“Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловида билимдон ва иқтидорлилар сараланди

2 Март, 18:49 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 249 марта кўрилди • Комментариев к записи “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловида билимдон ва иқтидорлилар сараланди нет

Аёл… Табиатнинг ноёб мўжизаси ва ҳаётимизнинг гултожи ҳисобланмиш бу буюк ҳамда мўътабар зот қадимдан юртимизда юксак эъзоз ва эътиборда бўлган. Истиқлол эса бу эзгу ишларнинг янада ривожланиши, янгича маъно-мазмун касб этишига имкон яратди. Аёлини эъзозлаган юртнинг келажаги порлоқ, фарзандлари баркамол, ҳаёти тинч ва фаровон бўлади, деган азалий ҳаётий ҳақиқат бугун ўз исботини топаётир. Бугунги кун аёли уй бекаси, раҳбар, олима, шоира, журналист, шифокор ва тадбиркор, бир сўз билан айтганда, ҳам оила, ҳам жамият ишининг фидойиси. У тарбиялаб, камол топтираётган фарзандлар эса ҳар жиҳатдан фаол ва ташаббускор.

Мамлакатимизда хотин-қизларга оид давлат сиёсатининг ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётгани бу борадаги ислоҳотлар кўламини  кенгайтириб, аёлларнинг давлат ва жамият ишидаги иштирокини янада кучайтирмоқда. Қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар эса уларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқини англаши, манфаатларини рўёбга чиқаришида муҳим дастуриламал бўлаётир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу ҳуқуқий ҳужжатларнинг мантиқий давоми бўлиб, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий жабҳаларда муҳим масалаларни ҳал қилиш, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, давлат органларининг барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнида қатнашишини кафолатлашга қаратилган дастурий вазифаларини ҳаёт изчил татбиқ этиб келмоқда. Партиянинг барча бўғиндаги тузилмалари томонидан аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда етакчилик қобилиятини ривожлантириш, хотин-қизларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ва бошқа қатор муҳим вазифаларнинг амалга оширилиши ўз ижобий самарасини бермоқда. Буни партия сафидаги аъзоларнинг 50 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этишида ҳам яққол кўриш мумкин.

Партия хотин-қизларга қаратилган сиёсатини олиб боришда аниқ мақсадга қаратилган лойиҳаларни илгари сурмоқда. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида партиянинг барча даражадаги ташкилотлари ташаббуси билан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий, тиббий ва экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган мингдан ортиқ семинар, сиёсий ўқув, давра суҳбатлари ўтказилиб, уларда 60 мингга яқин хотин-қиз фаол иштирок этди.

Хабарингиз бор, бир неча йилдан буён  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Ушбу кўрик-танловни ташкил этишдан асосий мақсад ҳам жамиятда аёлларнинг ролини янада кучайтириш ҳамда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, партия сафидаги энг фаол, ташаббускор, меҳнат жамоаси ва оилада ибрат кўрсатаётган аёлларни аниқлаб, муносиб рағбатлантириш, улар тажрибасини кенг тарғиб қилишдан иборат.

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли”  кўрик-танловининг жорий йилги босқичи ҳам юқори савияда ўтказилди. Кўрик-танловнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичларидан муваффақиятли ўтиб, республика босқичига етиб келган ўн тўрт нафар хотин-қиз ўзаро баҳслашдилар. Ўрни келганда таъкидлаш жоизки, кўрик-танловнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичлари адолатлилик, очиқлик, ошкоралик соғлом рақобат мезонлари асосида ўтказилди. Кўрик-танловда турли ёш ва касбдаги, ҳаётий тажрибага эга 800 нафарга яқин хотин-қиз иштирок этди.

Кўрик-танловни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров кириш сўзи билан очди.

— Демократик давлат қуришнинг муҳим шарти бўлган хотин-қизларни жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида эътироф этиш тамойили бугун мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг марказига қўйилган, — деди партия етакчиси. — Жамиятда хотин-қизларнинг мавқеи ва ролини юксалтириш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини, умуман, ҳаётнинг барча жабҳаларини модернизация қилиш ҳамда янгилашда иштирокини кенгайтириш учун барча шарт-шароитлар яратилди. Партиямиз ҳам бу жараёнда муносиб иштирок этишга интилмоқда. “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловини ташкил этишдан асосий мақсад ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшишдан иборат. Кўрик-танлов республика босқичининг нафосат айёми — 8 март арафасида ташкил этилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Биз бундан кейин ҳам вилоятларда ғолиб бўлиб, республика босқичига етиб келган иштирокчи хотин-қизларнинг ғояларимиз тарғиботидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Бугунги танлов партиямиз сафидаги хотин-қизлар фаоллиги ва ташаббускорлиги ҳақида муайян хулосага келиш имкониятини беради.

Кўрик-танловда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан шакллантирилган ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг шартлар бўйича тайёрлаган чиқишларини талабчанлик билан баҳоладилар.

“Адолат менинг нигоҳимда” номли шартда иштирокчилар 5 дақиқалик тақдимот (слайд) асосида партиянинг амалдаги лойиҳаларини янада такомиллаштириш, кенг халқ оммаси орасида партиянинг устувор мақсад-вазифаларини тарғиб қилишда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида ўз фикр ва таклифларини баён этдилар. Танлов қатнашчиларининг партиянинг амалдаги лойиҳалари доирасида амалиётга йўналтирилиши лозим бўлган вазифалар хусусидаги ҳаётий таклифлари, ҳудудлардаги шарт-шароитлар, аҳолининг турмуш тарзини яқиндан ўрганилган ҳолда илгари сурилган муаммоли масалалар ечимига қаратилган таклифлар, партия электорати манфаатини ҳимоялашга хизмат қилувчи янги ғоялар йиғилганларда катта таассурот уйғотди.

Иккинчи шарт — меърий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақидаги савол-жавоблар иштирокчиларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётини демократлаштириш бўйича жорий этилган ислоҳотларга ўз нуқтаи назарини билдиришига имкон яратди.

Эркин мавзу шартида эса иштирокчилар ўз ижодий истеъдодларини намойиш қилишди. Кўрик-танлов иштирокчиларнинг эркин мулоқот қилиш, тажриба алмашиш, сиёсий-ҳуқуқий билимларни синаш ва истеъдодини намоён қилиш майдонига айланди. Ижтимоий аҳамиятга молик чиқишлар иштирокчиларнинг фуқаролик позициясига, ҳар бир масалада жиддий ёндашувга, аниқ фикрга эга эканини яққол кўрсатиб берди.

Республиканинг “Энг фаол адолатчи аёли”ини аниқлаш, ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириш иштирокчилардаги ташаббускорлик, дунёқарашнинг ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан мустаҳкамлиги, сиёсий саводхонлик, умумбашарий, миллий ва ижтимоий қадриятларни яхши ўзлаштирганлик, амалга оширган лойиҳалари, ҳамкорлик ишлари жамоатчилик томонидан эътироф этилишига оид маълумотларни таҳлил этиш ва баҳолаш асосида амалга оширилди.

Кескин ва муросасиз ўтган баҳслар якунида Жиззах ва Сирдарё вилояти иштирокчилари тенг натижа кўрсатиб, биринчи ўринга даъворгарлик қилишди. Ҳакамлар ҳайъати улар учун махсус шартлар ташкил этиб, икки иштирокчи бир балл учун қайта баҳс олиб борди. Натижа эса ўзгармади. Партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати вакиллари, ҳакамлар ҳайъати ва томошабинлар келишувига асосан, биринчи ўринга ҳар икки иштирокчи ҳам лойиқ, деб топилди. Учинчи ўрин эса Қорақалпоғистон Республикаси вакилига насиб қилди.

Кўрик-танлов ғолиблари Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг I, III даражали дипломи ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Шу билан бирга, кўрик-танловнинг қолган барча иштирокчилари ўз иқтидор ва қобилиятларига кўра,“Йилнинг энг оқила адолатчи аёли”, “Йилнинг энг нотиқ адолатчи аёли”, “Йилнинг энг ташаббускор адолатчи аёли”, “Йилнинг энг зукко адолатчи аёли” номинациялари бўйича партиянинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

 

Танлов таассуротлари ва хулосалар

Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,    

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ҳакамлар ҳайъати раиси:

— Бугун мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор уларнинг иқтидори ва истеъдодини рўёбга чиқариш, рағбатлантириш ва янги марралар сари чорлашга хизмат қилмоқда. Бугунги кўрик-танлов иштирокчилари ҳам ҳар соҳада фаол ва зукко. Уларга ҳавас қилмай иложимиз йўқ. Танлов шартларида иштирокчиларнинг партиямиз дастури ва сайловолди Платформасидаги мақсад ва вазифалар ижобатига қаратилган лойиҳалари таҳсинга сазовор. Қизлар орасидан ғолибни аниқлаш осон бўлмади. Адолат қарор топиши учун икки иштирокчи ўртасида қайта-қайта синов ўтказишга тўғри келди. Барча иштирокчиларнинг билими, иқтидори, сиёсий жараёнларга муносабати юксаклигини кўриб, уларнинг барчасини ғолиб бўлишга арзийди, деган хулосага келдик.

Малоҳат МУСАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят Кенгаши раиси ўринбосари:

— Кўрик-танловни ўзгача қизиқиш ва ҳавас билан кузатдим. Ҳар бир иштирокчининг ўзига бўлган ишончи ва билимларини намоён этишга бўлган иштиёқи баланд. Вилоятимизда ҳам мазкур кўрик-танловга иштирок этишни мақсад қилган хотин-қизлар сони ортиб бораётганини эътироф этиш жоиз. Айниқса, бошланғич партия ташкилотлари аъзолари бу борада фаоллик кўрсатишмоқда. Бу партия ғояларининг кенг тарғиб этилаётгани ва чекка ҳудудларни ҳам қамраб олаётганидан далолат. Қувонарлиси, иштирокчи қизлар давлат ва жамият ишида фаол иштирок этаётган хотин-қизлардир. Улар орасида магистрлар, фан номзодлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва давлат мукофоти соҳибалари бор.

Сўз — ғолибларга

Камола НИШОНОВА,                                                                           

кўрик-танловнинг биринчи ўрин соҳибаси, Жиззах вилояти:

—  Қалбимни чулғаб олган ҳаяжонни сўз билан таърифлаб беролмайман. Мақсадим ғолиб бўлиш эди, аммо юрагимда бироз ҳадик ҳам йўқ эмасди. 14 нафар ақлли, зукко, билимдон иштирокчилар орасида энг ёш қатнашчи сифатида ғолибликни қўлга киритиш осон бўлгани йўқ. Мактабда ёш авлодга сабоқ бериш билан бирга уларга мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий-ижтимоий, ҳуқуқий ислоҳотларни таҳлил қилиш, ўқиб-ўргатишни канда қилмайман. Шундай бўлса-да, кўрик-танловга тайёрланиш жараёнида сиёсий-ҳуқуқий билимларимни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилдим. Шунингдек, қабул қилинаётган қонунлар, Фармон ва қарорлар ҳақида кенг маълумотга эга бўлдим. Мазкур танлов келажакдаги орзуларим рўёбидаги имконият эшикларини очиб, “Адолат” социал-демократик партияси ғоялари, мақсад-вазифалари тарғиботи йўлидаги фаолиятимни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Наргиза ШЕРҚУЛОВА,

биринчи ўрин соҳибаси, Сирдарё вилояти:

— Бугун жамият тараққиётининг ҳар бир жабҳасида хотин-қизларнинг ўрни ва роли ортиб, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти юксалиб бормоқда. Бу жараёнда “Адолат”СДП ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Партия “Аёллар қаноти” томонидан ўтказиб келинаётган мазкур кўрик-танлов хотин-қизларнинг ҳар томонлама фаоллигини ошириш, шунингдек, улар орасидан сиёсий жиҳатдан етук ва ташаббускор аёлларни кашф этишга хизмат қилиб келмоқда. Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунлариданоқ таълим тизимида кенг ислоҳотлар олиб борилмоқда ва бу жараёнда партиямиз фаол иштирок этишга интилаётгани қувонарли. Мен ҳам партиянинг таълим соҳасидаги мақсад-вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида танловда таълим тизимида замонавий технологиялардан фойдаланиб, янгиликлар киритиш бўйича ўз лойиҳам билан иштирок этдим. Айни дамда педагогик ва партиявий билимларим ўз самарасини берганидан қувончим чексиз.

Ўрингул АЛЛАБЕРГЕНОВА,

учинчи ўрин соҳибаси, Қорақалпоғистон Республикаси:

— Касбим тақозоси билан депутатлар фаолиятидан яхши хабардор эдим. Кўрик-танловда партиявий билимларимни ошириш баробарида партиядан сайланган депутатлар фаолияти билан янада яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдим. Улар томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, ташаббуслар мени янада руҳлантирди. Танловнинг низоми билан таниша туриб, албатта, мен  бу тадбирда  ғолиб бўламан, деб  ўз олдимга мақсад қўйган эдим. Мана ниятим амалга ошди. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг бошланғич партия ташкилоти раҳбари сифатида бугун ҳудудимиздаги аёлларни, ёш қизларни қандай муаммолар қийнамоқда, партиямиз дастурий мақсад-вазифаларида уларнинг ечими қай тарзда ифодаланганини ўрганиб, лойиҳа яратишга ҳаракат қилдим. Шу билан бирга, танловда иштирок этган барча иштирокчилардан билмаганларимни ўрганиб, ўзаро тажриба алмашдик. Ўйлайманки, ҳали кўплаб сафдошларим бу кўрик-танловнинг ғолиблари бўлишади.

Шоҳида ДАМАНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Марказий аппарати етакчи мутахассиси

 

 

“Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловида билимдон ва иқтидорлилар сараланди was last modified: Март 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »