Оқила ва зукко аёллар танловининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди

1 Март, 18:39 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 218 марта кўрилди • Комментариев к записи Оқила ва зукко аёллар танловининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди нет

Тошкент иқтисодиёт университети қошидаги академик лицейда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан партиянинг анъанавий “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг шаҳар босқичи ўтказилди.

Тадбирда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман кенгаши депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши фаоллари, партиянинг “Аёллар қаноти” аъзолари ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этишди.

Наргизахон Ишонходжаева, Юнусобод туманидаги “Баркамол авлод” болалар маркази директори, халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгаши депутати:

— Мазкур танлов орқали туман ва шаҳар партия ташкилотларида фаолият юритаётган фаол, изланувчан, интилувчан, атрофдагиларга ҳар томонлама ибрат, намуна бўла оладиган хотин-қизларни рағбатлантириш кўзланган. Шунингдек, кўрик-танлов иштирокчилар орасидан келгусида давлат ҳокимияти органларига бўладиган сайловларда номзодини кўрсатиш, партиянинг фаол аёллар сонини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

 Юртимизда хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрнини янада ошириш, аёлларни ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг мавқеларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Шу жиҳатдан, турли давлат ва нодавлат ташкилотлари узвий ҳамкорлигида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ юртимиз хотин-қизлари халқ фаровонлигига ва Ватан тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Хумора Гульмирзаева, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши бош мутахассиси:

— Бугунги кунда пойтахтимизда беш ярим мингга яқин хотин-қиз Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси. Улар орасида фан, таълим, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари вакиллари кўпчиликни ташкил қилади.

Шу жиҳатдан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам бу борада олиб борилаётган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўз Сайловолди дастурида аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш орқали мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, уларнинг давлат органлари барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлаш масаласини устувор вазифалар сирасига киритганлиги аҳамиятлидир. Бунда эса, “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танлови муҳим ўринга эга.

Иштирокчилар кўрик-танловнинг “Таништирув” шарти бўйича ўзлари истиқомат қиладиган ҳудуд тарихи, бугуни ва жойларда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида бадиий чиқиш қилишди.

“Савол-жавоблар” шартида эса талабгорларнинг сиёсий партиялар, Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурига оид, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида амалга оширилган ислоҳотлар ва бошқа шу каби сиёсий-ҳуқуқий билимлари синалди.

Сўнгги шартда номзодлар оила-жамият-касб уйғунлигидаги  ўз касбий фаолияти ва кечираётган турмуш тарзи, урф-одатларига ҳамоҳанг равишда саҳна кўриниши тарзида ҳамда бошқа ижодий қобилиятларини намоён этиб, йиғилганларга кўтаринки кайфият улашишди.

Иштирокчиларнинг ҳар бир шартга  юқори даражада тайёргарлик кўрганликлари кўрик-танловнинг янада қизиқарли ўтишини таъминлади.

Навбаҳор Эшпўлатова, Тошкент ихтисослаштирилган хотин-қизлар коллежи ўқитувчиси, танловнинг 3-ўрин соҳибаси:

— Партия ташкилоти қошидаги “Аёллар қаноти” Кенгаши ҳамда партия фаоллари ташаббуси билан партия аъзолари ўртасида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловини ўтказилиши заковатли хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қобилиятларини шакллантириш, уларда етакчилик сифатларини ривожлантириш, ташаббусларини рағбатлантириш, уларнинг билими ва салоҳиятини кенг жамоатчиликка намоён қилиш, турмуш тарзи ва фаолиятини, илгари сураётган эзгу ғояларини бошқаларга ибрат қилиб кўрсатишга хизмат қилмоқда.

Бу эса нафақат хотин-қизлар, балки барча партия аъзоларини янада жипслаштиришга, фаоллаштиришга ёрдам бериб, ташаббускор, ижтимоий-сиёсий фаол хотин-қизлар сафини кенгайтиришга туртки беради.

Танлов натижаларга кўра, Учтепа туман иштирокчиси, 74-мактаб маънавият ишлари бўйича директор ўринбосари Шахноза Турсунова 1-ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди. 2-ўринга Яккасарой туман иштирокчиси Нозима Артикбаева, 3-ўринга Яшнобод туманидан Навбаҳор Эшпўлатова сазовор бўлди.

Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган кўрик-танлов ғолибларига партияининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси

Тошкент шаҳар Кенгаши Матбуот хизмати

Оқила ва зукко аёллар танловининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди was last modified: Март 1st, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »