Тўй маросимларини ўтказишда қатъий меъёрлар зарур

9 Март, 17:28 • Фракция, Янгиликлар • 169 марта кўрилди • Комментариев к записи Тўй маросимларини ўтказишда қатъий меъёрлар зарур нет

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда жамиятимизнинг турли соҳаларини ислоҳ қилишга доир бир қатор қонун ҳужжатлари кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масалалар қаторида жорий йилнинг 2 февраль куни матбуотда эълон қилинган Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг халқимизга мурожаати ҳамда ундан келиб чиқадиган вазифалар депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, ушбу мурожаатномада илгари сурилган тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш, тўйдан олдин ва кейин бўладиган керакли-кераксиз тадбирларга, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка бархам беришга оид таклифлар кенг жамоатчиликнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда.

Мурожаатда айтилганидек, кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда ўзини кўз-кўз қилиш, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар кўзга ташланмоқда.

Энг ёмони, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитни бузишга олиб келмоқда.

Одамларимиз ҳаёт тарзи яхшиланиб, жаҳон ҳамжамиятига кўпроқ дахлдорлигимиз ошиб бораётган, ўзбек маданияти, маънавиятини жаҳон халқлари ўқиб, андоза олаётган бир даврда, миллий тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган бу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш ишларида Ватанини севадиган, миллат, оила ғурури ва келажагини ўйлайдиган ҳар бир фуқаро бефарқ бўлмаслиги керак.

Фракция аъзолари бу борадаги муаммоларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш орқали бартараф этиш вақти келганлигини қайд этган ҳолда Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг мурожаатида келтирилган таклифларни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Муҳокамалар давомида “Адолат” СДП дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, депутатлар томонидан тўй маросимларини ўтказишнинг қатъий меъёр ва мезонларини белгилаш ҳамда уни амалга ошириш юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг аниқ механизмларини йўлга қўйиш зарурлиги айтиб ўтилди. Бу борада қонун устуворлигини ўрнатиш жамиятда ижтимоий адолат ва ижтимоий тенглик тамойилларининг қарор топишига, аҳоли орасида кескин табақаланишнинг олди олинишига хизмат қилиши таъкидланди.

Шу билан бирга, халқимизнинг азалий қадрияти саналган тўй маросимларини тартибга солишда, албатта, жойларда ўтказиладиган юзма-юз мулоқотлар давомида оддий аҳолининг ҳам фикр ва таклифларини инобатга олиш зарурлиги қайд этилди. Ўз навбатида тўй-маъракаларни юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказиш, белгиланган меъёрларга қатъий амал қилиш борасида жамоатчилик фикрини шакллантириш ҳамда тарғибот, тушунтириш ишлари самарадорлиги ва таъсирчанлигини янада кучайтиришда ҳар бир депутат масъул эканлиги айтиб ўтилди.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан депутатларнинг партия позициясидан келиб чиқадиган фикр-мулоҳазалари тингланди ва фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати

 

Тўй маросимларини ўтказишда қатъий меъёрлар зарур was last modified: Март 10th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »