Оламни мунаввар этган аёллар…

7 Март, 19:30 • Марказий аппарат, Муносабат, Янгиликлар • 222 марта кўрилди • Комментариев к записи Оламни мунаввар этган аёллар… нет

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев мана икки йилдирки ўзбек хотин-қизларининг халқимиз орасида сиёсий ва ижтимоий фаоллик кўрсатган вакилалари билан юзма-юз учрашиб, Халқаро хотин-қизлар куни байрамини биргаликда нишонламоқда.

Бу албатта, мамлакатимизда хотин-қизларга, оналарга бўлган ҳурматнинг, эътиборнинг давлат сиёсати даражасида эканлигидан далолат беради. Биз тарихдан Амир Темур ҳукмронлиги даврида оналарга, хотин-қизларга бўлган муносабат нечоғлик даражада юқори бўлганлигини яхши биламиз. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам аёлларни қай даражада эъзозлаганлиги ҳам барчамизга аён.

Ҳа, мозийга назар солсак ҳам аёл улуғланганлигини, қадр топганлигини кўрамиз. Бугунги ислоҳотларга эътибор қилсак ҳам аёл улуғланаётганлигининг, қадр топаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Ўз даврининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта мавқеъга эга бўлган Тўмарис, Бибихоним, Зебунисобегим, Нодирабегим, Увайсий, Зулфия каби мўътабар аёлларимиз бугун ҳам юртимиз эъзозида.

“Аёл бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратади”, деганида Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Абдурахмон Беруний, Абу Наср Фаробий, Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа юзлаб ақл заковоти билан дунёни ларзага келтирган буюк шоҳлар, соҳибқирон ва саркардалар, олиму уламолар, давлат ва жамоат арбобларининг бешигини тебратган момоларимиз кўз ўнгимизда гавдаланади.

Ана шундай оналаримиз, опа сингилларимиз бугун ҳам биз эркаклар билан елкама елка бўлиб, жамият ривожи учун фидокорона меҳнат қилмоқдалар. Шу сабабли ҳам, хотин-қизларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини янада яхшилаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг ижтимоий муаммоларига эътиборни янада кучайтириш, аёлларнинг жамият ривожида фаол иштироки учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги вазифаларни оғишмай амалга ошириш эндиликда ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарб вазифаларимиздан бирига айланди.

Хуллас, бугун мамлакатимизда яшовчи ҳар бир хотин-қиз эъзозда. Юртбошимизнинг мамлакатимиз хотин-қизларига йўллаган байрам табригида айтилганидек: “Бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз. Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.”

Шундай аёллар қаторида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг кўп минг сонли хотин-қиз аъзолари ҳам бор. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан 2 нафари (Муҳаррам Дадаходжаева, Людмила Кошелапова), Юқори палатаси сенаторларидан 3 нафари (Гавҳар Алимова, Гулчеҳра Сатторова, Нигора Раббимова), ҳудудий ва маҳаллий депутатлардан 250 нафарга яқинини (Ойдин Абдуллаева, Муҳиба Бобобекова, Зарифа Эралиева, Инобат Ҳасанова, Улбосын Сейтжанова, Дилбар Ҳамдамова, Зуҳрахон Комилова, Дилшунос Абдуллаева, Вилоят Акрамова ва ҳоказо) партиямизнинг энг фаол аёллари ташкил этади. Республика, ҳудудий ва маҳаллий партия ташкилотларида “Аёллар қаноти” кенгашлари фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан амалга оширилган ишлар, энг муҳими сиёсий фаоллик ўлчами кун сайин ошиб бормоқда. Партиямиз эришаётган барча ютуқларда уларнинг ҳам ўринлари, муносиб ҳиссалари бор. Бундай аёлларимизни санайдиган бўлсак, уларнинг сони партиядошларимиз орасида жуда кўп. Энг муҳими партиямиз сафидаги аёллар Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги учун бефарқ эмас ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳамқадам.

Азиз ва мўътабар партиядош онахонлар, опа-сингиллар! Муҳтарам Президентимизнинг хотин-қизларимизга бугун йўллаган табриги ҳар бир оилага, ҳар бир қалбга етиб борди. Биз ҳам Сиз азизларни партия Сиёсий Кенгаши ва унинг марказий аппарати жамоаси ҳамда 220 минг нафарга яқин партиядошлар номидан баҳор, гўзаллик ва нафосат байрами 8 март – халқаро хотин-қизлар айёми билан самимий қутлаймиз.

Яратгандан барчангизга мустаҳкам соғлиқ, бахт ва омад тилаймиз. Ўзбек аёлига хос гўзаллик, латофат ва сиёсий фаоллик Сизларни ҳеч қачон тарк этмасин.

 Абдукамол РАХМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосари

Оламни мунаввар этган аёллар… was last modified: Март 7th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »