Наврўз катта шодиёнага айланади

3 Март, 13:48 • Андижон вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 319 марта кўрилди • Комментариев к записи Наврўз катта шодиёнага айланади нет

Ўлкамизга байрамлар гултожи, янгиланиш ва яшариш айёми Наврўзи олам кириб келмоқда. Шарқона янги йил сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлган бу қутлуғ байрамни муносиб нишонлаш ҳозирда асосий эътибордаги масала. Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорда бу борада амалга ошириладиган ишлар аниқ  белгилаб берилди.

Наврўз халқимизнинг минг йиллар давомида эъзозлаб келинган боқий байрами. Қарорда таъкидланганидек, асрлар давомида эл-юртимизнинг орзу-интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз истиқлол йилларида янада ўзгача тароват, аҳамият касб этди. У билан юртимизга асрий анъаналаримиз, қадриятларимиз, миллий урф-одатларимиз қайтди. Бу байрамнинг ижтимоий-маънавий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда уни юксак савияда нишонлаш алоҳида кўрсатиб ўтилди. Хусусан, жорий йилда Наврўз байрами бутун юртимизда умумхалқ сайиллари шаклида “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирлари уйғунлигида ўтади.

Байрам дастурлари доирасида табиатнинг ажралмас қисми бўлган инсонни она заминни асраб-авайлашга, бугунги тинч, эркин ва фаровон ҳаётни қадрлашга чорловчи маънавий-маърифий тадбирлар, Наврўзнинг тарихи, мазмуни ва фалсафасини, ушбу байрамни ўтказиш билан боғлиқ урф-одатлар, қадрият ва анъаналарнинг моҳияти ва аҳамиятини ўзида мужассам этган оммавий сайиллар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз кўмак беришдек эзгу амаллар режалаштирилади. Жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган хайрли ишлар, оммавий ҳашарларни амалга ошириш, ибратли оила, ибратли маҳалла, ибратли мактаб, моҳир бахши, моҳир лапарчи йўналишлари бўйича кўрик-танловлар ўтказиш, китоб байрамларини ташкил этиш каби муҳим жиҳатлар эътиборга олинди.

Албатта, буларнинг барчаси Наврўзни аввалгилардан-да шукуҳли ўтишига хизмат қилади.  Шундай экан, барча юртдошларимиз қатори партиямиз фаоллари ҳам бу байрамни катта  шодиёна  тарзда ўтишига ўз ҳиссасини қўшади. Бунинг учун жойларда бошланган кўклам тадбирлари, байрамолди ободончилиги, атрофни саранжом-саришта қилиш, янги дарахт ва гул кўчатларини экиш ишларига бош-қош бўламиз. Зеро, бу биз “адолатчилар”ни мамлакатимизда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эътибор ва ғамхўрликка амалий жавобимиз бўлади.

Малохатхон МУСАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон Вилоят кенгаши раиси ўринбосари

Наврўз катта шодиёнага айланади was last modified: Март 3rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »