Шаҳримизни тоза сақлайлик!

3 Март, 16:57 • Бухоро вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 203 марта кўрилди • Комментариев к записи Шаҳримизни тоза сақлайлик! нет

Инсон саломатлиги аввало табиатнинг тозалигига боғлиқ. Тозалик ва озодалик бугунги кунимизда долзарб мавзуга айланиб бораётгани ҳам экологик муаммодир. Албатта, бу муаммо шунчаки эмас, атроф-муҳитга бўлган эътиборсизлигимиз сабаб юзага келади. Тозаликка риоя этиш аввало бизнинг тарбиямиз ҳамда маданиятимизга боғлиқ. Шунинг учун ҳар бир фуқаро экологик муаммоларнинг олдини олишда етакчилик қилиб туриши лозим.

Бухоро шаҳри қадимий ва навқирон шаҳарлардан биридир. 410 га яқин меъморий ёдгорликлар ҳар бир сайёҳни ўзига жалб этади. Шаҳримизни авайлаш,  тарихий обидаларини эъзозлаш, асори-атиқаларнинг қадрига етиш халқимизнинг буюк ўтмиши, яшаётган ижтимоий ҳаёти ва келажаги билан бевосита боғлиқ. Бухорога сафар қилган ҳар бир инсон унинг ана шу гўзал ва тарихий обидаларини кўрмай қайтмайди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят ва туман, шаҳар Кенгаши ходимлари юртимизнинг кўркига кўрк қўшиш мақсадида, шунингдек, унинг тозалигига эътибор қаратиш учун партиянинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида амалга оширган тарғибот ишлари ўзининг самарали натижаларини кўрсатмоқда.

Жумладан, партиянинг Бухоро шаҳар ва Когон туман Кенгаши ходимлари ушбу ташаббусни вилоятимиздаги меъморий ёдгорликларида амалга оширишди. Ҳазрати Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳ жойида бўлиб, лойиҳа моҳияти қайд этилган плакатни махсус белгиланган жойларда ўрнатган бўлса, шаҳримиз меҳмонлари орасида эса флаерларни тарқатган ҳолда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Мир Араб олий мадрасасида ҳам ёшларни тозаликка риоя этишлари, мадраса атрофини доим тоза сақлашлари борасида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

 “Бугунги кунда тозаликка риоя этиш муаммога айланиб бораётган асосий масаладир. Партиянинг бу лойиҳаси барчамизга манзур бўлди. Сабаби – ёшларнинг экологик маданияти шакллантирди, тозаликка риоя этишга чақирди”, — дейди биз билан суҳбатда бўлган олий мадраса проректори Мустафо Ходжаев.

“Сомонийлар” номли маданият ва истироҳат боғи – бу жой нафақат шаҳримиз аҳли учун, балки меҳмонлар учун ҳам ажойиб дам олиш масканидир. Аммо истироҳат боғининг тозалиги эса жуда ачинарли ҳолдир. Баъзи “маданиятли” инсонларнинг айби сабаб атроф-муҳит ифлосланиши юзага келмоқда. Партиянинг Бухоро шаҳар Кенгаши ходимлари ушбу муаммони  бартараф этиш мақсадида жойларда, савдо шаҳобчаларида, атракционларнинг атрофларида “Тозалик йўлида бирлашайлик” номли плакатларни илиб, фуқароларга флаерларни тарқатиб, тарғибот ишларини олиб боришди.

Мавжуда Ражабова, “Сомонийлар” номли маданият ва истироҳат боғи ходими:

— Жуда зўр лойиҳа бўлибди. Атрофимизни гарчанд тоза тутишга уринмайлик барибир баъзи фуқароларимиз тозаликка риоя этишдан йироқда юришади. Айни мана шу тарғибот ишлари уларга тоза юриш маданиятини  ўргатади деган умиддамиз.

Партиянинг Когон туман Кенгаши ходимлари ҳам тумандаги Сайид Мир Кулол жомеъ масжидида бўлиб, фуқароларни тарқатма материаллари асосида тозалик йўлида бирлашмоққа жалб этишди. Масжидга ташриф буюрувчи ҳар бир инсон аввало, атроф-муҳит озодалигига риоя этиши лозимлиги таъкидланди.

Саёҳатчиларга қулайликлар яратиш, Бухоронинг тарихий ҳолатини кўрсата олишда биринчи галдаги вазифамиз шаҳримизнинг тозалигига эътибор билан қарашимизда. Ҳар бир инсон кўнгли шаҳар тозалигидан баҳраманд топса албатта, юртимиз ҳақида ўзгача тасаввурга эга бўлади. Партия ходимларининг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси остида олиб борилган тарғибот ишлари шаҳримизнинг тарихий обидаларини ҳайрат ва мўъжизалар маконига айлантириши муқаррар.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Шаҳримизни тоза сақлайлик! was last modified: Март 3rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »