Муаллифга инновацион маҳсулот татбиқ этилишидан олинган фойданинг 10%и берилади

5 Март, 18:15 • Ҳуқуқий маслаҳатхона, Янгиликлар • 160 марта кўрилди • Комментариев к записи Муаллифга инновацион маҳсулот татбиқ этилишидан олинган фойданинг 10%и берилади нет

ҚҲТБТ порталида «Инновацион фаолият тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Илгари «Фан ва инновацион фаолият тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш режалаштирилган эди. Қонун лойиҳаси билан бу ерда танишиш мумкин. Ҳозирги кунда ҚҲТБТда иккита: «Инновацион фаолият тўғрисида» ва «Фан тўғрисида»ги  алоҳида қонун лойиҳалари жойлаштирилган.

«Инновацион фаолият тўғрисида»ги Қонуннинг айрим асосий қоидаларини келтириб ўтамиз.

Инновацион сиёсат – минтақалар кесимида

Президент томонидан 5 йил муддатга тасдиқланаётган Миллий инновацион тизимни ривожлантириш давлат дастурида инновацион ривожланишнинг амалга ошириладиган асосий йўналишлари белгиланади.

Мазкур муддатда вилоятлар, туманлар ва шаҳар Халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ҳудудий миқёсда тасдиқланадиган минтақавий инновацион ривожланиш дастурлари шакллантирилади. Дастурлар тегишли маҳаллий бошқарув органлари томонидан амалга оширилади.

Ҳудудий инновацион дастурларни жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар. Бунинг учун улар зарур ташкилий, молиявий ва бошқа қўллаб-қувватлашни таъминлайдилар, шунингдек инновацион фаолият субъектларини ташкил қилишда иштирок этадилар.

Инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш

Илмий ва инновацион фаолиятни молиявий таъминлаш мақсадида қуйидагилар ташкил этилади:

  • инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш фондлари;
  • инновацион ва/ёки венчур фондлар.

Инновацион фондлар инновацион лойиҳаларни молиялаштириш учун маблағларни қайтариш шарти билан ёки беғараз асосда тақдим этадилар, шунингдек инновацион фаолият субъектларининг мажбуриятлари бўйича кафил вазифасини бажаришлари мумкин.

Венчур (таваккалчилик даражаси юқори бўлган) фондлар  инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инновацион лойиҳаларни дастлабки молиялаштиришни амалга ошириш, инновацион корхоналарни ташкил қилиш ва ривожлантириш мақсадида ташкил этилади.

Лойиҳа бўйича қуйидагилар инновацион фаолиятни молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

  • давлат бюджети маблағлари;
  • инновацион фаолият субъектларининг ўз маблағлари;
  • халқаро грантлар, тижорат банклари, шу жумладан хорижий банкларнинг имтиёзли мақсадли кредитлари;
  • инновацион ва венчур фондлар;
  • хусусий, шу жумладан хорижий инвесторларнинг маблағлари (инновацион фаолият субъектлари томонидан эмиссия қилинган акциялар, облигациялар, векселлар ва бошқа қимматли қоғозларга кредитлар, молиявий лизинг ва инвестициялар шаклидаги);
  • бошқа тақиқланмаган манбалар.

Тадбиркорлик субъектлари – давлат бюджетидан молиялаштириладиган инновацион лойиҳаларнинг ижрочилари учун инновацион лойиҳаларни умумий молиялаштириш ҳажмидан маблағларнинг 10%идан кам бўлмаган миқдорда захиралаш режалаштирилмоқда.

Инновацион лойиҳалар муаллифларини рағбатлантириш

Инновацион маҳсулот муаллифи юридик шахсдан ушбу маҳсулотни татбиқ этишдан олинган соф фойданинг 10%идан кам бўлмаган миқдорда мукофот олиши режалаштирилмоқда. Шу йўсинда, мукофот татбиқ этилган пайтдан бошлаб 5 йил давомида берилади.

Юридик шахс – инновацион интеллектуал мулк объектига мутлақ ҳуқуқ эгаси барча солиқларни тўлаганидан кейин қолган, лицензион шартномалар бўйича олинган маблағларнинг 40%идан кам бўлмаган миқдорда унинг муаллифига мукофот тўлашга йўналтиради.

Инновациядан фойдаланиш фойда олишни назарда тутмайдиган, балки бошқа ижтимоий муҳим натижага эришишга олиб келадиган ҳолатларда, юридик шахс томонидан шартномага асосан мазкур инновация муаллифига бирйўла бериладиган мукофот тўланади. Унинг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.        

                                                                                          

Манба: Norma.uz

Муаллифга инновацион маҳсулот татбиқ этилишидан олинган фойданинг 10%и берилади was last modified: Март 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »