавсумий иш пайтларида эса юз нафардан ошиқ ишчи-хизматчилар фаолият олиб боради. Жамиятимизда техник воситаларнинг етарли эканлиги ишимизнинг узлуксизлигини таъминламоқда.

2017 йилнинг қиш-баҳор ойларида ички исътемол бозорларини тўлдириш учун 860 тонна мева-сабзавот маҳсулотлари ғамлаш белгиланган бўлиб, амалда 960 тонна ҳўл мева ва сабзавотлар, жумладан, 580 тонна олма, 100 тонна узум маҳсулотлари жамғарилган эди. Бу йил эса ушбу кўрсаткич бир ярим баробар ошди. Даромадимиз ҳам шунга яраша. Корхонамиз маҳсулотлари Қозоғистон Республикаси ва бошқа хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат, сертификатлаш идоралари томонидан ишлаб чиқариладиган ва четдан олиб киритиладиган маҳсулотларга мувофиқлик сертификати 3 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда расмийлаштирилиши қатъий белгилаб қўйилганлиги янги қулайликлар туғдирмоқда.

Корхонамизнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш мақсадида “Бешариқ” қишлоғида 1 гектар майдонда экспортбоп помидор ва бодринг маҳсулотларини етиштириш бўйича замонавий услубда иссиқхона қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу лойиҳа бўйича Туркия давлатининг “ROYAL AGRO” компанияси билан замонавий лойиҳалар бўйича иссиқхонани тайёр ҳолда топшириш шарти асосида шартнома имзоланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 840 минг АҚШ долларини ташкил қилади. Ушбу лойиҳа асосида ҳар йили 250 тонна экспортбоп сабзавот экинларини етиштириш мўлжалланмоқда. Бунинг натижасида 5 та доимий янги иш ўрни яратилиб, мавсумий иш билан таъминлаш имкони ҳам ортади.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида бозор иқтисодиёти ва хусусий тадбиркорлик ташаббуслари социал-демократиянинг асосий ғояларини амалга оширишда муҳим восита бўлиб хизмат қилиши, давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги, ишлаб чиқариш корхоналарининг иннновацион фаолиятини рағбатлантириш, бандликни таъминлаш масалалари алоҳида таъкидланган. Корхонамизнинг эзгу ишлари дастурий мақсадларимизнинг ҳаётий ифодасига айланмоқда.

Бахтиёр МАТЯҚУБОВ,

“Baxt-harakat mevasi” МЧЖ раҳбари,

халқ депутатлари Хоразм вилояти

Кенгаши депутати

 

Экспорт салоҳияти — фаровонлик калити was last modified: Март 28th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »