Обод қишлоқ лойиҳаси: Манас — кеча ва бугун

5 Март, 14:19 • Жиззах вилояти, Янгиликлар • 503 марта кўрилди • Комментариев к записи Обод қишлоқ лойиҳаси: Манас — кеча ва бугун нет

Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад халқимиз талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилишдан иборатдир. Бу эзгу ният йўлида олиб борилаётан залворли ишларнинг кўлами кундан-кун ортиб, янги маъно ва мазмун билан бойиб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга жорий қилинаётган навбатдаги янги ташаббус “Обод қишлоқ” дастури олис ва чекка ҳудудларда яшаётган миллионлаб юртдошларимиз ҳаётида чин маънода янги саҳифа очишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати бошчилигида барча вазирликлар ва идоралар раҳбарлари ҳамда мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ томонидан Дўстлик туманидаги барча қишлоқ ва маҳаллаларнинг ижтимоий инфратузилмаси аҳволи ўрганиб чиқилди. Ҳар бир маҳалланинг, кўча ва хонадонларнинг ҳолатини, одамларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш давомида “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш намунаси сифатида вилоят марказидан 70 километр олисдаги Манас қишлоғнинг танлангани бежиз эмас.

Жиззах чўлини ўзлаштиришнинг илк даврида вилоятнинг энг чекка ҳудудида барпо этилган Манас қишлоғидаги 1 минг 45 та хонадонда олти миллат вакилларидан иборат 6,5 минга яқин аҳоли истиқомат қилиб  келмоқда. Аҳолининг асосий хўжалик фаолияти деҳқончилик бўлган қишлоқда кўча ва йўлларнинг, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси таъминоти, маданий, маший хизмат кўрсатиш бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги одамларга жиддий қийинчилик туғдирмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан қишлоқдаги муаммолар ўрганиб чиқилиб,  бу ерда аҳолининг яшаши учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан  аниқ чора-тадбирлар режаси белгиланиб, бажаришга киришилди.

Бугун Манасга қурилиш ашёлари, аҳолига зарур маҳсулотлар ва буюмлар, дори-дармонлар, уй-рузғор жиҳозлари юкланган атомашиналар узуксиз келиб турибди. Давлат ва жамоат ташкилотлари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, тижорат банклари вакиллари қишлоқ фаоллари билан ҳамкорликда кўча ва йўлларни, ижтимоий иншоотларни, уй-жойларни таъмирлашмоқда, ободонлаштириш ишларини бажаришмоқда. Четдан кузатган одамга қишлоқда амалга оширилаётган ишлар фавқулодда вазиятлардаги ҳаракатни эслатади.

Республика вазирликлари, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари уйма-уй юриб, ўтказаётган мулоқотларда муаммолар эшитилиб, жойида ҳал этиш чоралари кўрилаётир. Аёлларни тадбиркорлик, уй меҳнатининг турли шаклларига жалб этган ҳолда бандлигини таъминлаш билан бирга хонадонлардаги саранжом-саришталик, фарзандлар тарбияси масалаларига урғу берилмоқда.

Хонадонларга кўрсатилаётган кўмак ҳар бир оиладаги беш-ўн одамни хурсанд қилаётган бўлса, кўча, йўллар, газ, сув, электр тармоқларидаги, мактаб ва боғчалардаги таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари юзлаб одамларнинг оғирини енгил қилиб, ҳаётдан мамнун этмоқда.

Қишлоқ кўчаларига тош-шағал ётқизиб, асфалътлашга тайёрланмоқда. Қишлоқда электр энергияси билан боғлиқ масалалар ечимига ҳам эътибор қаратилмоқда. Электр узатиш тармоқларида модернизатсия ва реконструксия ишларини олиб боришяпти. Яроқсиз ҳолга келган симёғочлар янги устунларга алмаштирилмокда.

– Чўл ўзлаштирилган дастлабки даврларда одамларга яшаш осон бўлмаган, – дейди меҳнат фахрийси 80 ёшли Ориф Қулчиқов. – Мамлакатимиздаги кейинги йиллардаги ўзгаришларга таққосласа, бугун ҳам шароитимиз бошқалардан анча орқада. Аммо ота-боболари ертўлаларда, чайлаларда яшаб чўлни ўзлаштирган инсонлар авлоди бундан яхшироқ яшашга муносиб. Шукрки, Президентимизнинг халқимиз ҳаётини яхши билиши, куюнчаклиги туфайли жамиятимизда бошланган янгиланишлар, ободлик бизнинг қишлоғимизга ҳам етиб келаётир. Юртимиз қатори бизнинг қишлоғимизда одамлар ҳаётини яхшилаш бошланди. Яхши ниятлар билан бошлаган барча ишларимиз хайрли бўлсин.

Ушбу лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши ҳодимлари ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Хусусан ушбу қишлоқда истиқомат қилувчи Сулаймонов Абдурашид томорқасида 5 хилдаги кўкатлар ва помидор кўчати экилган иссиқхона ташкил этилди.

Ҳа, бугун қишлоқда одамларнинг ҳайратланишига, қувонишига  арзийдиган тарихий ишлар бўлмоқда. Унинг қамрови ва суръатини кўрган киши яқин кунларда “Манас”нинг кечаги қиёфасидан асар ҳам қолмаслигига тўла амин бўлади. Бу давлатимиз раҳбарининг халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак деб билдирган фикрларининг  амалий ифодасидир.

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Обод қишлоқ лойиҳаси: Манас — кеча ва бугун was last modified: Март 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »