Муқобил энергиядан фойдаланадиганлар мулк ва ер солиғидан озод этилади

2 Март, 17:31 • Фракция, Янгиликлар • 128 марта кўрилди • Комментариев к записи Муқобил энергиядан фойдаланадиганлар мулк ва ер солиғидан озод этилади нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон  “Адолат”  социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда жамиятимизнинг турли соҳаларини ислоҳ этишга доир бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Хусусан, депутатлар эътиборига биринчи ўқишда ҳаво этилаётган “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 275 ва 290-моддаларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 275 ва 290-моддаларига ишлаб турган энергия ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда муқобил электр энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний шахслар мулкига муқобил электр энергия манбалари ўрнатилган ойдан бошлаб уч йил муддатга мулк ва ер солиғидан озод этиш шаклида имтиёзлар берадиган қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Энергия таъминоти ташкилотларининг ишлаб турган энергия ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда муқобил электр энергия манбаларидан фойдаланишни тасдиқловчи маълумотномаси мазкур имтиёзларни бериш учун асос бўлади.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майдаги “2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сиғимини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарорида ишлаб чиқарувчи корхоналар учун ҳам 5 йил муддатга худди шундай имтиёзлар кўзда тутилган.

Қонун лойиҳаси аҳоли ўртасида оммавий муҳокама қилиниши учун Давлат интерактив хизматларининг Ягона порталида жойлаштирилган.

Жамшид ПИРМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Партиямиз Сайловолди дастурида энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантирувчи механизмлар яратиш, уй-жой-коммунал соҳаси ва кундалик турмушда қуёш энергиясидан ҳамда бошқа қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш, шу мақсадда муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланишни  ривожлантириш бўйича қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳамда муқобил энергетикани жорий этиш ва рағбатлантириш юзасидан махсус дастурни қабул қилишга доир вазифалар илгари сурилган.

Ўтган йиллар мобайнида олиб борган ўрганишларимиз шундан далолат берадики, ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда аҳоли орасида муқобил энергия манбаларига бўлган қизиқиш катта. Аммо, ҳозирча бундай технологияларнинг нархи бироз юқорилиги ва унга сарфланадиган маблағ камида ўн йилда ўзини оқлаши каби омиллар унинг оммалашишига тўсқинлик қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, бизнингча таклиф этилаётган қонун лойиҳасида назарда тутилаётган солиқ имтиёзига доир муддатни 3 йил эмас 5 йил этиб белгилаш мақсадга мувофиқ.

Умуман, мазкур қонун лойиҳаси билан жисмоний шахсларнинг муқобил энергия манбаларидан фойдаланишда мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилиниши уларнинг муқобил энергетикага қизиқишини оширади ва бирламчи ресурслардан оқилона фойдаланиш шароитларини яратган ҳолда улардан амалда фойдаланишни кенгайтириш имконини беради.

Фракция аъзолари таклиф этилаётган нормалар Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий мақсадларига тўла мос келишини эътироф этган ҳолда уни биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар.

Кун тартибидаги “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатларнинг қизғин муҳокамларига сабаб бўлди.

Ёрмамат ХОЛИЁРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси, қонун ташаббускори:

— Қонун лойиҳасининг мақсади Ўзбекистонда йўл хўжалигини бошқариш тизимининг ваколатларини аниқ белгилаш, автомобиль йўлларини қуриш, лойиҳалаш соҳасидаги норма ва стандартларига риоя этишни таъминлаш, йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш ҳамда автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартибларини белгилашга қаратилган.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси автомобиль йўллари соҳасида махсус ваколатли давлат орган сифатида белгиланиб, фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари тўлдирилмоқда. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси органининг ваколатлари янги модда сифатида киритилмоқда.

Партиямиз Сайловолди дастурида йўл инфратузилмасини, айниқса, маҳаллалар ичидаги кўчаларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, мавжудларини модернизация қилиш ва янги ижтимоий объектлар қуриш бўйича ишларни давом эттириш вазифалари белгиланган. Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг автомобиль йўллари соҳасидаги ваколатлари тўлдирилаётгани ҳамда махсус ваколатли орган томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларидан, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларидан фойдаланиш тартиби белгиланаётгани айни мақсадларимиз рўёбига хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига, шаҳар ва қишлоқларимиз йўлларининг янада равон ва обод бўлишига, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатининг юксалтиришга ҳамда халқимизга янада қулай шароит яратилишига хизмат қилади.

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари юзасидан депутатларнинг партия позициясидан келиб чиқадиган фикр ва таклифлари тингланди ҳамда фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.

Илёс САХАТОВ,

Adolat” мухбири

Муқобил энергиядан фойдаланадиганлар мулк ва ер солиғидан озод этилади was last modified: Март 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »