Наврўз янгиланиш, яшариш ва меҳр-саховат байрами

6 Март, 16:44 • Муносабат, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 297 марта кўрилди • Комментариев к записи Наврўз янгиланиш, яшариш ва меҳр-саховат байрами нет

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг  “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда юртимиз бўйлаб халқ сайиллари дастурларини тайёрлашда халқона ўйинлар, фольклор санъатининг энг яхши намуналарига кенг ўрин бериш, ҳунармандлик кўргазмаларини ташкил этиш, ибратли оила, ибратли маҳалла, ибратли мактаб, моҳир бахши, моҳир лапарчи йўналишлари бўйича кўрик-танловлар ўтказиш, адабий-бадиий учрашувлар, китоб байрамларини ташкил этиш билан бир қаторда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, ижодий кечалар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этиш ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб бориши таъминланиши ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури асосида кўтаринки руҳда ўтказиш белгиланган.

Наврўз – янгиланиш, яшариш фаслининг дебочаси, тенглик, ҳамжиҳатлик, тотувлик айёми бўлгани боис ҳар йили бу кунни ўзгача интиқлик, соғинч ва энтикиш билан қарши оламиз. Бу йил ҳам ушбу байрамни халқимиз катта кўтаринкилик, шоду-хуррамликда нишонлашга тайёргарлик кўрмоқда.

Чунончи, истиқлол туфайли тикланган қадриятларимиз, урф-одат ва миллий байрамларимиз орасида Наврўзи оламнинг ўрни, завқу шавқи бўлакча. Меҳр-оқибат, эзгулик, саховат ҳамда мурувват тимсоли саналмиш ушбу айём халқимизнинг азалий анъаналарига уйғунлиги билан янада қадрлидир.

Зеро, Наврўз, айни шу файзли, шодиёна дамларда юртимизнинг барча гўшаларида, қир-адирлар, боғу роғларда юртдошларимиз сумалак ва ҳалим, кўксомса ва гўжа каби тансиқ таомлар тортилган дастурхонлар атрофида тўпланиб, бу баҳор неъматларини ўз оиласи, яқинлари, дўсту биродарлари билан баҳам кўришга интилади.

Дарҳақиқат, Наврўз байрами мусаффо осмон остида, тинч-омонликда нишонланаётгани мамлакатимиз мустақиллигининг илк йилларидан биринчи Президентимиз бошчилигида амалга оширилиб, бугунги кунда Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан олиб борилаётган тинчликпарвар сиёсатнинг, кенг кўламли ислоҳотларнинг нақадар тўғри эканлигининг ёрқин ифодасидир. Тинч-осойишта элдагина байрамлар бўлади, ҳаловатли халққа эса хурсандчилик ярашади.

Қадим-қадимдан минтақамизда истиқомат қилган халқлар Наврўз байрами кунларида ҳар қандай араз, гиналар ва низолардан воз кечганлиги, элатлар орасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва бирдамлик таъминланганлигини яхши биламиз. Шу маънода, бугунги дориламон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимиздаги тинчлик, фаровонликнинг барқарорлигини таъминлаш ҳар биримизнинг бирламчи вазифамиз эканлигини, бугунги кунда мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг асосий тилаги бу тинч ва омонликда яшаш халқимиз дилидаги энг эзгу ният эканлиги барчамизга маълум.

Дунё шиддат билан ўзгараётган ҳозирги мураккаб бир даврда ҳаммамиз елкадош бўлиб, белгиланган вазифаларни масъулият билан адо этмоғимиз, олдимизда турган юксак марраларни собитқадамлик билан забт этиб, мамлакатимизнинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллашига ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор.

Мухтасар айтганда, мазкур қарорнинг қабул қилиниши Наврўз мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча юртдошларимиз учун севимли байрамга айлангани ва бу байрамни кўтаринки кайфиятда нишонлаш бахтига муяссар бўлаётганимиз ҳар биримизда шукроналик ҳиссини янада оширади.

Наврўз тантаналари, қалбимизда шу юрт фарзанди эканимиздан, халқимизга хос қадрият ва анъаналар нечоғли боқий ва сермазмун, миллий маданиятимиз нақадар бой эканидан ғурур ва ифтихор туйғусини оширади.

Убайдулло ТОҒАЙНАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Термиз туман Кенгаши раиси

Наврўз янгиланиш, яшариш ва меҳр-саховат байрами was last modified: Март 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »