Китобхон ўқувчиларга китоблар совға қилинди

6 Март, 10:58 • Сурхондарё вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 233 марта кўрилди • Комментариев к записи Китобхон ўқувчиларга китоблар совға қилинди нет

Инсоният яратган кашфиётлар орасида энг ҳайратланарлиси, шубҳасиз, китоб бўлса ажаб эмас. Абдураҳмон Жомий “Китоб – менинг энг яхши устозим, ёлғиз қолганимда ишонган дўстим ва маслаҳатчим” деганида шубҳасиз ҳақ эди. Ҳақиқатдан ҳам, инсон камолотида китобнинг ўрни беқиёс. Ушбу беқиёс, маънавий муҳитни, китобхонлик маданиятини халқимиз, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб этиш, уларнинг китобга бўлган қизиқишини уйғотиш мақсадида Термиз тумани “Намуна” МФЙдаги 10 — ўрта умумтаълим мактабида “Мактаб кутубхонаси- билимлар хазинаси” мавзусида китобхонлик анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят Халқ таълими бошқармаси вакиллари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, вилоят ИИБ, Термиз туман ҳокимлиги вакиллари ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ходимлари ҳамда депутатлари  иштирок этишди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрда “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ҳамда Партия сайловолди Платформасида бу борада белгиланган мақсад-вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Отабек Мавлонов, Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати:

Бизнинг аждодларимиз маънавиятли, маърифатли бўлишган, Боиси улар кўп китоб ўқиган, бошқа тиллардаги китобларни ҳам ўқиб ўрганган. Оилавий китобхонлик анъанаси бизга ота-боболаримиздан мерос. Агар ана шу қарашларни эътиборга оладиган бўлсак, ким фарзандларига китоб ўқитмоқчи бўлса, аввало, ўзи китобхон бўлиши лозим. Ҳар бир оиланинг ўзининг кутубхонаси бўлиши керак. Агар чин маънавиятли, маърифатли бўламиз десак ҳар куни кечқурун ётиш олдидан 1-2 саҳифа китоб мутолаасига ўзимизни ўргатишимиз ва бу жараённи фарзандларимиз руҳий дунёсига сингдиришимиз шарт. Тадбирда тумандаги 3,-5,-24,-9-умумтаълим  мактабларидан ёш китобхонлар қатнашдилар. Мустақил ўқиган китоблари хусусида cавол-жавоблар бўлди, китобхонлар ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишди. Туман марказида, қишлоқ жойларда кутубхоналар ташкил этиш тўғрисида таклифлар билдирилди. Тадбир давомида  ҳомийлар томонидан мактабда яхши ўқиган, хулқи билан барчага намуна бўлган китобхон ўқувчиларга китоблар совға қилинди. Бундан ташқари депутатларимиз ўз ҳисобидан мактаб кутубхона фондини китоб билан бойитиш учун 50 донадан китоб тақдим этишди.

Катта денгизлар дарёлар ҳисобига, дарёлар жилғалар ҳисобига тўлиб тургани каби инсон ҳам ўз маънавий оламини китоб орқали бойитиб боради. Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов “Қайта яшаш насиб этса, ўқиган китобларимнинг ярмини ўқимаган бўлардим” деган эди. Бу китобхон савиясини шакллантиришда муҳим омилдир. Китоб ўқиш яхши, албатта. Аммо уни саралаб ўқиш учун китобхонларимизда эстетик дид ва савия, китобхонлик маданиятини шакллантириш лозим. Бундай тадбирларнинг ташкил этилиши худди мана шу мақсадларни бажаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилса, ажабмас.

Убайдулло ТОҒАЙНАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Термиз туман Кенгаши раиси

Китобхон ўқувчиларга китоблар совға қилинди was last modified: Март 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »