Инновацион фаолият-тараққиёт гарови

1 Март, 16:27 • Партия лойиҳаси, Семинар, Хоразм вилояти, Янгиликлар • 265 марта кўрилди • Комментариев к записи Инновацион фаолият-тараққиёт гарови нет

Жорий йилнинг 28 февраль куни Урганч давлат университетида Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши ташаббуси билан Хоразм Маъмун академияси билан ҳамкорликда партиянинг “Инновацион фаолият-тараққиёт гарови” лойиҳаси доирасида “Ишлаб чиқариш жараёнига илмий ишланма ва технологияларни тадбиқ қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, чекка ҳудудларда яшовчиларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича замонавий сув тозалаш технологиялар ва илм-фан ютуқларини ўрни ва ҳамкорлиги” мавзусида кўргазмали семинар ташкил этилди.

Семинарда Хоразм Маъмун академияси, Урганч давлат университети олимлари, вилоят фермер деҳқон-хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, Савдо Саноат палатаси, Туямўйин Урганч минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш бошқармаси давлат унитар кархонаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофоза қилиш вилоят бошқармаси, вилоятдаги фермер ва тадбиркорлар, партия фаоллари ва депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Семинар бошланишидан олдин Хоразм Маъмун Академияси олимлари томонидан ташкил этилган инновацион ғоялар кўргазмаси намойиш этилди.

Семинардан кўзланган мақсад-олимлар томонидан олиб борилаётган илмий ишланмалар ва инновацион ғояларни ишлаб чиқаришга тадбиқ қилиш, улар орасидаги ҳамкорликни ва вилоятда экспортбоб маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш билан бир қаторда вилоятнинг экспорт салоҳиятини ва иқтисодиётини янада юксалтириш ҳамда Олий ўқув юртларининг инфратузилмасини кучайтириш, талабаларнинг инновацион фаолиятига бўлган қизиқишлари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, улар томонидан кичик инновацион корхоналар тузишни рағбатлантириш, ўқитувчилар  ва ходимларнинг  инновацион фаоллигини ошириш, олий ўқув юртларининг илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини янада мустаҳкамлашдан иборат.

Тадбирни Хоразм Маъмун Академиси раиси Икрам Абдуллаев кириш сўзи  билан очиб берди. Унда Юртимизда жорий йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши барча соҳалар қаторида сиёсий партиялар олдига ҳам улкан вазифалар қўйилгани тўғрисида гапирди. Шундан сўнг семинар кун тартибидаги “Илмий инновацион ишланма ва технологияларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ва уларни ривожлантиришда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг роли” мавзусида партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши раиси Руслан Рўзметов нутқ сўзлади.

Шунингдек, Хоразм Маъмун академияси ва Урганч давлат университети олимлари-томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар ва уларни амалиётга тадбиқ қилишнинг самарали жиҳатлари” ва бошқа мавзулар юзасидан слайдлар орқали маърузалар тингланди.

Ҳамдам Аллабергенов, партиянинг вилоят Кенгаши раис ўринбосари:

– Партиянинг “Инновацион фаолият-тараққиёт гарови” лойиҳасини амалга ошириш учун асос сифатида партиянинг “Адолат-ҳаётимизнинг бош мезони, адолат-ҳар бир инсон учун” сайловолди дастури ҳамда унда белгиланган мақсад ва вазифаларни бажариш бўйича 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар дастури, ҳамкор ташкилотлар билан имзоланган меморандумлар ва лойиҳани амалга оширишни белгиловчи партия томонидан ишлаб чиқилган мавзуга оид Концепция хизмат қилади. Лойиҳани иштирокчилар юқори кайфиятда илиқ кутиб олишди. Бошлаган амалий ишимиз юрт тараққиёти учун самарали натижа беришига ишонаман.

Бектурди Қувақов, Хоразм вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси:

– Мазкур семинар бугунги кунда вилоятдаги деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда тадбиркорлар фаолиятида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда учраётган муаммолар ва уларни бартараф қилишда илм-фан соҳаси билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Семинар давомида бу борадаги билим кўникмаларимизни янада бойитдик. Ташкилотчиларга раҳмат.

Республикамизда инновацион иқтисодиётнинг янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш, талабаларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириб бориш, уларни қўллаб-қувватлаш орқали мамлакатимизда ишлаб чиқариш соҳасига инновацион ишланмаларни кенг жорий этиш, Ўзбекистон Республикасининг “Инновация ва инновацион фаолиятни ривожлантириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш жараёнларда фаол иштирок этиш тўғрисидаги билдирилган таклифлар, фикр ва мулоҳазалар иштирокчиларнинг диққат марказидан жой олди.

Айниқса, олимлар томонидан амалга оширилган илмий ишланма ва инновацион ғояларни ҳаётга тадбиқ этишдаги моддий қийинчиликлар  тўғрисидаги муаммолар муҳокама этилди ва  ҳомийлар томонидан моддий-қўллаб қувватлаш белгилаб олинди. Партиянинг вилоят Кенгаши депутати, тадбиркор Бахтиёр Матяқубов сўзга чиқиб, Хоразм Маъмун Академиясининг олимлари томонидан амалга оширилаётган инновацион ғояларини юртимиз фаровонлиги учун хизмат қилишида ҳомийлик қилиш истагини билдирди.

Бахс ва мулоҳазаларга бой бўлган семинар сўнгида иштирокчилар қизиққан саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоблар олишди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Инновацион фаолият-тараққиёт гарови was last modified: Март 3rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »