Қонунлар мукаммал бўлса…

3 Март, 14:40 • Марказий аппарат, Муносабат, Янгиликлар • 177 марта кўрилди • Комментариев к записи Қонунлар мукаммал бўлса… нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Очиқ тан олиш керак, аксарият ҳолларда бирон-бир масалани аниқ ҳал этмайдиган, бир-бирига тўғри келмайдиган қонун ва қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалда кўплаб муаммолар туғдирмоқда”, деган сўзларини чуқур мушоҳада қилиб, ушбу таклифни киритишни лозим топдим.

Фахр ва ифтихор билан таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг самарали меҳнати эъзозланади, қадрланади. Давлат мукофотларига муносиб шахслар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдирланиши белгилаб қўйилган. Шундай мукофотлардан бири ва энг олий даражадагиси – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонидир.

Бу олий мукофот билан фуқароларимиз Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини белгилаш ва олий нишон — “Олтин юлдуз” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда шу қонун билан тасдиқланган “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони тўғрисидаги Низом асосида тақдирланади.

Мазкур низомнинг 6-моддаси биринчи хатбошисида “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган шахслар ойлик иш ҳақига ёки пенсияга қўшимча равишда энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида ой сайин тўланадиган устама мукофот оладилар”, деб белгилаб қўйилган ва бу талаб ҳозирги кунда ҳам амалда.

Бу устама миқдорини бошқа устама белгиланган мукофотлар билан солиштирадиган бўлсак, сезиларли даражада номутаносибликлар мавжуд. Оддий қилиб айтганда, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони соҳибининг ҳар ойда иш ҳақи ёки пенсиясига қўшимча оладиган устамаси миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баробарини ташкил этган айни пайтда “Ўзбекистон Халқ артисти”нинг ҳар ойда иш ҳақи ёки пенсиясига қўшимча оладиган устамаси миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробарини, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”нинг ҳар ойда иш ҳақи ёки пенсиясига қўшимча оладиган устамаси миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 1,8 баробарини ташкил этади.

“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони мамлакатимизнинг олий даражадаги мукофоти бўлганлиги сабабли Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини белгилаш ва олий нишон — “Олтин юлдуз” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги қонуни билан тасдиқланган “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони тўғрисидаги Низомнинг 6-моддаси биринчи хатбошисига ўзгартиш киритиш орқали Ўзбекистон Қаҳрамонига бериладиган устама миқдори оширилиши, шунингдек, ушбу унвон соҳибларига ҳам бошқа унвонлар соҳиблари учун жорий қилинган имтиёзларни эътиборга олган ҳолда қўшимча имтиёзлар берилиши бугунги ислоҳотларга тўлиқ мос бўлади.

Бунинг учун Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 5 майда қабул қилинган 1038-XII-сонли «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини белгилаш ва олий нишон — «Олтин юлдуз» медалини таъсис этиш тўғрисида»ги қонуни билан тасдиқланган «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони тўғрисидаги Низомнинг 6-моддасидаги «энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида» деган жумлани «энг кам ойлик иш ҳақининг __ (масалан, беш) баробари миқдорида» деган жумла билан ўзгартиш ва бошқа қонун ҳужжатларини бунга мослаштириш кифоядир.

Абдукамол Рахмонов,

ҳуқуқшунос

 

Қонунлар мукаммал бўлса… was last modified: Март 3rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »