ПРЕСС РЕЛИЗ

16 Март, 14:34 • Пресс-релизлар • 128 марта кўрилди • Комментариев к записи ПРЕСС РЕЛИЗ нет

Жорий йилнинг 16 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ва партия Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Тошкент молия институти ҳамкорлигида “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастуридан ўрин олган “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда депутатлар, тегишли вазирликлар мутасаддилари, экспертлар, Тошкент шаҳридаги бир қатор таянч олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда илмий фаолиятни янада жадаллаштириш йўлидаги муаммолар ва уларнинг ечимини аниқлаш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жумладан, “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маромига етказиш билан боғлиқ вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизни янада тараққий эттириш, иқтисодиёти энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллашда илм-фан соҳасини ривожлантиришнинг аҳамияти жуда муҳим.

Шу сабабдан сўнгги йилларда мамлакатимизда илмийтадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш ҳамда мамлакатни демократик янгилашда фаннинг ролини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Илм-фан эгаларини моддий рағбатлантириш бўйича жорий этилган механизмлар улар фаолиятининг самарадорлиги ошишига хизмат қилмоқда. Айни пайтда давлат қудратини оширишга, халқимиз фаровонлигини яхшилашга хизмат қилувчи илм-фан ютуқларининг ҳаётга самарали татбиқ этилиши, уларнинг муаллифлари ва буюртмачиларига оид муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДПСайловолди дастурида ҳам илмий фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ҳамда саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтириш, ишлаб чиқариш, илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмаларининг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илмий изланиш ва ишланмалар рақобатдошлигини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шу асосда бир неча йиллик изланишлар натижасида “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги экспертлари ва “Адолат” СДП депутатлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритишдан олдин аввало партия электорати бўлган илмий жамоатчилик, олимлар, экспертлар ва фаоллар иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда. Жумладан, қонун лойиҳаси барча вилоятлардаги олий таълим муассасаларида олимлар, маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлари ва фаоллари иштирокида муҳокама қилиниб, қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича таклифлар олинмоқда.

Қайд этилганидек, “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳаси аввало соҳага доир атамаларни бир хил талқин қилишга имкон берадиган тушунчалар ва меъёрларни ўз ичига олган. Унинг муҳим жиҳатларидан бири – бу илмий фаолият соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари акс эттирилаётганидир.

Шунингдек, қонун лойиҳасида илм-фан соҳасини давлат томонидан тартибга солиш принциплари ва қўллаб-қувватлаш шакллари аниқ баён этилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида илмий ғоялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда халқаро ҳамкорлик ва чет эл инвестицияларини жалб этиш, илмий кадрларга қўйилган замонавий талаблар, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси, фан, таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга оид қоидалар назарда тутилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича тузилган эксперт гуруҳи мутахассисларининг қайд этишича, янги қонуннинг қабул қилиниши илмий фаолият соҳасида ҳуқуқий майдонни шакллантириш имконини беради.

Тадбир давомида амалиётчилар, мутахассислар, олимлар ҳамда депутатларнинг қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга доир таклифлари тингланди.

Давра суҳбати якунида “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик иштирокида янада кенгроқ муҳокама қилиш ҳамда уни маромига етказиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш ҳамда қабул қилинишига эришиш юзасидан таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

ПРЕСС РЕЛИЗ was last modified: Март 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »