Тинчлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик

2 Март, 17:21 • Депутат минбари, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 157 марта кўрилди • Комментариев к записи Тинчлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик нет

Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) турли қитъаларда жойлашган ва турли сиёсий табиатга эга бўлган давлатлар ўртасидаги ўзаро узвий ҳамкорликни йўлга қўйишга бел боғлаган, жаҳонда тинчлик ва барқарорликни қарор топтириш ва мустаҳкамлашга интилаётган нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади. Бугунги кунда БМТ дунёда кечаётган муҳим сиёсий жараёнларни мувофиқлаштириш ва бошқариш, минтақавий можароларни бартараф этиш, табиий офатларнинг олдини олиш, камбағалликка қарши курашиш, ривожланишга кўмаклашиш каби кенг қамровли муаммоларни ҳал этиш йўлида самарали фаолият юритиб келмоқда.

Ўзбекистон БМТга 1992 йилнинг 2 мартида аъзо бўлиб кирди. Халқимиз орзуси ушалган, унинг ҳаётида муҳим сана сифатида қайд этилган ўша кундан бошлаб юртимиз байроғи мазкур ташкилотнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи пештоқида мағрур ҳилпираб турибди. Айнан ана шу кундан эътиборан мамлакатимиз глобал ва минтақавий муаммоларнинг муҳокамасида ҳамда муҳим халқаро қарорларни қабул қилиш жараёнида бевосита қатнашиш имкониятига эга бўлди.

Ўзбекистон ушбу даврдан бошлаб, БМТ билан ҳамкорлик қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб олди. Булар, жумладан, хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидларга қарши курашиш, Афғонистонни қайта тиклаш, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, экологик муаммоларни ҳал этиш, хусусан, Орол денгизи фожиасининг оғир оқибатларини юмшатиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби йўналишлардир.

Масалан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудудни ташкил этиш бўйича илгари сурган ташаббуси 2006 йилнинг сентябрь ойида Семипалатинск шаҳрида минтақадаги барча давлатлар томомнидан тегишли шартноманинг имзоланиши билан якун топди. Ушбу шартнома асосида БМТ Бош Ассамблеясининг 61- ва 63-сессияларида Ташкилотга аъзо давлатларнинг кўпчилик овози билан “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд” Резолюцияси қабул қилинди. 2009 йилнинг март ойидан бошлаб эса, ушбу Шартнома кучга кирди.

1993 йилда Тошкент шаҳрида БМТ ваколатхонаси очилди ва ташкилотнинг бир қатор дастурлари, жамғармалари ва агентликлари фаолияти кенг йўлга қўйилган. Хусусан, мамлакатимизнинг БМТ оиласига кирувчи Халқаро Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ), Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ), Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Умумжаҳон почта иттифоқи (ЮПУ) каби ихтисослаштирилган муассасалар билан ўзаро самарали ҳамкорлиги йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда ушбу ташкилотлар билан ўзаро алоқаларимиз тобора чуқурлашиб бораётганини кузатиш мумкин.

Чунончи, БМТнинг болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ ҳамкорлигида болалар саломатлигини асраш, улар орасида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, эмлаш, мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.

Биз учун БМТнинг фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ихтисослашган ташкилоти — ЮНЕСКО билан ҳамкорлик ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. “Уруш ғоялари инсон онгида пайдо бўлади, шу боис инсон онгида тинчлик ғояларини шакллантирмоқ лозим”, — дейилади ЮНЕСКОнинг таъсис Низомида. Ушбу олий мақсаддан келиб чиқиб, мазкур ташкилот дунё мамлакатларида фан, таълим, маданиятни ҳар томонлама ривожлантириш орқали инсоният тараққиётига муҳим ҳисса қўшиб келмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида изчил самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Чунончи, бир қатор қадимий шаҳарларимиз ва буюк аждодларимизнинг юбилей тадбирлари мазкур халқаро ташкилот раҳнамолигида кенг нишонланмоқда. Анъанавий “Шарқ тароналари” халқаро фестивали ҳам ЮНЕСКО билан биргаликда ўтказиб келинмоқда. Яна бир диққатга сазовор жиҳати, Ўзбекистон Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича халқаро Конвенцияни ҳам ратификация қилган. Шу асосда Наврўз байрамимиз, “Катта ашула” қўшиқлари, Бойсун тумани фольклори, “Шашмақом” миллий мумтоз мусиқа асарлари каби объектлар Инсониятнинг номоддий мероси рўйхатидан ўрин олди ва инсониятнинг ноёб дурдоналари сифатида эътироф этилди Бундан ташқари, мамлакатимиз ҳудудида мавжуд бўлган тўрт мингдан зиёд моддий-маънавий обидалар бутунжаҳон маданий меросининг ноёб намуналари сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон БМТнинг низомий, ёрдамчи ва конвенциявий ташкилотлари билан инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ушбу йўналишда мамлакатимиз 80 дан ортиқ ҳужжатлар билан бирга олтита асосий битимга қўшилди. Ўзбекистон ушбу ҳужжатлар доирасида ўзининг халқаро мажбуриятларини изчил равишда бажариб, улардаги энг муҳим нормаларнинг миллий қонунчилигимизга имплементация қилинишига катта эътибор қаратиб келмоқда.

Шу ўринда БМТнинг 2015 йилда 193 давлат вакиллари иштирок этган олий даражадаги Саммитида эълон қилинган Барқарор тараққиёт мақсадларига алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Ўзбекистон БМТга аъзо давлатларнинг барчаси учун муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган, 2030 йилга қадар инсониятни равнақ топтиришнинг 17та йўналишини ўз ичига олган мазкур стратегик ҳужжатда белгиланган мақсадларни амалга оширишга астойдил бел боғлаган мамлакат ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, республикамизда БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишда бир қатор ютуқлар қўлга киритилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ва фаоллигини ошириш, болалар ўлимини камайтириш; оналар соғлиғини яхшилаш; турли юқумли ва хавфли касалликларнинг олдини олиш, экологик барқарорликни таъминлаш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Кейинги ўн йил давомида Ўзбекистон йиллик давлат бюджети харажатларининг салкам 60 фоизи ижтимоий соҳа эхтиёжлари учун сарфланаётгани эса алоҳида эътиборга моликдир.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ва бевосита раҳбарлигида ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Ушбу Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик муҳитини таъминлашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалар инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш, фаровон ҳаёт кечиришлари учун муносиб шароитларни яратиб беришга қаратилган бўлиб, уларнинг изчил ижроси бизни олдимизга қўйган улуғ мақсад — буюк келажак сари янада яқинлаштиради. Ҳаракатлар стратегияси “янгиланиш жараёнларининг ҳақиқий ҳаракатлар дастури” бўлиб, унинг мазмун-моҳияти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла ҳамоҳангдир.

Таъкидлаш жоизки, 2017 йилнинг 20 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи Ўзбекистон-БМТ муносабатларининг янги босқичини бошлаб берди. Дунё жамоатчилигининг диққат-эътиборини ўзига тортган ушбу маърузада Президентмиз, энг аввало, мамлакатимизда мустақиллик йилларида барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилганлиги, Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантириш йўлида изчил-саъй-ҳаракатлар амалга оширилаёганини алоҳида таъкидлади.

Президентимиз ўз маърузасида жаҳон ҳамжамияти эътиборини халқаро аҳамиятга эга бўлган бир қатор долзарб масалаларга қаратди. Хусусан, халқаро терроризм, диний экстремизм, диний бағрикенглик, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, Орол фожиаси оқибатлари юмшатиш, Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва конструктив ҳамкорлик муҳитини барпо этиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Айниқса, Президентимиз ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Умуман, Президентимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида билдирилган таклифлар халқаро жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. Ушбу тарихий маъруза бугунги кунда минтақа давлатлари, қолаверса дунё аҳлини ташвишга солаётган турли глобал муаммолар ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирларига бағишлангани билан ҳам аҳамиятлидир.

Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро муносабатларда тутган ҳал қилувчи ўрнига юксак баҳо берган ҳолда Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг босқичма-босқич ислоҳ этилиши тарафдори эканлиги, айниқса, БМТ Хавфсизлик Кенгашини бугунги кун талабларига мос равишда кенгайтириш зарурлиги ҳақидаги фикрлари ҳам ҳақиқатда долзарб аҳамият касб этади.

Бундан ташқари, мамлакатимиз раҳбарининг қўшни Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ҳамда Ўзбекистон ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолган ҳолда, очиқ мулоқотга тайёр эканлиги борасида билдирган қатъий позицияси халқаро жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланди ва қўллаб-қувватланди.

Умуман олганда, ўтган давр мобайнида Ўзбьекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаол аъзоларидан бирига айланди.  Мана 26 йилдирки, мамлакатимиз ушбу халқаро ташкилот билан узвий ҳамкорлик қилиб, дунёда ва минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Мамлакатимизнинг БМТ доирасида глобал ва минтақавий масалаларда кўтариб чиққан ташаббуслари кўплаб ижобий саъй-ҳаракатларнинг бошланишига сабаб бўлибгина қолмай, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга ҳам муносиб хизмат қилмоқда. Дунёда тинчлик ва барқарорликни, халқлар ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш йўлида Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги бундан кейин ҳам изчил давом этаверади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси

 

Тинчлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик was last modified: Март 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »