Тинчликка куч билан эришиб бўлмайди

28 Март, 15:58 • Депутат минбари, Марказий аппарат, Муносабат, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 185 марта кўрилди • Комментариев к записи Тинчликка куч билан эришиб бўлмайди нет

Доно халқимиз бежиз “Қўшнинг тинч – сен тинч”, демайди. Айниқса бугун, дунё миқёсида глобаллашув, интеграция жараёнлари кучайган, давлатлар ўртасидаги чегаралар шаффофлашган пайтда бу ҳикмат янада кенгроқ кўлам, мазмун-моҳият касб этади. Яъни ҳеч бир давлат алоҳида олинган маконда, ўз ҳудудини “хитой девори” билан ўраб яшай олмайди.

Шу боисдан ҳам йигирма биринчи аср тамаддунининг ўзига хос жиҳатларидан бири сифатида жамиятдаги ижтимоий-сиёсий барқарорлик, тинчлик-тотувликни қайд этиб ўтиш мумкин. Зеро, қайси юртда, минтақада барқарорлик ва тотувлик бўлса, ўша ерда аҳиллик-иноқлик, ютуқлар ва муваффақиятлар бор, ўша ерда барака бор. Ахир “Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака йўқолиши” бор гап. Биз бу фикримиз исботини юртимизга ҳудуди жиҳатдан яқин ёки йироқ давлатлар мисолида кўришимиз мумкин.

Албатта, азалий ён қўшнимиз, қадимдан яқин иқтисодий-савдо муносабатлари ўрнатиб келинган жафокаш Афғонистон ҳақида кўп ўқиймиз, эшитамиз. Бу ислом давлатида фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликларига, жиддий эътибор, ўз даври учун жуда дадил бўлган ислоҳотларга жиддий эътибор ўн тўққизинчи асрнинг саксонинчи йилларида, Амир Абдураҳмонхон даврида кучайган. Унинг невараси Омонуллохон эса йигирманчи аср бошида аёлларга паранжисиз юришга рухсат этган, қизлар учун илк мактаблар очган. Ўтган асрнинг ўрталарида Афғонистон Конституциясига кўра аёллар эркаклар билан тенг ҳуқуқли деб эълон қилинди, хотин-қизларга сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи берилди. Бунинг натижасида 80-йилларга келиб мамлакат барқарор тараққиёт йўлига тушиб олди.

Бироқ, шўроларнинг қўли билан амалга оширилган 1979 йилги савр инқилоби қайсидир маънода ари уясини кавлаб қўйгандай бўлди. Айнан Афғонистонда бир-бирига қарама-қарши давлатлар манфаатлари тўқнашди. Ўша зиддиятнинг асоратлари мана, ҳозирги кунгача етиб келди ва ҳали узоқ вақт ўзидан дарак бериб туради. Юртимиз етакчиси сўзлари билан айтганимизда, афғон халқига четдан тиқиштирилган “уруш олови” ҳалига қадар сўнгани йўқ.

Деярли қирқ йилдан бери давом этиб келаётган фуқаролар уруши мобайнида юз минглаб тинч аҳоли бегуноҳ қурбонга айланди, миллионлаб инсонлар ўз уйларини ташлаб кетишга, ўзга мамлакатлардан бошпана излашга мажбур бўлди. Энг ёмони, афғон уруши унда қатнашаётган гуруҳлар учун наркотик моддалар ишлаб чиқариш ва сотиш, қурол-яроғ харид қилиш ва бойлик орттириш учун пул топишнинг энг қулай воситасига айланмоқда. Турли халқаро ташкилотлар, шу жумладан, БМТ таҳлилига кўра, Афғонистон қорадори хом ашёсини тайёрловчи дунёдаги етакчи давлатлардан биригагина эмас, балки наркотик моддалар олиб ўтиладиган энг йирик базага ҳам айланиб қолди. Маълумотларга кўра, Европада бугунги кунга келиб героин Афғонистонда ҳалок бўлган аскарларга нисбатан 60 баробар кўп тинч аҳолининг ёстиғини қуритиб улгурди… Шу сабабли ҳам Афғонистон можаросининг барҳам топиши нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки дунё миқёсида барқарорлик мустаҳкамланишига улкан ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.

Ҳаммамизга маълум, айнан республикамиз ташаббуси билан 1999 йилда Тошкентда Афғонистонга қўшни давлатлар, Россия ва АҚШ ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари даражасида “6+2” гуруҳининг Шимолий Иттифоқ ва “Толибон” ҳаракати вакиллари ҳам иштирок этган учрашуви бўлиб ўтган эди. Музокаралар якуни бўйича Афғонистондаги низоларни тинч йўл билан бартараф этишнинг асосий принциплари ҳақидаги Тошкент декларацияси қабул қилиниб, у Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 54-сессияси ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг расмий ҳужжатига айланганди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев президентлик фаолиятининг илк кунлариданоқ Афғонистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада фаоллаштириш ҳамда ушбу мамлакатда тез фурсатда тинчлик, барқарорлик ўрнатилиши, унинг иқтисодий ва транспорт инфратузилмаси тикланишига кўмаклашиш тарафдори эканини намоён этди. Жумладан, 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳамда ноябрь ойида Самарқандда БМТ шафелигида ўтказилган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусида ўтказилган халқаро конференциядаги нутқларида Президентимиз Марказий Осиёдаги хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратишдан воз кечиш, “яхлит хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш зарурлиги, қўшни мамлакатдаги тинчликка фақат музокаралар билан эришиш мумкинлигини алоҳида қайд этди.

Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон – Афғонистон ҳамкорлигини ривожлантиришда изчил ўсишга эришилди. Ўтган йил декабрь ойида Афғонистон Президенти Ашраф ўанининг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат муносабатларида янги саҳифа очди.

Маълумки, Ўзбекистон 2002 йилдан буён Афғонистонга электр энергияси етказиб бермоқда. Айни кунларда эса бугун фаолият кўрсатаётган Ҳайратон—Мозори Шариф темир йўлини Ҳиротгача давом эттириш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб Афғонистонга чегарадош Термиз шаҳрида махсус ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида юз нафарга яқин афғонистонлик йигит-қизлар таълим олмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси дунё ҳамжамиятининг Афғонистонда тинч тараққиётни таъминлашга қаратилган фаолияти ва эътиборини янги босқичга кўтаради.

25 давлат ва нуфузли халқаро ташкилотлар, 300 га яқин оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган халқаро конференция якунида қабул қилинган Тошкент декларацияси дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган глобал муаммони бартараф этиш йўлидаги ғоят залворли қадам бўлди. Шу билан бир қаторда конференцияда Афғонистон ҳукумати билан “Толибон” ҳаракати ўртасида ҳеч қандай дастлабки шартларни илгари сурмасдан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш учун янги платформага асос солинганлиги ҳам муҳим аҳамиятга молик сиёсий воқеликдир.

Демак, Президентимизнинг минтақада барқарорликни таъминлашга доир ташаббуси қўшни афғон заминида тинчлик-фаровонликни, муносиб ҳаётни таъминлашга хизмат қилади. Шавкат Мирзиёев конференциядаги нутқида алоҳида таъкидлаб ўтганидек, “Ҳеч шубҳасиз, охир-оқибатда афғон заминида тинчлик ўрнатилиши бепоён Евроосиё қитъасидаги барча давлатлар учун янги имкониятлар очади ва реал наф келтиради. Бу умумий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, автомобиль ва темир йўллари қуриш, табиий ресурсларни ташийдиган қувурлар ўтказиш, минтақавий ва трансминтақавий савдо-сотиқнинг ривожланиши учун қулай шароитлар яратади”.

Сайловолди дастуримизда алоҳида қайд этилганидек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси давлат суверенитети ва мустақиллиги мустаҳкамланишини, мамлакатимизнинг халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги роли ва ўрни янада кучайишини, ривожланган демократик давлатлар сафига қўшилишини, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик алоқалари ўрнатилган ҳудуд ташкил этилишини қўллаб-қувватлайди.

Партия яқин қўшни давлатлар билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат юритаётган давлат сиёсатини маъқуллайди, минтақамиздаги барча муҳим сиёсий, иқтисодий ва экологик муаммоларни ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда конструктив мулоқот ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида ҳал этиш тарафдори.

Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи, фаоллари, аъзолари ва хайрихоҳлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида ўтказилган халқаро конференциядаги нутқини чуқур ўрганиб чиқадилар. Бу эса юқорида қайд этилган дастурий мақсадларимизни амалга оширишда ўз ижобий самарасини беради, албатта.

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

партия фракцияси раҳбари

 

Тинчликка куч билан эришиб бўлмайди was last modified: Апрель 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »