Малакали ва етук билимга эга муҳандислар – замон талаби

13 Март, 14:07 • Муносабат, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 107 марта кўрилди • Комментариев к записи Малакали ва етук билимга эга муҳандислар – замон талаби нет

Юртимизда жадаллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар қаторида Давлатимиз раҳбари яқинда яна бир муҳим ҳужжатни “Иқтисодиёт базавий тармоқларидаги лойиҳа ишларини ҳамда муҳандис-лойиҳаловчиларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорни имзолади.

Маълумки, мазкур қарорга қадар 2017 йилнинг 14 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиётнинг базавий тармоқларида лойиҳа ишларини самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори имзонланган эди. Шу билан бирга, ушбу қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти фаолияти ҳам ташкил этилган эди. Мана, орадан салкам бир йил муддат ўтиб, тегишли мутахассислар томонидан қарор ижроси атрофлича ўрганилиб, натижаси бажарилган амалий ишлар мисолида батафсил таҳлил этилди.

Натижа шуни кўрсатмоқдаки, Республика иқтисодиёти базавий тармоқларидаги лойиҳалаш ишлари ҳолати талаб даражасида эмас, зеро юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар замон талабларига мослашаётган бир даврда — лойиҳалаш ишларини ташкил этишга замонавий инновацион усулларда ёндашиш зарур.

Бу муаммо энг аввало — ихтисослаштирилган лойиҳа институтларида малакали муҳандис-лойиҳаловчи кадрлар, технологик тизимларни лойиҳалаш, конструкторлик ҳужжатларини тайёрлаш ва лойиҳаларни бошқариш бўйича тажрибали мутахассисларнинг етишмаслигидан келиб чиқаётгани айни ҳақиқатдир.

Уларга амалий тажриба ўташи мумкин бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти ҳам битирувчиларни қабул қилишда қамрови чекланганлиги сабабли лойиҳалаш ишларини самарали ташкил этиш имконияти тўлиқ юзага чиқмай қолеверди.

Эндиликда мазкур Қарор асосида лойиҳа ишлари сифати ва уларни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, ушбу соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш, шунингдек, «ЎзИнжиниринг» Республика лойиҳа институти фаолиятини янада такомиллаштириш вазифалари амалга оширилади.

Айниқса, Қарорда келтириб ўтилганидек, чет эл таълим муассасаларидан ва инжиниринг компанияларидан етакчи мутахассислар ва муҳандис-лойиҳаловчиларни ўқув жараёнларига кенг жалб этилиши – лойиҳалаш ва лойиҳани бошқариш соҳасида етук муҳандис кадрлар тайёрлашга замин яратади.

Шу билан бирга, Қарорда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент архитектура-қурилиш институти, Навоий давлат кончилик институти ва шу каби ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари талабаларининг иқтисодиёт базавий тармоқларининг корхоналари ва лойиҳа институтларида мажбурий стажировкадан ўтишлари, шу ернинг ўзида амалий машғулотлар ўтказишлари белгиланиши келажакда уларнинг иш жараёнларига тезлик билан киришиб кетишларини таъминлайди.

Қарорнинг чуқур моҳиятидан англаш мумкинки, иқтисодиётнинг базавий тармоқларида инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, лойиҳа ишлари сифати ва уларни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, ушбу соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишларининг талаб даражасида йўлга қўйилиши – юртимизнинг кимё-технология, архитектура-қурилиш, нефть-газ, кон-металлургия ва бошқа бир қатор йирик соҳаларда иқтисодий салоҳиятини юксакларга кўтаради.

Марифжон ХОЛДАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши раиси

Малакали ва етук билимга эга муҳандислар – замон талаби was last modified: Март 13th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »