Наврўз миллий байрамимиз

5 Март, 16:30 • Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 135 марта кўрилди • Комментариев к записи Наврўз миллий байрамимиз нет

Президентимизнинг 2018 йил, 23 февралдаги “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорини ўқиб, шу жонажон Ватанимизнинг бир оддий фуқароси сифатида қалбим ғурур ифтихорга тўлди.

Ушбу тарихий қарорга мувофиқ Наврўз байрамининг беқиёс ижтимоий маънавий аҳамиятини ҳисобга олиб, айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида ташкилий қўмита тузилди. Байрамни Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада яъни, “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” деган ғоя асосида уюштириш, шу асосда маданий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш лозимлиги таъкидланди.

2018 йилда ўтказиладиган ушбу байрамни аввалги йилга нисбатан мазмунли, қизиқарли қилиб, халқимиз кўнглидагидек, уларнинг маънавий эҳтиёжларини қондиришга хизмат этадиган даражада ўтказиш зарурлиги ташкилий қўмита зиммасига юклатилди.

Дарҳақиқат, Наврўз халқимизнинг яратувчилик меҳнати билан боғлиқ, унинг орзу-истакларини куйлаган, унинг турмуш тарзи, маънавияти, миллий руҳини халқ ижоди усули ва услублари ёрдамида тараннум этган, халқимизнинг бой миллий санъатини ўзида сақлаган байрамдир.

Миллий байрамимиз Наврўзнинг тарихи олис ўтмишларга бориб тақалади. Наврўз асрлар давомида кишиларга она-ерга муҳаббат, уни ва табиатни авайлаб-асраш туйғусини уйғотишга хизмат қилиб келган, уларни меҳнатга меҳрли қилиб, ахлоқан тарбиялашда жиддий аҳамият касб этган.

Наврўз шамсия йил ҳисобида янги йилнинг биринчи куни бўлиб, унинг форсча номи ҳам шу маънони ифодалайди, шу куни кун билан тун тенглашади.

Халқимиз орзиқиб кутган Наврўзи оламнинг жуда катта, буюк тарбиявий ҳусусиятларини, одамийлик, инсонпарварлик, умумбашарий сифатларини ҳам қайд этиш лозим.

Айни кунларда вилоятимизнинг 16 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари ҳам юртбошимиз қарорига асосан Наврўзолди тайёргарлик ишларида фаол иштирок этмоқдалар. Вилоят маданият бошқармаси, жамоат ташкилотлари, жамғармалар билан ҳамкорликда қишлоқ ва маҳаллаларда кенг қамровли ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштиришда бир ёқадан бош чиқариб, алоҳида намуна кўрсатишаяпти. Ҳомийларни жалб этган ҳолда меҳр-мурувватга муҳтож қариялар, кам таъминланган оилалар ва ногиронларга моддий ёрдамлар улашилаяпти. Китоб, Яккабоғ, Қамаши туманларидаги Меҳрибонлик, Саховат уйларидаги ўзгалар парваришига муҳтож фуқаролар, болалар ҳолидан хабар олиб, совға-саломлар инъом этилди.

Шунингдек, партиядошларимиз Наврўз байрами кунларида жойларда, томоша масканлари, боғ ва майдонларда қизиқчилар масхарабозлар, фаоллар-этнографик жамоалар, полвонлар, дорвозлар, ёш хонандаларнинг чиқишлари, миллий амалий санъат намуналари кўрик танловларини  адолатли тарзда ўтказишда  ҳам бош-қош бўлишаяпти.

Мен аниқ ишонч билан айтмоқчиманки, Президентимизнинг қарорига асосан, бу йилги Наврўз байрамини кўтаринки руҳда, ўзига хос янги-янги қирраларини намойиш этиб, барча халқимиз, партиядошларимиз ажойиб ташкилотчилик билан нишонлайдилар.

Абдулазиз АБДИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят  Кенгаши  раиси ўринбосари

Наврўз миллий байрамимиз was last modified: Март 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »