Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш – оилалар мустаҳкамлиги ва жамият саломатлиги гарови

3 Март, 17:48 • Сирдарё вилояти, Янгиликлар • 283 марта кўрилди • Комментариев к записи Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш – оилалар мустаҳкамлиги ва жамият саломатлиги гарови нет

Дунёдаги энг улуғ бахт оналик бахтидир. Унинг ҳар бир они бебаҳо ва унутилмасдир. Миттигина гўдак учун эса онанинг бағридан ўзга ҳаловатли жой топилмаса керак. Зеро, фарзанд онасининг қучоғидагина ўзини хотиржам ва ишончли ҳис этади.

Юрт равнақи бевосита ана шу икки инсоннинг соғ — саломатлигига боғлиқ десак янглишмаймиз. Қайси мамлакатда болаларнинг шодон кулгуси янграса, бу ватаннинг эртанги келажаги нурафшон бўлиши аниқ. Давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳам ана шу оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун керакли шарт — шароитларни яратиб бериш ҳисобланади. Аҳолининг саломатлиги ва келажак авлод ҳақида ғамхўрлик қилиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан саналади. Бунинг учун Республикамизда она ва бола саломатлигини яхшилаш, ногиронликни олдини олиш мақсадида оналар ва болаларга махсус хизмат кўрсатишни ривожлантириш, соғлом экологик муҳитни сақлаш учун кўпгина ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши ҳам четда қараб тураётгани йўқ. Хусусан, Партия вилоят Кенгаши томонидан “Аҳоли репуродуктив саломатлик маркази” Сирдарё вилояти филиали, “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармаси Сирдарё вилояти бўлинмаси билан ҳамкорликда Сирдарё туманидаги Орзу маҳалласи ҳудудидаги 24 – сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида “Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш – оилалар мустаҳкамлиги ва жамият саломатлиги гарови” мавзусида амалий учрашув ташкиллаштирилди. Бундан кўзланган мақсад фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш ва аёллар орасида тиббий маданиятни оширишга қаратилди.

  Тадбирни Партия вилоят Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева кириш сўзи билан очиб, тадбирнинг мақсад ва вазифалари тўғрисида батафсил ахборот берди. Сўнгра сўз олган “Аҳоли репродуктив саломатлик маркази” Сирдарё вилояти филиали директори Сайёра Бабаева “Бачадон бўйин ракини олдини олиш ва эрта аниқлаш” мавзусида маъруза қилди. Маърузада таъкидланганидек, соғлом фарзанд кўриш — оила бахти, ота — она қувончидир. Боланинг дунёга келиши икки ёшни янада бирлаштиради, оилани мустаҳкамлайди. Соғлом фарзанд кўришни истаган бўлажак ота — оналар ўз репродуктив саломатлиги ҳақида чуқур ўйлаши лозим. Агар аёлда сурункали соматик, ўткир ва сурункали касалликлар ҳамда эндокрин касалликлар бўлса улар зудлик билан мутахассис — шифокорга мурожаат қилиб даволанганларидан кейин ҳомиладор бўлишлари талаб этилади. Фарзанд кўриш орзусида юрган аёлларимиз ўз соғлиғига масъул бўлиш билан бир қаторда туғилажак фарзандларига ҳам эътиборли бўлса, улардан туғиладиган болалар ҳам жисмонан, ҳам ақлан соғлом бўладилар.

Тадбир давомида “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамоат фонди Сирдарё вилояти бўлими директори Юлдуз Усмонова ҳам сўз олиб, Аёллар кечикмасдан ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиб туришса мақсадга мувофиқ бўлиши, ушбу текширув барча оналар ва уларнинг фарзандлари саломатлиги учун жуда муҳимлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

Мастура Сувонова – Сирдарё тумани, “Аҳиллик” маҳалласи фуқароси:

— Бугунги ўтказилган амалий учрашувда мутахассислар томонидан маърузалар қилинди. Ушбу маърузалар орқали биз аёллар ўзимиз учун керакли бўлган маълумотларни олдик. Кўпинча, иш, уй – юмушлари сабаб, тез – тез тиббиёт мутахассисларига кўриниб туришга вақт топа олмаймиз. Бугунги тадбирда бу нақадар нотўғри эканлиги таъкидланди. Бундан кейин тез — тез тиббий кўрикдан ўтиб туришни дилимга тугиб қўйдим.

Муҳаббат Муҳаммадиева – Сирдарё тумани, “Туркистон” маҳалласи фуқароси:

— Бугун маҳалланинг кўпгина аёллари билан биргаликда шу ерга ташриф буюриб, ҳамкорликда ташкил этилган амалий учрашувда иштирок этдик. Амалий учрашув давомида биз аёллар учун керакли маълумотларга эга бўлдик. Семинардан сўнг бир қатор бепул тиббий кўриклардан ҳам ўтдик. Оила мустаҳкамлигида эса биз аёлларнинг ўрнимиз беқиёс деб ўйлайман. Бизга шунчалик шароит яратиб бераётган ҳукуматимизга раҳмат. Тадбир ташкилотчиларига ҳам бутун маҳалладошларим номидан ташаккур айтаман. Шундай амалий учрашувлар бундан кейин ҳам тез — тез амалга оширилиб борилса, жуда яҳши иш бўларди.

Ўтказилган семинардан сўнг турли маҳаллалардан келган юздан ортиқ аёллар терапевт, ультратовуш, акушер – гинеколог, электрокардиография, колноскапия каби тиббий текширувлардан ўтказилиб, мутахассислар томонидан керакли тиббий маслаҳатлар берилди.

Ҳар бир инсон соғлом ва бахтли ҳаёт кечиришга ҳақли. Бу бахт кўпинча ўз соғлиғимиз билан боғлиқлигини унутмаслигимиз даркор. Янги ҳаётга қадам қўйган ёшлар соғлом ҳаёт кечириш ва бахтли бўлиши учун барча имконият ва шароитлар етарли. Бунинг учун улар имкониятлардан унумли фойдаланиб, соғлом турмуш тарзига риоя этишлари, Ватанга муносиб бўлган соғлом ва комил фарзандларни вояга етказиш масъулиятини унутмасликлари лозим. Ишонамизки, катта авлод вакиллари ҳам бу борада уларга ўрнак бўладилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилояти Кенгаши матбуот хизмати

Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш – оилалар мустаҳкамлиги ва жамият саломатлиги гарови was last modified: Март 3rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »